Маънавиятга, адабиётга эътиборнинг ёрқин намунаси

21 Апрель, 15:19 • Муносабат, Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 177 марта кўрилди • Комментариев к записи Маънавиятга, адабиётга эътиборнинг ёрқин намунаси нет

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори маънавиятга, адабиётга эътиборнинг ёрқин намунаси, соҳада янги босқични бошлаб берувчи тарихий ҳужжат бўлди. Чунки бу қарор 80 йиллик тарихга эга бўлган нуфузли ижодий уюшма ҳаётида янги даврни бошлаб бермоқда.

Албатта, бунгача ҳам соҳада талай ишлар амалга оширилди. Яъни уюшманинг “Дўрмон” ижод уйи ва поликлиникаси реконструкция қилинди, уюшма қошида “Ижод” фонди тузилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси ва раҳнамолигида пойтахтимиз марказида Адиблар хиёбони ташкил этилди, уюшма ва унинг нашрлари учун янги кошона барпо этилди.

Мазкур тарихий қарор юртимизнинг барча гўшаларига, ёзувчи шоирларимизнинг юрагига кириб борди, десам муболаға бўлмайди.

Ушбу қарор уюшма фаолиятини атрофлича қамраб олиб, уни янада ривожлантиришга қаратилгани билан бағоят аҳамиятлидир. Аввало, қарорда таъкидланган вазифалар Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўрсатилган “Давлат — маънавиятнинг бош ҳомийси” тамойили асосида белгилаб берилган.

Қарорда ижодкорларимизнинг юксак бадиий асарлар яратишга рағбатлантириш, уюшма аъзоларининг моддий ва маънавий манфаатларини, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама шароит яратиб бериш, машаққатли моддий меҳнатини адолатли баҳолаш кўзда тутилган. Шунингдек, ташкилотга аъзоликка қабул қилиш бўйича замонавий ва таъсирчан мезонларни белгилаш, кекса авлод вакилларининг ижодий салоҳияти ва маҳоратидан ёшларни кенг баҳраманд этиш, ёшлар иқтидорини рўёбга чиқариш учун инновацион усуллардан фойдаланиш лозимлиги белгиланган.

Уюшма томонидан дунё адабиётининг энг яхши намуналарини ўзбек тилига таржима қилиш ва чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётимизнинг энг сара намуналарини хорижий тилларга ўгириш ва чет элларда тарғиб этиш тизимини яратиш, ўзбек тилидаги интернет адабиётини шакллантириш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш белгиланмоқда.

Амалдаги тартибга биноан Ўзбекистон Республикаси Бош вазири “Ижод” фонди Васийлик кенгашининг раиси ҳисобланади. Энди фонднинг ҳудудий бўлимлари Васийлик кенгашларига вилоятлар ҳокимларининг раислик қилиши ва ҳудудий университет ҳамда институтларнинг ректорлари уларнинг ўринбосари бўлиши белгилаб қўйилди. Бу вилоятларда яшаб, ижод қилаётган қаламкашларнинг ҳам муаммолари ҳал этилиши, уларни доимо қўллаб-қувватлашга имкон яратади.

“Ижод” фонди маблағлари ҳисобидан уюшманинг ҳудудий бўлимларига штат бирликлари ва енгил автомобиль ажратиш, уюшма муассислигида чиқаётган газета ҳамда журналларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун маблағлар йўналтириш, “Дўстлик клублари” фаолиятини аниқ манбалар асосида янада ривожлантириш каби вазифаларнинг белгиланишидан эса қалам аҳлининг боши осмонга етди. Чунки уюшманинг ҳудудий бўлимлари аҳволи жуда оғир, ҳатто баъзилар жойсиз эди. Энди кўрсатилаётган эътибордан уларнинг нуфузи ҳам, меҳнат самарадорлиги ҳам ортади. Уюшма муассислигидаги нашрларнинг базўр “кун кўриб келганлиги”, кам ададда чиққанлиги боис штатлари сони ниҳоятда чеклангани энг оғриқли муаммолардан эди. Қарорга асосан улар ҳам ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бу эса ўз-ўзидан ижодкорларнинг ишчанлигига ижобий таъсир кўрсатади.

Қарорда атоқли шоир ва ёзувчиларнинг юбилейларини ўтказиш, кўргазмалар ташкил этиш, китобларини нашр қилиш, ёш ижодкорларни қўллаш борасида ҳам аниқ вазифалар қайд этилган. “Китоб акцияси” тадбирларини мунтазам ўтказиш, китоб тарғиботини кучайтириш, “Ижод” фонди ҳомийлигида нашр этилган китобларни жойларга бепул етказиб бериш борасидаги фикрлар маънавият соҳасидаги ишларимизни юқори поғонага олиб чиқиши аниқ.

Адабиёт ҳар қандай миллатнинг, халқнинг тафаккур даражасини белгиловчи мезондир. У тарихни тирилтиради, келажакдан башоратлар қилади. Чин маънодаги истеъдодли, профессионал шоир ва ёзувчилар башарият, аёнки, қайсидир халқ тасаввури ва тафаккури берган ҳосиладир. Улар инсон руҳининг, қалбининг ҳурлигини, моҳиятини тараннум этади. Шунинг учун бирор халқнинг адабиёти даражасига боқиб, унинг маънавий камолоти даражасига, жамиятидаги ўзаро муносабатларига, тараққиёт босқичига бемалол баҳо бериш мумкин. Демак, адабиётга эътибор халқнинг маънавиятига, камолотига, келажагига эътибор, дегани ҳақ гапдир.

Рустам ҲАМРАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши раиси

Маънавиятга, адабиётга эътиборнинг ёрқин намунаси was last modified: Апрель 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »