Ёшлар келажак таянчи ва бунёдкори

13 Март, 16:54 • Партия лойиҳаси, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 140 марта кўрилди • Комментариев к записи Ёшлар келажак таянчи ва бунёдкори нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида партия Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан Тошкент давлат иқтисодиёт университети фаоллар залида “Депутат ёшлар даврасида” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, халқ депутатлари Чилонзор туман Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши масъул ходимлари, “Бунёдкор” футбол клуби мураббий ва футболчилари, университет ўқитувчи-профессорлари ва талабалар иштирок этишди.

Улуғбек САМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Ҳар бир миллатнинг келажагини ёшлар белгилайди. Ёшларга берилаётган эътибор миқёси миллатнинг савиясини, унинг ривожланиш даражаси қандай бўлишини кўрсатади. Шу маънода мамлакатимизда ёшларга эътибор нафақат моддий ва маънавий тарафлама балки, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилаётганлиги билан ҳам ажралиб туради.

Хусусан, Юртбошимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармонига кўра буюк давлат арбоби Соҳибқирон Амир Темурнинг Ватанга садоқат, эл-юртни ардоқлаш, мардлик, фидойилик ва адолатпарварлик каби юксак фазилатлари ёш авлод учун ўрнак бўлиб хизмат қилишини инобатга олиб, республиканинг барча ҳарбий академик лицейларига “Темурбеклар мактаби” номи берилди. Фармонга кўра, ёшларда китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини оширишга қаратилган “Мен севиб ўқиган китоб” ва “Энг яхши китобхон” республика танловлари, “Китоб байрами” ва “Болалар китоблари” анъанавий республика фестиваллари жорий қилинди. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши қошида ёшларнинг хоҳиш ва интилишларидан келиб чиқиб, ёшлар уюшмалари ҳамда ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилиши белгиланди. Айниқса, Юртимизда турли соҳа ва тармоқларда юксак натижа ва ютуқларга эришаётган йигитларни тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” давлат мукофоти, шунингдек, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш, ўқиш, меҳнат ва жамоат ишларида ҳар томонлама фаол иштирок этаётган ёшларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медали таъсис этилиши ёшларнинг янада шижоати ва фидойилигини оширишга хизмат қилади. Муҳим жиҳати шундаки, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёш оилаларни янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг уй-жой ва маиший шароитларини яхшилаш мақсадида 2018-2021 йилларга мўлжалланган Ёшлар уйларини барпо этиш дастури ишлаб чиқилди. Мазкур дастурда барча йирик шаҳарларда – кўп қаватли, қишлоқ туманларида –  1-2 қаватли намунавий лойиҳалар асосида арзон уйлар ёшларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларидан келиб чиқиб қурилиши белгиланди. Бу ислоҳотлар албатта баркамол авлоднинг келажакка бўлган ишончни ошириб, юрт манфаати йўлида хизмат қилишга ундайди.

Муроджон АЛИЕВ, халқ депутаталри Чилонзор туман Кенгаши депутати, “Бунёдкор” футбол клуби бош директори:

— Муҳтарам Президентимиз раҳномолигида амалга оширилаётган давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири ёшларимизни ҳеч кимдан кам бўлмаган инсонлар этиб тарбиялаш, маънавиятини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, таълим-тарбия олиши, саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида ғамҳўрлик кўрсатишга қаратилгандир.

Айниқса, мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил, адолатли, инсон манфаатларига қаратилган сиёсат кўплаб соҳаларда ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. Биргина спорт мисолида айтсак, ўзбек футболида янги давр бошланди. Буни ҳаётга катта куч бўлиб кириб келаётган ёшларимиз исботлаб беришди.

Жорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси энг юксак натижа қайд этиб, олтин медални қўлга киритди.

Эришилган муваффақиятнинг салмоғини, аҳамиятини қуйидагилардан билиш мумкин. Яъни Осиё қитъаси — ҳудуди жиҳатидан ҳам, аҳоли сони бўйича ҳам Ер юзининг энг катта ҳудуди саналади. Бугунги кунда бу ерда салкам 4,5 миллиард киши истиқомат қилади. Мусобақада 16 та терма жамоа иштирок этди. Фақат қатнашчи мамлакатлар аҳолисининг ўзи 1,9 миллиард нафардан ортиқ. Демак, мана шундай катта бир нуфуз орасида Ватан шарафини муносиб ҳимоя қила олиш, мамлакат байроғини баланд кўтариш чинакам матонат, ҳақиқий қаҳрамонликдир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон — ёшлар мамлакати. Навқирон авлод вакилларининг келажакка бўлган ишончи ва интилишлари юртимиз тараққиётининг асосий омилларидан саналади. Олимпиада ҳамда Паралимпия ўйинларидаги оламшумул ғалабалар, боксчиларимиз ва оғир атлетикачиларимизнинг ютуқларидан сўнг энди жамоавий спорт туридаги чемпионликка эришилгани қадамлар қутлуғ келганининг яна бир ифодасидир.

Хусусан, мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, ёшлар ўртасида олимпиада ҳаракатини тарғиб этишдаги фаол иштироки, Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидаги юксак спорт маҳорати ва мардлиги, халқаро спорт майдонларида Ўзбекистоннинг нуфузи ва обрў-эътиборини оширишга қўшган катта ҳиссаси учун 13 нафар Олимпия медаллари соҳиблари мукофотландилар. Жумладан, Руслан Нурудинов — оғир атлетика бўйича терма жамоа аъзоси; бокс бўйича терма жамоа аъзолари Хасанбой Дўсматов, Шахобидин Зоиров ва Фазлиддин Гаибназаровлар юртимиз байроғини баланд кўтариб, олтин медаль соҳиби бўлишди.  Шунингдек, бокс бўйича терма жамоа аъзолари Шахрам Гиясов ва Бектемир Мелиқўзиевлар кумуш медални қўлга киритиб, Ватанимиз фахрига, айниқса ёшлар хавас қиладиган спортчига айланишди. Албатта, истиқлол шарофати туфайли, юртбошимизнинг ёшлар ўртасида спортни оммалаштиришга қаратилган чора-тадбирлари сабабли юртимиз байроғини баланд кўтарувчи кўплаб ёшлар етишиб чиқишда давом этади.

Феруз ЖЎРАЕВ, Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши раис ўринбосари:

— Ёшлар – миллат келажаги, ҳаётимизнинг эртанги давомчилари, мустақил юртимизнинг мустаҳкам таянчларидир. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон «Адолат» СДП “Ёш адолатчилар” қаноти ўз лойиҳалари орқали ёшларни сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий жиҳатдан баркамол инсонлар этиб тарбиялашга ўз ҳиссасини қўшиб, ёшларнинг барча жабҳалардаги ислоҳотларда кенг ва фаол иштирокини таъминлашга эътибор қаратиб келмоқда. Айниқса, ёшларда жамиятда кечаётган ўзгаришларга дахлдорлик ҳисси билан ёндашиш туйғусини шакллантириш, демократик ҳуқуқий давлат, кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш, маънавий жипслашган жамиятни шакллантириш жараёнларида иштирокини кучайтириш юртимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга хизмат қилади.

Шу жиҳатдан, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида!” лойиҳаси доирасида депутат ва ёшлар ўртасида учрашувлар ўтказилмоқда,  “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида иқтидорли ёшлар қўллаб-қувватланиб, уларнинг инновацион ишланмалари ҳаётга жорий этилишида кўмак берилмоқда, “Адолат билимдони” кўрик-танлови орқали ёшларнинг сиёси-ҳуқуқий саводхонлиги оширилиб, билимли ёшлар тақдирланмоқда. Партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида!” лойиҳаси доирасида коллеж-лицей-университет талабалари ўртасида Ватанимизнинг улуғворлигини, буюк мутафаккирларимизни, истиқлол ва жамиятимизда кечаётган ислоҳотларни мадҳ этувчи “Истиқлол шукуҳи” номли иншолар тўплами нашр этилди. Шунингдек, яна бир қатор тадбирларда  ёшларнинг кенг қатламларига дахлдор бўлган долзарб масалалар, айниқса, уюшмаган ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиши учун муносиб шароит яратиш, уларни касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, ташаббусларини рағбатлантириш борасидаги ишлар олиб борилмоқда.

Зеро, салоҳиятли, чуқур билим ва малакага эга ёшларнинг давлат ҳокимиятининг барча жабҳаларида фаол иштирокини таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

матбуот хизмати

Ёшлар келажак таянчи ва бунёдкори was last modified: Март 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »