Ўзбекистон-Тожикистон алоқалари кенгаймоқда

7 Март, 14:42 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 96 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон-Тожикистон алоқалари кенгаймоқда нет

Кейинги бир ярим йил мобайнида Ўзбекистон билан Тожикистон  ўртасидаги ўзаро дўстлик муносабатлари ва алоқалари мустаҳкамланиб, янги босқичга кўтарилди. Хусусан, савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича қатор қадамлар қўйилди. Айниқса,  шу йил  март ойининг дастлаьки кунларида ҳар икки мамлакат халқлари ҳаётида унутилмас воқеа рўй берди. Мамлакатимиз ҳудудидаги қардош Тожикистон Республикаси билан чегарадош қатор вилоятларнинг туманларида ҳозирга қадар ёпиқ бўлган назорат-ўтказиш пунктлари яна фаолият кўрсата бошлади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Поп туман кенгашининг раиси Мунира Салоҳиддинова:

– Тожикистоннинг Сўғд вилояти Ашт тумани билан умумий чегарага эгамиз. Азалдан ҳар икки мамлакат аҳолиси билан ўзаро ҳамжиҳатликда ва аҳил яшаб келган. Бир-бирларига қиз олиб, қиз беришган. Минглаб инсонларни ўзаро боғлаб турадиган қариндошлик ришталари мавжуд. Бироқ минг афсуски, сўнгги даврда ўзаро алоқа қилиш имкониятлари деярли йўққа чиқди. Яхши ҳам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан қўшни давлатлар билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган йўл амалга оширила бошланди. Мана бугун ана шу ҳаракатларнинг самарасини кўриб турибмиз.

Бу ўринда гап Ўзбекистон ва Тожикистон Республикалари сарҳадидаги “Поп” назорат ўтказиш масканининг фаолияти тикланганлиги ҳақида кетмоқда. Шу муносабат билан чегара ҳудудида икки қардош халқ вакиллари, вилоятлар ҳокимликлари, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик намояндалари иштирокида тантанали маросим  бўлиб ўтди. У катта байрам тусини олиб, чинакам дўстлик намойишига айланди. Икки давлат байроқлари, гуллар билан безатилган чегара масканида тожикистонлик меҳмонлар карнай-сурнай садолари остида шоду хуррамлик ила кутиб олинди.

Маросимда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Алишер Файзуллаев, Поп тумани ҳокими Аъзамжон Султонов, Сўғд вилояти  раисининг ўринбосари Анвар Ёқубий, Ашт тумани раиси Мирдадо Зариф Мирмуҳаммадий ва бошқалар чегара  пости  фаолиятининг қайта тикланиши азалдан қон-қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланиб кетган ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмоннинг саъй-ҳаракатлари билан янгича асосларда мустаҳкамланаётганлигини таъкидладилар.

Чиндан ҳам халқларимизни асрий анъаналар ва дўстона алоқалар ўзаро боғлаб туради, тарихимиз, динимиз бир, урф-одатларимиз ўхшаш, Навоий, Фирдавсий, Рудакий, Садриддин Айний каби мутафаккирларимиз ўзларининг асарларини икки тил — ўзбек ва тожик тилларида яратганлар ва улар бизнинг умумий бебаҳо маънавий меросимиздир. – Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичда ҳар томонлама ривожлантириш йўлидан бормоқдалар. Савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, транспорт-коммуникация, логистика инфратузилмасини ривожлантириш, маданий — соҳалар бўйича ўзаро манфаатли келишувларга эришилмоқда.

Шу йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи амалга оширилиши кутилмоқда. Матбуот нашрларининг ёзишича, олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, транспорт-коммуникация, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади. Музокаралар якунлари бўйича Президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25 дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, ташриф доирасида ўтказиладиган бизнес-форум ва Ўзбекистон миллий саноат кўргазмасида тижорат шартномалари ва иқтисодиётнинг турли тармоқларидаги кооперацияга оид битимлар имзоланиши кўзда тутилган. Икки мамлакат санъат усталари иштирокида концерт ташкил этилиши ҳам мўлжалланган. Буларнинг барчаси нафақат Ўзбекистон ва Тожикистон, балки бутун Марказий Осиё халқлари манфаатларига хизмат қилиши турган гап.

Фикрларимизни куни кеча матбуотда эълон қилинган яна бир хабар тафсилоти билан якунламоқчи эдик. Унда Тожикистон пойтахти — Душанбеда Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ёдгорликлари ўрнатилиши билдирилган. Шунингдек, мазкур шаҳарнинг Беҳзод кўчасида жойлашган истироҳат боғига Низомиддин Алишер Навоий номи берилиши кўзда тутилмоқда. Булар ҳам халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик яна мустаҳкамланишидан далолат берувчи ўзига хос рамзий белгилардир.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Ўзбекистон-Тожикистон алоқалари кенгаймоқда was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »