Лицейда имтиёзли овқатлантириш: механизм тасдиқланди

11 Апрель, 17:27 • Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 116 марта кўрилди • Комментариев к записи Лицейда имтиёзли овқатлантириш: механизм тасдиқланди нет

Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги ва Молия вазирлигининг қарори билан (рўйхат рақами 2993, 5.04.2018 йил) Академик лицейларда имтиёзли овқатлантиришни ташкил қилиш ҳамда харажатларини қисман қоплаш учун ота-оналар тўловини тўлаш тартиби тўғрисидаги низомтасдиқланди.

Тасдиқланган талаблар идоравий буйсунувидан қатъий назар барча академик лицейларга нисбатан татбиқ этилади, бюджетдан маблағ олувчи ҳисобланмайдиган ва қонун ҳужжатлари билан алоҳида тартиб ўрнатилган академик лицейлар бундан мустасно.

Ким имтиёзли овқатланиши мумкин 

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан имтиёзли уч маҳал овқатлантириш академик лицейлардан узоқ жойлашган ҳудудлардан қабул қилинган ўқувчилар (доимий яшаш жойи бошқа туманда (шаҳарда) бўлган, академик лицей ётоқхонасида яшайдиган ёки бошқа турар жойларда ижара асосида яшайдиган ўқувчилар) учун ташкил этилади. Бунда харажатлар уларнинг ота-оналари ҳисобидан ҳар ойда ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида қисман қопланади.

Ижара асосида яшайдиган ўқувчилар ота-оналарининг мурожаатларига асосан ҳар ойда ЭКИҲнинг 50%и микдорида харажатлар қисман копланган ҳолда фақат тушликда овқатлантириш ташкил этилади.

Бир ўқувчи учун кунлик уч маҳал овқатлантириш харажати ота-оналар тўловини қўшиб ҳисоблаганда белгиланган ЭКИҲнинг 10%игача миқдорда белгиланади ва қуйидаги тарзда тақсимланади:

  • эрталабки нонушта учун – кунлик харажатнинг 20%идан;
  • тушлик учун — кунлик харажатнинг 45%идан;
  • кечки овқат учун — кунлик харажатнинг 35%идан ошмаган ҳолда амалга оширилади.

Имтиёзли овқатлантириш қандай ташкил этилади 

Академик лицейларда имтиёзли овқатлантиришни ташкил этиш амалдаги низомга асосан амалга оширилади. Лицей ва юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор (кейинги ўринларда – таъминотчи) ўртасида тегишли шартнома тузилади.

Имтиёзли овқатлантириш учун ҳар бир ўқувчига курси, гуруҳи ва амал қилиш муддати кўрсатилган, сурати туширилган, директор имзоси ва муҳри билан тасдиқланган карточка берилади. Карточкани бошқа шахсга бериш тақиқланади. Карточкалар лицей директори томонидан тасдиқланган рўйхат асосида ўқув йилининг 10 сентябрига қадар топширилади. Йил давомида директор буйруғи билан рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Ижара асосида яшайдиган ўқувчилар рўйхатга киритилиши учун тасдиқловчи ҳужжат тақдим этишлари даркор.

Имтиёзли овқатлантириш карточкасини олган ўқувчиларнинг рўйхати уларнинг Ф.И.О., гуруҳи, шахсий тартиб рақами кўрсатилган ҳолда махсус журналга кайд қилинади. Журналнинг бетлари изчил рақамланган, ип ўтказилиб тикилган ҳамда имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим. Журнал таъминотчига (масъул ошпазга) тақдим этилади. Журнал ҳар бир ой учун алоҳида юритилади. Жорий ой якунлангандан сўнг журнал лицейнинг бухгалтериясига 3 кунлик муддатда топширилади.

Таъминотчи (масъул ошпаз) имтиёзли овқатлантириш карточкасини кўрсатган ўқувчиларга журналга тегишли белги қўйган ҳолда уларнинг имтиёзли овқатлантирилишини ташкил этади. Кун якунида журналдаги маълумотларга асосан кунда бажарилган ишлар далолатномаси тузилиб, лицей бухгалтериясига тақдим этилади. Маъмурият билан келишилган ҳолда ҳисоб-фактура таъминотчи томонидан ҳар куни, ҳар ҳафтада ёки ҳар ойда тақдим этилиши мумкин.

Имтиёзли овқатлантириш учун ота-оналар тўлови қандай тўланади

Ота-оналар тўлови ота-оналар билан лицей ўртасида тузилган шартномага асосан ҳар ойнинг 10 санасидан кечиктирмасдан тўланади. Тўлов шакли турлича: нақд пул, пластик карта орқали ёки пул ўтказиш йўли билан. Овқатлантириш учун тўловни ҳисоблаш ва ҳар бир ўқувчига нисбатан уни ҳисобга олиш лицей бухгалтерияси томонидан амалга оширилади. Агар ўқувчи касаллиги ёки бошқа сабаб туфайли кетма-кет уч кундан ортиқ имтиёзли овқатлантиришдан фойдаланмаган тақдирда ота-оналар тўлови жорий ойда ёки агар у тўланган бўлса, кейинги ойда камаяди. Бунда касаллик тиббиёт муассасасининг маълумотномаси билан тасдиқланади. Ўқувчи сабабсиз келмаган ҳолларда, шунингдек, академик лицейнинг ички тартиб-қоидаларини бузиши ёки бошқа ҳуқуқбузарлик қилиши натижасида ўқишдан четлатилганда, ота-оналар тўлови қайтарилмайди.

Имтиёзли овқатлантириш учун олинган ота-оналар тўлови ва бюджет маблағларидан белгиланмаган мақсадда фойдаланиш тақиқланади.

Бунинг учун жавобгарлик лицей директори ва бош бухгалтери зиммасига юклатилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 6.07.2018 йилда кучга киради.  

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.


Манба: Norma.uz

Лицейда имтиёзли овқатлантириш: механизм тасдиқланди was last modified: Апрель 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »