Жамоатчилик фикри ва иштироки муҳим

7 Март, 10:45 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 145 марта кўрилди • Комментариев к записи Жамоатчилик фикри ва иштироки муҳим нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси демократик давлатнинг катта аҳамиятга молик институтларидан бири бўлган жамоатчилик назорати жамият билан давлатнинг самарали мулоқотини таъминлайдиган, фуқароларнинг қизиқишларини, уларнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларга муносабатини аниқлаб борадиган муҳим бўғинга айланиб бораётганлигини эътироф этади. Мана шу нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда жамиятимизда мавжуд ёки юзага келган муаммоларга нисбатан жамоатчилик фикрини шакллантириш ҳамда уларнини изчил бартараф этишда айнан жамоатчилик назаоратидан фойдаланиш кутилган самарага олиб келади деб ҳисоблаймиз.

Биз бугун глобаллашув замонида яшамоқдамиз. Чегаралар шаффофлашган, интеграция кучайган даврда юртдошларимиз дунё кўришмоқда, ўзимизни бошқалар билан, бошқаларни ўзимиз билан солиштириб кўриш, зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўлишган. Дейлик, бугун Туркияда ўтаётган тўй маросимида кўпи билан йигирмата меҳмон иштирок этаётганини ёки Кореядаги никоҳ базми қатнашчилари сони элликдан ошмаётганини, базм дастурхонлари оддийгина эканликларини ўз кўзлари билан кўриб қайтаётганлар қанча. Булар хорижда, уларнинг менталитети бошқа деган важни кўрсатган атфдиримизда ҳам, ўзимизда зиёлиларнинг шунча саъй-ҳаракатларига қарамасдан, тўй-маъракалардаги сарф-харажатлар ошса ошмоқдаки, асло камаймаяпди.

Балки кимдир: “Тўй ёки маъракани қандай  ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши. Қийналса унинг ўзи қийналади, ўзига жабр, бизга нима?” демоқчи бўлаётгандир. Аслида эса масала биз ўйлагандан кўра чуқурроқ. Тўй-маъракаларлардаги исрофгарчилик жамият тараққиётига, фуқаролар маънавиятига, тарбиясига салбий таъсир ўтказмайдими? “Ҳар кимнинг ўз иши” деймиз-у, аммо қовун қовунни кўриб ранг олади-да. Беш қўл баробар эмас. Кимнингдир улкан тўй қилиши, дейлик, унга қўшни яшайдиган камхаржроқ оилаларнинг дилини оғритади. Масаланинг яна бир ёмон томони, бундай тўй-маъракалар  “Мен сендан камми!” мусобақасини авж олдиради. Натижада камтарлик билан “эл қатори” деб айтилаётган тўйлар сарф-харажати шу қадар кўпайиб кетдики, бунча маблағ топшига унча-бунча одамнинг қурби етмай қолаяпти. Бемаъни, ўйлаб топилган русм-русумлар, урф-одатлар эса йилдан-йилга энига ва бўйига шишиб-кенгайиб бормоқда. Натижада тўй қилган одам аксар ҳолларда бўғзига қадар қарзга ботяпти. Бунинг оқибати эса маълум: оилада тўйиб овқат емаслик, икки-уч ҳисса оғир меҳнат, қайси йўл билан бўлса ҳам маблағ топишга берилиш…

Шубҳасиз, тўй кўлами пулнинг сассиғига чидай олмай юрган бойвачча ёки тўй баҳона улкан миқдорда тўёна йиғиб оладиган амалдорга қараб белгиламаслиги лозим. Тўй энг аввало дунёга келаётган янги оила қўрғонининг остонаси. Не-не ширин умидлар, орзулар, ниятлар дебочаси. Бахт кошонасига остонадаёқ кўнгил хиралиги билан кирмаган маъқул. Беш қўл баробар эмас. Жамиятимизда сармояси кўп фуқаролар билан бир қаторда ёрдамга муҳтож оилалар ҳам бор. Кимнингдир улкан тўй қилиши, шу маҳаллада турган камбағалроқ оилаларнинг дилини оғритади…

Шу сабабли ҳам биз тўй- -ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик, исрофгарчиликка йўл қўйилишга, эл-юрт одатлари ва анъаналарини менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби иллатларга буткул қаршимиз. Ҳаётимиздаги бундай салбий иллатларнинг олдини олиш учун ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқиш ва мазкур ҳужжатларда тегишли муассасалар билан қаторда жамоатчилик, нодавлат ташкилотлари, жумладан сиёсий партияларнинг фаол иштирокини таъминлаш лозим деб ўйлаймиз. Энг муҳими эса биз, “Адолат”чилар кўпчилик фуқароларимизнинг фикр-ўйини банд қилган дабдабали тўй-маросимларнинг аслида  жамиятимиз тараққиётига тўсиқ бўлаётган ўта зарарли, аллақачон ҳаётимиздан чиқавриб ташлашимиз лозим бўлган урф эканлиги борасида жамоатчилик фикрини шакллантиришга ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Ана шундагина бу иллатни таг-туги, илдизи билан қўпориб ташлаш осон кечади.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон «Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Жамоатчилик фикри ва иштироки муҳим was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »