Жонингдан айланай, Наврўз!

7 Март, 16:18 • Андижон вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 105 марта кўрилди • Комментариев к записи Жонингдан айланай, Наврўз! нет

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бу йилги Наврўз байрамини ҳар йилгидан ўзгача нишонлаш ҳақида қарор қабул қилди. «Азиз Ватандошлар ҳар кунингиз Наврўз бўлсин!» деган ғояни ўзида мужассам этиш тамойилининг илгари сурилганлиги халқимизнинг яратувчанлик кайфияти билан уйғунлашиб кетди.

Ҳа, миллатнинг жон-жонига сингиб кетган Наврўзни бир пайтлар эскилик сарқити, деб йўқ қилмоқчи бўлгандилар. Шоир Мущаммад Юсуф бу воқеани жуда таъсирли таъриф этган:

Наврўзда наврўзни кўминг, дейишди,

Кўминг ва сукутга чўминг, дейишди.

Эскилик сарқити, асли бу сайил,

Эй, ғофил бандаи мўмин, дейишди.

Тилларимизга тош осилгандай жим турдик, ўшанда. Ҳеч кимса «Нима деяпсиз, ахир ота-боболар табиатнинг уйғонишини байрам қилиб, дуолар ўқиб кутиб олишган. Бунинг нимаси ёмон?» деёлмади.

Хўш кейин не бўлди, дерсиз, кейинчи?

Мўътабар саҳнадан тушди «ўйинчи».

Қайга ғойиб бўлди Худо билади,

Ўша худосизни излаб кўринг-чи…

Ҳаёт саҳнасида не-не даҳолар ўтиб кетдилар. Аммо Наврўз яна яшайверди. Мустақиллик туфайли яна омонликка эришган улуғ байрам яшаргандан яшармоқда. Кўнгилларга хотиржамлик, янги кунга иштиёқ, муҳаббат ва ҳарорат баҳш этиб келмоқда. Халқимиз бунёдкорлик, фаровонлик сари шу қадар тез одимлаяпти-ки, гўё ҳар кунимиз Наврўз дейсиз.

Азал-азалдан табиатга яқинлик, уни севиш, ардоқлаш, ҳар бир гулга, ҳар бир дарахтга меҳр бериш қонимизда бор. Бу йил ҳамма Наврўзни табиат қўйнида сайллар, урф-одатлар, қадриятлар мужассамлашган тантаналар билан кутиб оладилар. Кураш, аския, лапар, айтишувлар қизиган давралар ёшу қарини бирлаштиради. Кўнгли яримлар, ногиронлар ҳолидан хабар олиниб, моддий кўмаклар берилади. Шундай гўзал удумларни ўзида жамлаган Наврўзни севмай бўладими? Нафақат табиатни, юртни обод қилгувчи балки кўнгилларни-да шод қилгувчи айёмимиз боқий бўлсин! Асрлар оша, йиллар оша авлодларни авлодларга боғлаб тургувчи муқаддас байрамимизга кўз тегмасин.

Жонингдан айланай, Наврўз, кел энди,

Қирқ йил қирқинда ҳам омон қолганим.

Мен сени ҳеч кимга бермайман энди,

Ялмоғиз қўйнидан тортиб олганим.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари ҳам Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги қароридан келиб чиқиб, Наврўз байрамига тайёргарлик бўйича алоҳида чора-тадбир ишлаб чиқди. Тараддуд ишлари “Тозалик йўлида бирлашайлик!” лойиҳаси доирасидаги ҳашарлар билан бошланди. Чунки обод юртга байрамлар ярашади.

                                       Муҳаббат ОТАМИРЗАЕВА,

           Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят Кенгаши иш юритувчиси

 

 

 

Жонингдан айланай, Наврўз! was last modified: Март 7th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »