Ўзбекистон-Тожикистон: ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси

13 Март, 15:39 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 382 марта кўрилди • 1 комментарий к записи Ўзбекистон-Тожикистон: ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси

Маълумки, Ўзбекистон ва Тожикистон Марказий Осиёдаги бир-бирига чамбарчас боғланган мамлакатлар ҳисобланади. Ўзбек ва тожик халқлари бир-бирига жуда яқин бўлиб, тўй-маросимлари, урф-одатлари, кийимлари, таомлари, куй-қўшиқ ва рақслари айнан бир хил. Икки халқ азалдан бир дарёдан сув ичган, қариндошлик, қуда-андачилик ришталари билан мустаҳкам боғланган. Шу боис, уларни “икки тилда гаплашувчи бир халқ” ҳам дейишади.

Бироқ ўтган даврга назар ташлайдиган бўлсак, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг изчил равишда ривожланишига тўсқинлик қилган омиллар ҳам бўлганлигини биз яқин тарихимиздан яхши биламиз. Шу боис, ўтган йили Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз нутқларининг бирида “20 йиллик қалин муз эритилиши керак. Шундан сўнг конструктив қўшничилик муносабатларини тикласа бўлади. Бу осон иш эмас, бунинг учун муайян вақт талаб этилади», деб бежиз таъкидламаган эди. Дарҳақиқат, ўтган бир йил давомида мамлакатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати туфайли икки мамлакат ўртадаги йиллар давомида йиғилиб қолган гина-кудратлар унутилиб, мавжуд муаммоларни биргаликда ҳал қилиш йўлида жадал ҳаракат бошланди. Қисқа вақт ичида яхши қўшничилик ришталари анча мустаҳкамланди, ўртада конструктив ҳамкорлик муҳити юзага келди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг Тожикистон Республикасига ўтган ҳафтада амалга оширган тарихий ташрифига охирги 1,5 йил давомида пухта тайёргарлик кўрилди. Жумладан, 2016 йилнинг сентябридан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон ва Тожикистон Президентлари тўрт марта самимий учрашувлар, шунингдек, телефон орқали мулоқотлар ўтказдилар. Президентлар ўзаро алоқаларни икки қардош халқ манфаатларидан келиб чиқиб, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш йўлида биргаликда ишлашга тайёр эканини бир неча маротаба қайд этдилар.

2017 йилда Тошкент ва Душанбе шаҳарларида ишбилармон доиралар ўртасида ўзаро алоқаларни кенгайтириш, савдо битимлари ва шартномаларни тузишга асос бўлган миллий кўргазмалар ва бизнес-форумлар ташкил этилди. Икки мамлакат ўртасида автомобиль, темир йўл ва ҳаво қатнови йўналишлари қайта тикланди. Апрель ойида Тошкент ва Душанбе шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилди. 2017 йилда Тожикистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданияти кунлари ва Ўзбекистон Республикасида Тожикистон Республикаси маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилди. Маданият кунлари доирасида махсус фотокўргазмалар, китоблар тақдимоти, бадиий фильмлар намойиши ҳамда санъат ва маданият намояндалари концерти ўзбек ва тожик жамоатчилигига жуда манзур бўлди.

Сўнгги бир йил ичида чегараолди минтақалар ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилди. Масалан, ўтган йилнинг августида мустақиллик байрамимиз арафасида Тожикиситоннинг Турсунзода вилояти ижро ҳокимияти вакиллари Термизда Ўзбекистон мустақиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этишганди. Орадан сал ўтмай, сентябрь ойида Турсунзода шаҳрида Тожикистон мустақиллик кунига бағишланган тантанали тадбирларда Сурхондарё вилояти делегацияси иштирок этди.

Жорий йилнинг 1 март кунидан бошлаб, яъни Президентимизнинг Тожикистонга бевосита ташрифи арафасида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 9 та назорат-ўтиш пунктлари фаолияти қайта йўлга қўйилди. Шунингдек, 8 та автомобиль йўли ҳамда 1 та темир йўл фаолияти ҳам қайта тикланди.

Икки мамлакат ўзаро муносабатларида кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлардан биринчи навбатда, оддий одамлар манфаат кўрмоқда. Айниқса, ўтган ҳафтада Ўзбекистон ва Тожикистон чегарасидаги бир қатор назорат постларининг қайта очилганлиги ўзбек ва тожик жамоатчилиги, хусусан, чегараолди ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ката хурсандчилик билан кутиб олинди. Бундан ташқари, икки давлат ўртасидаги темир йўл ва авиақатновнинг тикланиши ҳам одамлар ҳаётига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ниҳоят, Президентимиз ташриф буюрган 9-10 март кунлари дўстона ва самимий руҳда бўлиб ўтган мулоқот ва учрашувлар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама кенг қамровли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш истиқболлари, шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик қатор масалалар кенг муҳокама қилинди.

Тожик биродарларимизнинг Ш.М.Мирзиёевни қучоқ очиб кутиб олганлиги ҳаммамизни бениҳоя хурсанд қилди. Ёмғир ёғишига қарамай минглаб тожикистонликлар олий мартабали меҳмонни кутиб олишга Душанбе кўчаларига чиққанлиги нафақат Президентимизга, балки бутун ўзбек халқига кўрсатилган самимий ҳурматнинг амалдаги ифодасидир. Мустақил Тожикистон тарихида ҳали бирор бир мамлакат раҳбарига бунчалик даражада иззат-икром кўрсатилганэмас.

Икки томонлама музокаралар натижаси ўлароқ, узоқ муддатли муносабатларнинг ҳуқуқий асосларини янада ривожлантиришга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, икки мамлакат раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси билан Тожикистон Республикаси ўртасида Дўстлик ва яхши қўшниликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги Қўшма баёнот, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартномани имзоладилар. Унда хусусан, икки давлат фуқароларининг 30 кун давомида ҳеч қандай рухсатнома ёки таклифномани тақдим этмаган ҳолда чегарадан ўтиши, қўшни давлатда муайян муддат яшаш ҳуқуқи ўз аксини топди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик изчил ва жадал суръатларда ривожланиб бораётганлигига қарамай (2017 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 240 миллион долларни ташкил этди) маҳсулот айирбошлаш ҳажми мавжуд имкониятлар даражасидан анча пастлиги таъкидланди ва яқин йиллар ичида икки томонлама товар айланмаси ҳажмини истиқболда бир миллиард долларга етказиш учун улкан салоҳият мавжудлиги ва ундан, албатта, фойдаланиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, савдо, иқтисодиёт, инвестиция, молия, транспорт ва транзит, қишлоқ хўжалиги, сув-энергетика, солиқ, божхона, туризм, фан-таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, хавфсизлик ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик ҳамда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришга доир 27 ҳужжат имзоланди. Ушбу ҳужжатлар истиқболда икки мамлакат ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ҳар томонлама ривожлантириш йўлида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Бир сўз билан айтганда, ўзаро манфаатли келишувларга эришишда муҳим қадам бўлган мазкур тарихий ташриф Ўзбекистон – Тожикистон ҳамкорлигини сифат жиҳатдан бутунлай янгибосқичга олиб чиқди. Ташриф нафақат икки мамлакат учун, балки бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўзбекистон ҳамда Тожикистон Президентлари Ш.Мирзиёевва Э.Раҳмон энг мураккаб масалаларни ҳам ўзаро ишонч ва ҳурмат асосида, ўзаро манфаатлар мувозанатини таъминлаган ҳолда ҳал қилиш мумкинлигини амалда исботлаб бердилар.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ушбу ташрифнинг тарихий аҳамияти тўғрисида: “Узоқ танаффусдан сўнг ўзаро муносабатларимизда янги саҳифа очилмоқда. Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийнинг бир-бирига бўлган муносабати – бу бизнинг самимий тарихимиздан мисол. Мен Самарқанд вилояти ҳокими бўлиб ишлаганимда буни тиклашни хоҳлардим, бироқ ўшанда бунга имкониятлар жуда кам эди. Мен бугун очиқ чегаралар, очиқ юрак билан буюк шоирларимизни тараннум этиш учун келдим. Биродарим Имомали Раҳмонга расмий дарвозаларни совға қилдим, биласизми, мен бунга самимий тайёргарлик кўрдим – икки байроқ, икки дарвоза. Бироқ, дарвозалар очиқ, улар ҳеч қачон ёпилмаслигини истайман. Бу тарихий кунлар – 9-10 март – бизнинг янги муносабатларимиз туғилган кун бўлади. Ўзбекистон тақдири – бу Тожикистон тақдири, Тожик халқининг келажаги – бу ўзбек халқининг ҳам келажаги”. – дея алоҳида таъкидлади.

Умуман, мазкур тарихий ташриф икки мамлакат муносабатларида янги саҳифа очди. Эндиги вазифамиз, мамлакатимиз раҳбари ташаббуси ва бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли қайта жонланган ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, икки халқни бир-бирига янада яқинлаштиришдан иборат. Зеро, ўзбек-тожик биродарлиги Марказий Осиёда яхши қўшничилик, тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси,

Олий Мажлиснинг Тожикистон парламенти билан ҳамкорлик гуруҳи аъзоси

Ўзбекистон-Тожикистон: ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси was last modified: Март 15th, 2018 by matbuot

Ўзбекистон-Тожикистон: ўзаро ҳамкорликнинг янги саҳифаси учун битта шарҳ

  1. Eldor:

    juda ajoyib xabar, eng muhimi ikki tomon uchun ham bugungi rivojanish davrining dolzarb kelishuvlari imzolandi .

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »