14 та юридик коллеж битирувчилари ТДЮУга тест имтиҳонларисиз киришлари мумкин

17 Апрель, 09:25 • Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 314 марта кўрилди • Комментариев к записи 14 та юридик коллеж битирувчилари ТДЮУга тест имтиҳонларисиз киришлари мумкин нет

Президентнинг 13.04.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3666-сон қарори эълон қилинди.

Вазирлик тизимида Тошкент шаҳрини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатнинг ҳар бир ҳудудида биттадан – 14 юридик коллеж ташкил этилди. Улар бошқа 13 та коллеж ва 1 та академик лицей базасида ташкил этилмоқда (солиштирма жадвал – бу ерда).

Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур таълим муассасаларининг директорлари этиб Қорақалпоғистон адлия вазири ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари раҳбарлари тайинланади.

Мазкур юридик коллежлар қуйидаги 7 та ихтисослик бўйича кадрларни тайёрлайди:

  • давлат хизматлари бўйича юрист;
  • кадрлар масалалари бўйича юрист;
  • аграр секторда юрист;
  • шартнома масалалари бўйича юрист;
  • нотариат бўйича юрист;
  • адвокатура бўйича юрист;
  • ижро жараёни бўйича юрист.

Ушбу рўйхат меҳнат бозори эҳтиёжларидан келиб чиқиб, адлия вазири томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирги вақтда ўрта махсус юридик касб-ҳунар маълумотига эга бўлган шахслар адвокатнотариусюрисконсульт ёрдамчиси, шунингдек давлат ижрочисикадрлар бўйича инспекторрухсатномалар бюроси инспекториархивариусиш юритувчииш юритувчи котиба ва бошқа лавозимларда ишлаши мумкин. Қонун ҳужжатларидаги сўнгги ўзгаришлар натижасида ушбу рўйхат кенгайтирилди.

Мазкур юридик коллежларга қабул танлов асосида амалга оширилади. Квота Адлия вазирлиги томонидан белгиланади.

Маълумот учун: Президентнинг 26.01.2018 йилдаги ПФ–5313-сон Фармони билан 2019/2020 ўқув йилидан касб-ҳунар коллежларига фақат 11-синф битирувчилари қабул қилиниши белгиланган. Президентнинг 3.02.2018 йилдаги ПҚ–3504-сон қарори билан белгиланишича, коллежларда ўқиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади. Шунингдек минтақаларда 3 йил ишлаб бериш шарти билан давлат грантлари асосида ўқитилади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб Адлия вазирлигининг юридик коллежлари битирувчилари ҳудудий адлия органларининг йўлланмалари бўйича Тошкент давлат юридик университетига киришлари мумкин, бунда бакалаврларни тайёрлаш махсус 3 йиллик дастури бўйича ўқитиш билан ва таълимни якунлагач, тақсимотга мувофиқ 3 йил давомида узлуксиз ишлаб бериш тўғрисидаги мажбуриятни олган ҳолда, кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбатлашув орқали қабул амалга оширилади.

Бу – муҳим! Адлия вазирлиги тузилмасига кирмайдиган коллежлар битирувчилари бундай имтиёзга эга бўлмайдилар. Масалан, 2-Тошкент юридик коллежи ўқувчилари.

Ҳужжатда бундай таълим тўлов-контракт тартибида ёки давлат грантлари асосида ўтказилиши очиқ-ойдин таъкидлаб ўтилмаган. Шунингдек суҳбатлашув ким томонидан ва қандай тартибда ўтказилиши, ушбу янгиликнинг «оддий» квоталар ва «суперконтракт» квоталарига таъсири баён қилинмаган. Мазкур масалалар Президент қарори ижроси юзасидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси 2 ой муддатда ишлаб чиқилади) тартибга солинади.

Изоҳ: Юридик коллежга қайта ташкил этиладиган таълим муассасаларининг 3-курс ўқувчилари таълимни ўша ерда тугатадилар, лекин улар яқин атрофда жойлашган коллеж ва лицейлар контингентига киритилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда у ердаги педагог ходимларни мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш вазифаси топширилди.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 4.04.2018 йилдан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Манба: Norma.uz

14 та юридик коллеж битирувчилари ТДЮУга тест имтиҳонларисиз киришлари мумкин was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »