Урф-одатларга амал қилишда меъёр ва тартибни унутмайлик

6 Март, 18:12 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 168 марта кўрилди • Комментариев к записи Урф-одатларга амал қилишда меъёр ва тартибни унутмайлик нет

Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва “Нуроний” жамғармаси фаолларининг мурожаати кўп миллионли халқимизнинг дилидаги гап, қадимий одатларимизни айрим фуқароларимиз томонидан менсимаслик, маънавиятимизга беписандлик билан қарашларга барҳам беришга қаратилган мурожаат десак, тўғри бўлади. Сабаби, албатта, тўй ва маросимларимиз одамларни жипслаштирадиган, улар ўртасида ўзаро аҳиллик ва меҳр-мурувват туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган халқимизнинг азалий эзгу қадриятларини ўзида мужассам этадиган одатларимиздир. Шу билан биргаликда бундай тадбирлар эл-юртимизнинг маданияти, маънавий савияси даражасини яққол кўрсатувчи омиллардан бири, десак янглишмаймиз.

Мурожаат айтилганидек, кейинги пайтларда тўйлар, оилавий тантаналар, марҳумлар хотирасига бағишланган тадбирларни ўтказишда ўзини кўз-кўз қилиш, ҳаддан зиёд исрофгарчиликка йўл қўйиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби салбий иллатлар кўзга ташланмоқда.

Энг ёмони, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча сарф-харажатлар минглаб оилаларнинг моддий аҳволи ёмонлашувига, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитни бузишга олиб келаётгани ҳам айни ҳақиқат.

Ҳаёт тарзимиздаги каби бу салбий иллатларни, тўй-маъракаларимиздаги исрофгарчиликни ҳали ХХ аср бошидаёқ жадид боболаримиз миллатни маънавий таназзул ва қашшоқликка етаклайдиган иллат экани ҳақида куюниб ёзган эдилар.

Одамларимиз ҳаёт тарзи яхшиланиб, жаҳон ҳамжамиятига кўпроқ дахлдорлигимиз ошиб бораётган, ўзбек маданияти, маънавиятини жаҳон халқлари ўқиб, андоза олаётган бир даврда, миллий тараққиётимизга катта тўсиқ ва ғов бўлиб келаётган бу иллатга барҳам бериш, тўй-маъракаларни ихчам, замонавий кўринишда ўтказиш ишларида ватанини севадиган, миллат, оила ғурури ва келажагини ўйлайдиган ҳар бир фуқаро бефарқ бўлмаслиги керак.

Мазкур урф-одатларимизга амал қилишда меъёр ва тартибни бузган,  ҳаддидан ошган кимсаларни – уларнинг мавқеи ва лавозимидан қатъий назар – маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф этиб, обрў-эътиборли кишилар, имом-хатиблар, кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, маслаҳат бериб, тўғри йўлга солиш, инсофга чақириш ҳам айни эзгу қадриятимиз, маънавиятимизга тўлиқ мос келади.

Ҳурматли онахонларимиз, опа-сингилларимиз ҳам албатта, бу жараёнда бефарқ бўлмасликлари, ўзларининг хонадонларимиздаги, маҳаллаларимиздаги, ижтимоий ҳаётимиздаги мавқеидан фойдаланиб, тўй ва турли маросим ўтказаётган оилаларга кириб, сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, ортиқча орзу-ҳавасга берилиш нафақат оила бюджетига, балки ёш оилалар маънавиятининг негизига ҳам жиддий путур етказишини ҳаётий аниқ мисоллар орқали тушунтириб беришлари ҳам нафақат бугунги кун талаби, балки хотин-қизларимизнинг жамият, Ватан олдидаги бурчи десак тўғри бўлади.

Мурожаатда эътибор қаратилган яна бир масала – бу оилавий тадбирларда хизматга таклиф қилинган санъаткорларнинг бундан кейин қонун ҳужжатларига мувофиқ ўзаро тузилган шартнома асосида хизматга жалб қилинишининг белгиланиши ҳам аввало санъаткорларнинг халқ олдидаги, давлат ва жамият олдидаги масъулиятини оширишга, уларнинг Ватан олдидаги бурчини бажаришларига имконият яратади.

Мухтасар айтганда тўй-маъракаларни ўтказишда биз депутатлар ҳам барча фуқароларимиз, жамоатчилик, маҳалла фаоллари билан биргаликда бу тадбирларни ўтказиш меъёр ва тартибига риоя қилинишини жамоатчилик назоратига олишимиз, аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб боришда фаол бўлишимиз талаб қилинади.

Абдиғани УМИРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Урф-одатларга амал қилишда меъёр ва тартибни унутмайлик was last modified: Март 6th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »