Тўй ўтказишда меъёрларга амал қилайлик

6 Март, 15:13 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 273 марта кўрилди • Комментариев к записи Тўй ўтказишда меъёрларга амал қилайлик нет

Бугун юртимизда замон талаблари ўлароқ жамиятимизнинг барча соҳаларида муҳим ўзгаришлар, янгиланишлар амалга оширилмоқда. Шунга мутаносиб равишда одамларнинг фикрлаши, турмуш-тарзи ҳам муайян эврилишларга юз тутмоқда. Ҳатто, глобаллашув таъсирида халқимизга хос қайсидир анъаналар ва қадриятлар унут бўлиб, янги урф-одатлар пайдо бўлаётганига ҳам гувоҳ бўлмоқдамиз.

Аммо, минг йиллар давомида халқимизнинг қон-қонига сингиб кетганга шундай бир ўзгармас қадриятларимиздан бири борки, бу ҳам бўлса тўйлардир. Кексаларимиз ҳар гал дуога қўл очганида аввало элга тинчлик, хотиржамлик, дастурхонга қут-барака тилаши баробарида, албатта, уй эгасини “Топганинг тўйга буюрсин”, “Кўрганинг тўй бўлсин”, деган тилак билдиради.

Аслида бундай тилаклар замирида ҳар кимни ҳам тўйга етказсин, фарзандларининг тўйини кўриш насиб қилсин, деган пурмаъно ҳикмат мужассам.

Шунга қарамай, тўйлардаги дабдабавозлик, исрофгарчилик, шуҳратпарастлик каби иллатлар мана неча ўн йиллардан бери халқимизнинг ўткир муаммоларидан бири бўлиб келаётгани ачинарлидир. Бу ҳақда бундан бир аср муқаддам маърифатпарвар зиёлиларимиз бундай қусурлар миллатимизни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклаётгани, тараққиётимизга тўғаноқ бўлаётгани ҳақида ёзган эди. Бироқ, бу ҳақда қанчалик кўп ёзмайлик, тарғибот қилмайлик тўйлар ҳақидаги бундай ўйлар ҳамон барҳам топгани йўқ.

Аксинча, аҳолнинг моддий ва ижтимоий фарвонлик даражаси йил сайин юксалиб бораётган мамлакатимизда топган бойлигини ортиқча ҳою ҳавасга, дабдабали тўй қилишга сарфлаётган, исрофгарчиликка йўл қўяётган, бу орқали жамиятимиздаги маънавий муҳитга салбий таъсир этиб, оддий одамларнинг ғашини келтираётган фуқаролар сони кўпайса кўпайяптики асло камаймаяпди.

Яқинда матбуот орқали Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг халқимизга мурожаатида ҳам жамоатчилигимизнинг эътибори шу каби муаммолар ва уларнинг ечимига қаратилгани билан кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Ушбу мурожаатда илгари сурилган тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш, тўйдан олдин ва кейин бўладиган керакли-кераксиз тадбирларга, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка бархам беришга оид таклифлар ҳақиқатдан ҳам ижтимоий аҳамиятга эга. Чунки, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, уларнинг қарз ва ғам-ташвиш ботқоғига ботишига сабаб бўлиб, ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Шу боис ушбу мурожаатда ҳар биримизни ўз ҳудудимизда тўй ва маъракалар, оилавий маросим ва бошқа тадбирларнинг ўтказилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўрнатишда фаол иштирок этишга, бу борада тарғибот ва тушунтириш ишлари самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада кучайтиришга чақирилган.

Ҳақиқатдан ҳам, бу масалада ҳар бир фуқаро ёши, жинси ёки ижтимоий ҳолатидан қатъий назар шахсий дахлдорликни ҳис қилмас экан натижага эришиш қийин. Бунда айниқса, биз халқ вакиллари янада масъулият билан ёндашиб, ҳар ойда ўтказиладиган аҳоли билан бевосита мулоқотлар давомида ушбу мурожаатноманинг мазмун-моҳиятини чуқур тушунтириш, бу борада аввало ўзимиз ҳам шахсий намуна бўлишимиз талаб этилади.

Мурожаатномада келтирилганидек, ҳар бир маҳаллада кўпни кўрган, кайвони отахон ва онахонлар бош бўлиб, тўйларни ихчам, камчиқим, замонавий қилиб ўтказиш бўйича меъёр ва мезонларни ишлаб чиқилса ва уларга қатъий амал қилинса жамиятимизда кескин табақаланишнинг олди олиниб, ижтимоий адолат қарор топиши шубҳасиз.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ушбу мурожаатномани тўла қўллаб-қувватлаган ҳолда мамлакатимизда тўй маросимларини ўтказишнинг аниқ меъёр ва мезонларини белгилаб берувчи алоҳида қонун ишлаб чиқиш ҳамда уни кенг жамоатчиликнинг муҳокамасидан ўтказиб қабул қилинса мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайди. Чунончи, бу борада ҳам қонун устуворлиги таъминланса адолат қарор топади, халқимиз биздан рози бўлади.

Мухтасар айтганда, тинч-осойишта юртимизда умргузаронлик қилиб, фарзанд ўстираётган ҳар бир фуқаро миллатимизнинг азалий қадриятлари ва анъаналарини намоён этадиган кўзгу ҳисобланган тўй-маъракаларни юксак маънавий мезонларга муносиб тарзда ўтказишга, белгиланган меъёрларга қатъий амал қилишга масъулдир. Зеро, тўйлар бу шунчаки кўнгилочар базм эмас балки, халқимизни бирлаштирадиган, одамлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қадриятдир.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

 

Тўй ўтказишда меъёрларга амал қилайлик was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »