2017 – 2018 ўқув йили учун абитуриентларга батафсил маълумот берилди

16 Апрель, 14:19 • Фарғона вилояти, Янгиликлар • 222 марта кўрилди • Комментариев к записи 2017 – 2018 ўқув йили учун абитуриентларга батафсил маълумот берилди нет

Муқимий номидаги Қўқон Давлат педагогика институтида Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўқон шаҳар партия Кенгаши ҳамкорлигида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчилари учун “очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Маълумки, мазкур олий таълим муассасасида 8 та (физика, математика, педагогика, мактабгача ва бошланғич таълим, ўзбек тили ва адабиёти, чет тиллари, табиий фанлар, тарих, жисмоний маданият) факулътет мавжуд бўлиб, ҳозирги кунда 20 та таълим йўналишлари бўйича 5062 нафар бакалаврлар, 8 та магистратура мутахассисликлари бўйича 77 нафар магистрлар таълим олмоқда.

Тадбир доирасида қабул комиссияси вакиллари томонидан институт фаолияти ва 2017 – 2018 ўқув йили учун қабул жараёни режаси ҳақида 148 нафар абитуриентларга батафсил маълумот берилди. Шунингдек, институт ҳудуди бўйлаб саёҳат уюштирилиб, меҳмонлар эътиборига вилоят партия Кенгаши раиси Марифжон Холдаров, Қўқон шаҳар парти Кенгаши раиси Бахтиёр Ходжаев, партиянинг Қўқон шаҳар Кенгашидаги депутатлик гуруҳи аъзолари иштирокида партиянинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳасидан ўрин олган талабаларнинг педагогика ва методика бўйича инновацион ишланмалари кўргазмаси ҳам намойиш этилди.

Абитуриентлар институт талабаларининг бошланғич таълим, мактабгача таълим соҳаларида ишлаб чиққан инновацион ўқув ишланмалари билан танишар эканлар, уларда ушбу йўналишларга бўлган қизиқиш янада ортди.

Фаррух Исақов, коллеж битирувчиси, абитуриент:

“Талабалар олиб бораётган илмий изланишлар, мақолалар ва улар томонидан ишлаб чиқилган янги усулларда дарс ўтиш бўйича қўлланмалар билан танишар эканмиз, улар ичида менга педагогика факультети талабалари тайёрлаган дарс ишланмаси жуда ёқди. Бунда ўқувчиларга мавзуни тушунтиришда ўқитувчининг чет тилларидан ҳам фойдаланиши, ўқувчиларни дарсдан олган хулосалари, тасаввурлари ва ўз тушунчалари бўйича расм чизишга ҳам жалб этиши мен учун янгилик бўлди. Менимча, шу усулда ўтган дарс болалар учун жуда қизиқарли бўлса керак.”

Шунингдек, тадбирда битирувчилар учун профессор-ўқитувчилар томонидан институтда мавжуд барча таълим йўналишлари бўйича эркин тарздаги очиқ дарслар ҳам ташкил этилди. Устоз-профессорлар машғулотларида оз муддат тингловчи бўлишга муяссар бўлган ёшларда талаба бўлиш иштиёқи янада кучайди.

Куннинг иккинчи ярмида талабалар ва партиянинг Қўқон шаҳар Кенгаши “Ёш адолатчилар” қанотининг иқтидорли йигит-қизлари томонидан институт тўғрисида маълумот берувчи тақдимотлар, талабаларнинг қизиқарли ҳаётини акс эттирган бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари, куй-қўшиқ ва рақслар ҳам намойиш этилди.

Шу куни абитуриентларда катта таассурот қолдирган “очиқ эшиклар куни” уларнинг талаба бўлишлари учун янада кўпроқ билим, янгиликсеварлик, изланувчанлик ва фаоллик зарур эканлигини англатди.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

2017 – 2018 ўқув йили учун абитуриентларга батафсил маълумот берилди was last modified: Апрель 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »