Туризмни ривожлантириш — долзарб вазифа

2 Март, 18:11 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 162 марта кўрилди • Комментариев к записи Туризмни ривожлантириш — долзарб вазифа нет

Қадимдан юртимизга жаннатмакон дея таъриф берадилар. Мўътадил иқлими, бетакрор табиати, табиий нозу-неъматлари, содда ва самимий халқи билан кишини ўзига тортувчи она диёримизда меҳмон бўлганлар қайта келишни орзу қиладилар.

Ҳар бир вилоятнинг ўзига хослиги, водийнинг сўлим даралари, виқорли тоғлари, воҳаларнинг зумрад қир-адирлари ҳам шу халқимизнинг бебаҳо бойлигидир. Айтиш мумкинки, мамлакатимизда ички ва ташқи туризм соҳасининг гуллаб-яшнаши учун етарлича қулай шарт-шароит мавжуд.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланмоқда. Ташаббуслар қаторида яқинда қабул қилинган Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорлари ҳеч шак-шубҳасиз ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда, фуқароларни ўз маданий-тарихий мероси ҳамда табиий бойликлари билан яқиндан таништиришда самарали омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, жаҳон хўжалигида туризм соҳаси жуда сердаромад соҳалардан бири ҳисобланади. Айнан шу мақсадда кўпгина мамлакатлар мазкур соҳанинг ривожига алоҳида эътибор қаратадилар. Юртимизда туризм индустриясининг юксалтириш орқали ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, ҳамда унинг натижасида ушбу соҳадан келадиган даромад миқдорини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу ислоҳотлар заминида халқимизни, айниқса, ёшларни диёримизнинг ҳар бир гўшасидаги оромбаҳш масканлар, зиёратгоҳлар, муқаддас қадамжолар қадим тарихидан хабардор этмоқ, мавжуд имкониятларимиздан аҳолининг фаровон турмуши йўлида фойдаланмоқ мақсади ётади.

Айниқса, Президентимизнинг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорида ёшларни туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш вазифаси аниқ белгилаб қўйилгани — эндиликда ёш тадбиркорларга ўз бизнесларини ривожлантиришлари учун яна кўплаб имкониятларни тақдим этади. Шу билан бирга мактаб ўқувчилари, ишчилар, нафақа ёшидаги отахон-онахонларимиздан тортиб, жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигига муҳтож бўлган етим болалар, кам таъминланган оилалар фарзандлари, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳам мамлакат бўйлаб саёҳат қилишлари режалаштирилиши бу борада энг эзгу амаллардан бири бўлди.

Бу ислоҳотлар орқали эндиликда ёшларимизнинг туризм деганда кўз олдиларида  чет эллардаги баланд бинолар, ҳашаматли автомашинларгина эмас, аввало буюк тарихимиздан гувоҳлик бериб турувчи Бухоро миноралари, Хива қалъалари, Самарқанд гумбазлари, Марғилон ипаклари, Фарғонанинг саман отлари, Андижон қовунларию, Наманган гуллари гавдаланади. Демакки, келажагимиз ворислари она Ватаннинг қадру қиммати, жонажон элнинг меҳрию, серқуёш маконнинг ҳимматларидан беминнат бахраманд бўлаётганини янада чуқурроқ англаб етади.

Дилмурод ИСМОИЛОВ,

Тошкент тиббиёт академияси

Фарғона  филиали талабаси,

“Ёш адолатчилар қаноти” фаоли

Туризмни ривожлантириш — долзарб вазифа was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »