Фармон телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантирмоқда

16 Апрель, 10:46 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 69 марта кўрилди • Комментариев к записи Фармон телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантирмоқда нет

Ахборот технологиялари маҳсули бўлмиш “сотка” ихтиро қилинганида кўпчилик унинг истиқболига иккиланиб, шубҳа билан қараган эди. Йиллар ўтиб, “сотка”нинг қулайлиги эвазига одамлар исталган жойда мулоқот қила олишгани ва ёнида олиб юриши мумкинлиги туфайли бу мобиль телефони ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Худди шундай бугун ахборот технологиялари ва коммуникациялари жамият ҳаётига шиддат билан кириб келмоқда ва ўз таъсирини тобора кенгроқ кўрсатмоқда. Мен бир неча йилдирки, инновацион ғоялар устида илмий изланишлар олиб бораман. Очиғи, тизимга бугун жуда катта эътибор қаратилаётир. Айниқса, қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари яратиш устида институтимизда “Адолат” СДП фаоллари 2-босқич доктаранти Хайрулла Давланов бошчилигида кенг кўламли ишлар олиб борилаяпти.

Мен, аввало давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларни назарда тутаяпман, албатта.

Мамлакатимиз тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу Фармон туфайли соҳада тўпланиб қолган бир қатор тизимли муаммо ва камчиликлар аста-секин барҳам топа бошлади. Жумладан, Президентимиз Фармонида алоҳида эътироф этилганидек, ҳақиқатдан ҳам мамлакатмизнинг олис қишлоқларида телекоммуникация тармоқлари қониқарли эмас. Мобиль алоқа ва интернет тармоғининг сифати аҳоли талабига жавоб бермайди. Давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарлари томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифати ва тезкорлигини ошириш, қоғоз, ҳужжат айланишини камайтириш мақсадида ахборот технологиялари ва коммуникация тармоқларидан кенгроқ фойдаланишга етарлича эътибор берилмаётганди. Почта алоқа хизматлари ва логистика тизимини аллақачон модернизация қилиш лозим эди. Бундан ташқари, электрон ҳукумат, электрон тижорат, электрон давлат хизматлари кўрсатиш тизими, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида илгари сураётганидек, уларнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга етарли эътибор берилмаётганди.

Муҳтарам Президентимиз ахборот технологиялари соҳасида бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида бирмунча ҳаётий вазифаларни илгари сурдилар.

Хусусан, Фармонда бундан буён мутасадди вазирлик ва идоралар масъулларига телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириб, мижозларнинг сифатли мобиль алоқа, интернет тармоғидан кенг доирада фойдаланишини таъминлаш сира кечиктириб бўлмайдиган вазифа эканлиги белгилаб қўйилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим, коммунал хизмат кўрсатиш, туризм соҳасида замонавий ахборот тизимлари, дастурий маҳсулотлар ва маълумотлар ва базаларини жорий қилиш, “ақлли” ва “хавфсиз” шаҳарлар ҳамда ҳудудларни ташкил қилиш, давлат-хусусий шериклик асосида инновацион лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида урғу бериб ўтилган. Айниқса, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиалларида 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий этилаётгани ҳам соҳа ривожини таъминлашда катта қадамдир.

Дарвоқе, Президентимиз фармони асосида соҳа тараққий топса, барчамиз учун кенг имкониятлар эшиги очилади. Масалан, бетакрор юртимизнинг бирор шаҳрига саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, интернет тармоғидан фойдаланиб, самолёт ёки поезд, транспортга эркин, яъни ўз уйингизда туриб чипта сотиб олишингиз мумкин бўлади. Иккинчидан эса, ўзингизга ёққан меҳмонхонадан олдиндан жой олиб қўйишингиз, мазмунли саёҳат ва мароқли дам олишингиз учун барча маданий-маиший хизматлардан ҳам бохабар бўлиб, фойдаланишингиз мумкин.

Мен бир партия фаоли сифатида ҳурматли Президентимизнинг ушбу Фармонларида алоҳида кўрсатиб ўтилган вазифаларни бекаму-кўст адо этиш тарафдориман. Фақатгина, ёш авлодга замонавий таълим бериш билан бирга уларни умуминсоний ва миллий қадриятлар, юксак инсоний фазилатлар руҳида тарбиялаш, онги ва қалбини мафкуравий, маънавий ва ахборот таҳдидларидан ҳамда паст савиядаги “оммавий маданият” таъсиридан ишончли ҳимоя қилиш, уларда маънавий “иммунитет”ни шакллантириш доимо диққат марказида бўлмоғи шарт, деб ўйлайман. Бундан ташқари, агар зарурат туғилса, таълим муассасаларининг ички тартиб қоидаларини такомиллаштириш, уларни ўқувчи ва талабалар маънавиятини шакллантиришга таъсир қилувчи омиллар нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқиш муҳим ҳисобланади. Шуни унутмаслик керакки, мобиль телефонлари, биринчи навбатда, ўқувчи ва талабаларни дарсдан чалғитувчи восита эканлигини инобатга олиб, таълим муассасаларида  ундан фойдаланиш тартибини янгича шакл ва усулда жорий қилиш мақсадга мувофиқ.

Умуман олганда, халқ хўжалигининг барча тармоқларида юртбошимиз Фармони талаблари асосида ишлар  кўнгилдагидек ташкил этилса, мустақил Ўзбекистон дунёдаги ривожланган давлатлар қаторидан жой олади. Бунга асло шубҳа йўқ.

Ғулом УЗОҚОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт

институтининг илмий ишлар бўйича проректори,

техника фанлари доктори,

Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзоси

Фармон телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантирмоқда was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »