Депутатга айтилган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда

2 Апрель, 18:23 • Депутатлик гуруҳи, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 78 марта кўрилди • Комментариев к записи Депутатга айтилган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда нет

Маълумки, жорий йилнинг 23 -31 март кунлари вилоятимизда хизмат сафарида бўлган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, бу борада депутатлар олдида турган энг муҳим вазифаларни ҳал этиш масалалари юзасидан назорат–таҳлил фаолиятини олиб бормоқдалар.

Жумладан, ушбу гуруҳлардан бирига раҳбарлик қилаётган партиямизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутати Умид Сулаймонов шу кунларда сайловчилар мурожаатлари юзасидан Учкўприк туманида бир қатор ўрганишлар ва учрашувларни амалга оширди. Аҳоли билан ўтказилган учрашувлар, маҳаллаларда хонадонма-хонадон юриб, фуқароларнинг ҳақиқий ижтимоий ҳолати, маънавий муҳитини ўрганиш натижасида кўпгина мурожаатлар жойида ижобий бартараф этилди.

Масалан, Учкўприк туманидаги “Янгиқишлоқ” қишлоғида яшовчи тадбиркор — Исмоилов Исломжоннинг “Янгиқишлоқ” маҳалласи эски биноси ўрнига давлат шерикчилиги асосдаги хусусий боғча қуриш бўйича билдирган мурожаати ўз ечимини топиб, мактабгача таълим муассасаси ташкил этиш учун манзилли дастур тайёрланди ва вилоят молия бошқармасига тақдим этилди. Тез муддатда Қўқон “Универсалбанк” томонидан кредит маблағлари ажратилиши бўйича ҳужжатлар тайёрланди. Шу билан бирга, тумандаги “Ҳасанқора” маҳалласи, “Булоқбоши” кўчаси, 38-уйда яшовчи фуқаро, боқувчисини йўқотган Камолова Сорахон газ баллон билан таъминлашларини сўради ва депутатлик назорати натижасида шу куниёқ у туман газ идораси томонидан газ баллони билан таъминланиб, газ плитасига ҳам улаб берилди. Худди шу хонадонларни суюлтирилган газ баллони билан таъминлаш, уларни ўз вақтида тўлдириш, тарқатиш масалада ишчи гуруҳга юздан ортиқ мурожаатлар билдирилди ва улар ҳам ўша жойнинг ўзида фуқаролар фойдасига ҳал этилди. Яна шу маҳалладаги фуқаро Неъматова Гулчеҳрахон ўт пуфаги соҳасида муаммо борлиги, қандли диабет касаллигига чалингани, бемор шу кунларда реаблитация марказида ётиб даволаниши учун ёрдам сўраб мурожаат қилди. Беморга туман тиббиёт бирлашмаси томонидан йўлланма ажратилиб, унинг ҳам мурожаати ижобий қондирилди. “Яккамулла” маҳалласи, “Саланг” қишлоғи, “Сой бўйи” кўчасида яшовчи фуқаро — камқонлик ва буйрак ҳасталиги билан касалланган Назирова Насибахон ҳам шу мазмундаги мурожаатига асосан, 26 март куни туман шифохонасига ётқизилди. Шунингдек, учрашувлардан бирида “Cултон” маҳалласи, “Боғишамол” кўчаси, 24-уйда яшовчи фуқаро Нумонов Ахаджон шу маҳаллада мактабгача таълим муассасаси қурилиши масаласини кўтарди. Ушбу масала ҳам жойида ўрганиб чиқилганда, маҳалладаги 412 нафар боғча ёшидаги болалардан 30 нафари 1,5 км масофадаги 110 ўринли 26-сонли болалар боғчасига қатнаётганлиги, яна 380 нафар болалар мактабгача таълим муассасасига муҳтож эканлиги аниқланди. Бу масаланинг тадбиркор томонидан режалаштирилган лойиҳалари, хусусий мактабгача таълим муассасасига мос ер ҳудуди ажратилиши, молиялаштириш томонлари ҳам айни кунларда мутасаддилар томонидан пухта ўрганилмоқда. Юқоридаги фуқаролар мурожаатларини бартараф этишдан ташқари депутатимиз Умид Сулаймонов туманда ўз меҳнати, ғайрати билан кўпгина хонадонларга ўрнак кўрсатаётган иссиқхона ташкил этиб, лимонлар етиштираётган оилавий тадбиркорлар (Назиров Рустамжон, Қодиров Ҳалимжон) билан ҳам учрашди. Улар билан яқиндан суҳбатлашиб, томорқа парвариши натижасида олинаётган йиллик даромад, ҳосилдорликни янада ошириш, қўшимча ишчи ўринлар яратиш хусусида таклифларини ўрганди. Шунингдек, туманда фермерликнинг янги йўналишига қўл урган, туячилик билан шуғулланиб, шифобахш туя сути, туя гўшти, юнг — тери етиштиришни мақсад қилган фермер хонадонида бўлиб, (А.Ҳакимов) унинг тажрибаси, ютуқлари ва муаммолари, таклиф-тавсиялари билан қизиқди. Унинг фаолияти тадбикорликни йўлга қўймоқчи бўлган ёш фермерларга тадбиқ қилинди.

Аҳоли билан очиқ мулоқотлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати У.Сулаймоновга маҳаллаларда тоза ичимлик суви таъминоти, қишлоқларда жойлашган умумтаълим мактабларида иситиш тизими, ёш оилаларнинг тадбикорлик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредит олиш, ногиронлик аравачалари ажратилиши каби масалаларда элликдан ортиқ мурожаатлар билдирилди ва бу бўйича депутат тумандаги маҳаллий ташкилотларнинг мансабдор шахсларига депутатлик сўровлари киритди. Эндиликда ушбу масалалар ҳам бирин-кетин тегишли қонуний меъёрлар билан ўз ечимини топмоқда. Фуқароларимиз ўз манфаатлари тобора рўёбга чиқаётгани учун депутатдан ва ишчи гуруҳнинг самарали фаолиятидан мамнун бўлмоқдалар. Айни чоғда эса гуруҳ аъзолари вилоятимизнинг туман-шаҳарларда ўз ишини шиддат билан давом эттирмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Депутатга айтилган мурожаатлар ижобий ечим топмоқда was last modified: Апрель 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »