ПРЕСС РЕЛИЗ

11 Апрель, 16:47 • Пресс-релизлар • 35 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Жорий йилнинг 11 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилишга доир бир қатор қонун ҳужжатлари кўриб чиқилди.

Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ишлаб чиқилган “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда фракция аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Қонун лойиҳасининг мақсади ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш механизмини такомиллаштириш, йўловчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш, тегишли давлат органлари томонидан амалга ошириладиган назорат тизимини такомиллаштириш ва бу борадаги ишлар самарадорлигининг оширишдан иборат.

Депутатлар томонидан жойларда олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, мазкур Қонуннинг 6-моддасида белгиланган тартибда тузиладиган ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси амал қилиш муддати (бир йил муддатга тузилади) транспорт воситасига йўловчиларни ташиш учун бериладиган лицензия карточкасининг амал қилиш муддати (3 ойдан 5 йилгача берилади)билан ўзаро мувофиқлашмаган. Ушбу номувофиқлик натижасида транспорт воситасининг лицензия карточкаси амал қилиш муддати кўп ҳолларда уч ойдан сўнг тугашига қарамасдан, ташувчи Қонун талабларига мувофиқ бир йилга суғурта шартномасини тузишга мажбур бўлмоқда.

Шунингдек, ушбу Қонуннинг 8-моддасида суғурта полисининг ҳар бир транспорт воситасига берилиши аниқ кўрсатилмаган, яъни суғурта полисида ҳар бир транспорт воситасига хос бўлган хусусий (транспорт воситасининг тури, маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси, ишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғими) маълумотлар ўз аксини топмаган.

Ушбу каби номувофиқликлар натижасида амалиётда кўплаб ташувчилар “Ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномаси”ни тузишда суғурта ташкилотларига ўзларидаги транспорт воситаларининг барчаси бўйича эмас, балки бир қисми тўғрисида маълумотларни тақдим этмоқдалар. Натижада, ташувчилар томонидан йўловчи ташиш учун фойдаланилаётган транспорт воситаларининг аксарият қисмига суғурта шартномаси тадбиқ этилмасдан қолмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб, ҳар бир транспорт воситаси учун суғурта полисини алоҳида расмийлаштирилиши бўйича аниқлаштирувчи талаб киритиш зарурати мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, таклиф этилаётган қонун лойиҳасида ташувчининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш шартномасини фаолияти лицензияланадиган транспортда йўловчиларни ҳамда уларнинг мол-мулкини тижорат асосида ташиш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахснинг транспорт воситасига уч ойдан бир йилгача муддатга тузиш назарда тутилмоқда.

Шу билан бирга, суғурта шартномасига мувофиқ мукофот тўлангандан сўнг, унга киритилган транспорт воситасининг тури,маркаси, модели, рақамли (танитувчи) белгиси ваишлаб чиқарувчи завод паспортлари бўйича йўловчи сиғимитўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган суғурта полисини ҳар бир транспорт воситаси учун алоҳида бериш тартибини жорий этиш ҳамда йўловчиларни ташиш чоғида транспорт воситасини бошқараётган шахс ёнида тегишли транспорт воситаси учун расмийлаштирилган суғурта полиси мавжудлигини таъминлаш таклиф этилмоқда.

Фракция аъзолари қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш партия депутатлик корпусининг дастурий вазифаси эканлигини эътироф этган ҳолда таклиф этилаётган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватладилар.

Депутатлар эътиборига биринчи ўқишда ҳавола этилаётган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва 2017 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган.

Фармонга асосан 2018 йил 1 январдан эътиборан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Давлат хизматлари марказларига айлантирилган. Шунга кўра қонун лойиҳасида “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги ва “Рақобат тўғрисида”ги қонунларга тегишли ўзгартишлар киритиш назарда тутилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чораларини белгилашга қаратилган қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилмоқда.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари “Адолат” СДП давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қонун устуворлигини таъминлаш, бу борадаги қонун ва қонуности ҳужжатларини ҳаётга самарали татбиқ этишда уларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлаш тарафдори эканлигини таъкидладилар ҳамда қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан маъқулладилар.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган қонун лойиҳаларини маромига етказиш юзасидан депутатларнинг партия позициясидан келиб чиқадиган таклиф, мулоҳазалари тингланди ва фракциянинг нуқтаи назари белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

ПРЕСС РЕЛИЗ was last modified: Апрель 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »