Замон билан ҳамнафас

3 Март, 15:39 • Муносабат, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 200 марта кўрилди • Комментариев к записи Замон билан ҳамнафас нет

Бугун юртимизда барча соҳалар шиддат билан ривожланиб, замонавийлашиб бормоқда. Шу жумладан ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳаси ҳам аҳоли талаб ва таклифлари асосида янгича механизмларни ўзлаштирмоқда.

Давр талабига мувофиқ, давлат органлари ва аҳоли ўртасидаги мулоқотнинг янги ва қулай усуллари жорий этилмоқдаки, натижада фуқароларга ахборот хизматларини кўрсатиш сифати янада яхшиланиши кутилмоқда. Бу борада Президентимизнинг жорий йил 19 февраль кунги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам мазкур соҳа ривожига қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Қайд этиш лозимки, вилоятимизнинг Сўх, Ёзёвон, Бешариқ каби чекка ҳудудларида телекоммуникация инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, айрим аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари билан тўлиқ таъминланмаган. Бу чегара ҳудудлар аҳолиси ХХI асрнинг энг оламшумул ютуқларидан бири бўлган сифатли мобиль алоқа ва тезкор интернет тармоғидан фойдаланишда қийинчиликларга учраётгани барчамизга аён. Айниқса, давлат ташкилотларининг аксариятида эски тизимдан қолган бюрократизм асоратлари фуқароларни вақтларини тежашда, ахборотни излашда, сақлашда, фойдаланишда, алмашишда, ўзгартиришда кўплаб оворагарчиликларни келтириб чиқараётгани ҳам сир эмас, албатта. Президентимиз томонидан мазкур Фармонда қайд этилган ўзгаришлар қаторида жойларда, айниқса, олис жойларда электрон давлат хизматларини тақдим этиш тизимини янада кенгайтирилиши халқимиз кутган натижали мулоқотга имкон яратади.

Эндиликда Фармон орқали ягона электрон реестрлар ва маълумотлар базаларини, «ягона дарча» тамойили бўйича электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизимларини шакллантиришга ягона технологик ёндашув амалга оширилишини таъминлаш вазифаси давлат ташкилотларининг асосий мақсади ва устувор йўналишлари этиб белгиланиши фуқароларга, айниқса, аҳолининг тадбиркорлар қатламига катта имкониятлар тақдим этади.

Барчамизга маълумки, Сайловолди Дастуримизда мамлакатимиз ахборот-коммуникация технологиялари юқори даражада жорий этилган илғор мамлакатлар қаторига кириши лозимлиги, бундан кейин ҳам АКТни жорий этиш ва ривожлантириш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, фуқароларга интерфаол давлат хизмати кўрсатиш жараёнларига алоҳида эътибор қаратилиши зарурлиги қайд этилган.

Бу борада Фармонда ушбу соҳалар тараққиётига тўсиқ бўлаётган муаммолар ечими ҳам аниқ кўрсатиб берилди, яъни — ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизими IT-технологиялар ривожланишининг тезкор суръатларини ҳисобга олган ҳолда жорий этилиши, бунда хорижий мамлакатларнинг етакчи таълим муассасалари билан самарали мулоқотни ташкил қилиш, етакчи хорижий компаниялар ва таълим муассасаларининг энг яхши амалиёти асосида ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида стратегик ва лойиҳа бошқаруви, менежмент, маркетинг бўйича илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни ташкил қилиш ишлари белгилаб қўйилгани таҳсинга сазовордир.

Лазизбек ТУРАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Учкўприк туман Кенгаши раиси

Замон билан ҳамнафас was last modified: Март 3rd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »