ПРЕСС РЕЛИЗ

10 Апрель, 17:04 • Пресс-релизлар • 146 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд вилоятида “Уюшмаган ёшлар: барч, ҳуқуқ ва манфаатлар бирлиги мавзусида икки кунлик республика кўргазмали ўқув-семинари бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Марказий аппарати ва ҳудудий кенгашлари масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, ҳамкор ташкилотлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Экоҳаракат вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида сиёсий партиялар фаолиятига баҳо бериб, уларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари, “Ёшлар қанотлари”нинг фаолияти қониқарли эмаслиги, ваҳоланки, бугун мамлакатимизда яшаётган 10 миллиондан ортиқ ёшлар ҳаётида қанчадан-қанча ечилмаган ижтимоий муаммолар борлиги ҳақида алоҳида тўталиб ўтган эди. Сиёсий партиялар ёшлар билан яқиндан, бевосита иш олиб бормаётгани, уларнинг дарду ташвишларини ечишга интилмаётгани, бу борада партияларнинг аниқ стратегияси йўқлигини танқид остига олган эди.

Ушбу танқидий фикрлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида қўшма чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди. Ушбу Дастур доирасида Жиззах, Самарқанд ва Навоий вилоятларида маҳаллий ҳокимликлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, меҳнат бошқармалари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳудудий бўлинмалари вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатларидан иборат Ишчи гуруҳлари томонидан ушбу ҳудудлардаги уюшмаган ёшлар(чет элга чиқиб кетган ёшлар, диний оқимга мойил ёшлар, ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшлар)нинг рўйхати шакллантирилиб, бугунга қадар улар билан бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилди.

Жумладан, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ўтган даврда Навоий ва Жиззахда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиясида мухокама қилинди. Шу билан бирга, халқ депутатлари Навоий шаҳар, Кармана, Дўстлик, Зомин ва Нарпай туман Кенгаши сессияларига масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди.

Мазкур амалий ишларни партиянинг барча ҳудудий ва маҳаллий Кенгашлари томонидан амалга оширилишида партиянинг Самарқанд вилояти Кенгаши фаолиятини намуна қилиб кўрсатиш, ижобий ишларини оммалаштириш мақсадида ташкил этилган республика кўргазмали ўқув-семинари партиянинг ёшлар сиёсатини амалга ошириш, дастурий мақсад-вазифаларини навқирон авлод ўртасида кенг тарғиб қилиш, ҳудудларда уюшмаган ёшлар билан юзма-юз мулоқот қилиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва ечим топишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Икки кун давом этган кўргазмали ўқув-семинарда уюшмаган ёшлар билан ишлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама қилиниб, бу борада партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши тажрибасини ўрганилди.

Ўқув-семинар доирасида уюшмаган ёшларнинг меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларни эгаллашларига кўмаклашиш ва иш билан таъминлаш чораларини кўриш мақсадида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 100 нафарга яқин ёшларнинг бандлиги таъминланган бўлса, семинар доирасида ўтказилган уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича партиянинг Жиззах, Навоий ва Самарқанд вилоят Кенгашлари тажрибаси тақдимоти иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Семинар иштирокчилари уюшмаган ёшлар билан ишлаш бўйича мутасадди ташкилотлардан иборат тузилган намунали Ишчи гуруҳи йиғилишида ҳам иштирок этди.

Шу билан бирга, ўқув-семинар доирасида Тайлоқ туманидаги уюшмаган ёшлар, ёш оилалар, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни маънавий ва моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб ижтимоий-маиший шароитларни яратиш мақсадида тадбиркор аёллар иштирокида “Маҳорат дарси” машғулотлари ҳамда маҳаллада 18-30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ўртасида “Маҳалламизнинг қўли гул маликалари” танлови ўтказилди.

Шунингдек, ушбу туманда партиянинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” ва “Адолатчилар жамоатчилик экспертизаси” лойиҳалари доирасида уюшмаган ёшлар ва турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган ёшларнинг ота-оналари билан “Депутат ва ёшлар” учрашуви ташкил этилди. Ёшларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида депутатлар ва мутасадди ташкилотлар иштирокида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Уюшмаган ёшлар ўртасида тиббий кўрик ўтказилиши ҳам уларнинг партияга бўлган ишончи ортишига хизмат қилди.

Семинар доирасида иштирокчилар халқ депутатлари Пастдарғом тумани Кенгашининг намунали сессияси жараёнида ҳам иштирок этди. Уюшмаган ёшлар билан ишлашда маҳалла институти фаолиятини янада жонлантириш, уюшмаган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни маҳалла қошида ташкил этилган тўгаракларларга жалб этиш бўйича Самарқанд шаҳридаги “Девори Кундаланг” маҳалласи тажрибаси ўрганилди.

Икки кунлик республика кўргазмали ўқув-семинар якунига кўра, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, уларнинг мурожаатларини ҳал этиш ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг аниқ, самарали, натижадор янгича усулларидан иборат манзилли чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

ПРЕСС РЕЛИЗ was last modified: Апрель 10th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »