ПРЕСС РЕЛИЗ

24 Апрель, 15:31 • Пресс-релизлар • 117 марта кўрилди • Комментариев к записи ПРЕСС РЕЛИЗ нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Ўзбекистон давлат консерваторияси ҳузуридаги иқтидорли болалар академик лицейида “Ахборот хавфсизлиги ва интернет маданияти: муаммо ва ечимлар” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди. “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита масъул ходимлари, ўқувчи-ёшлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Қайд этилганидек, экстремизм ва терроризм маънавий таҳдидларнинг бир тури бўлиб, улар асосан ёшлар орқали вайронкор ғояларни ҳаракатлантирувчи, мамлакатдаги тинчлик ва осойишталикни издан чиқаришга интилувчи, мавжуд конституцион тузумни ағдариб ташлашга даъват этувчи тажоввузкор сиёсий фаолиятдир. Шу маънода ҳозирги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ҳамжиҳатликни сақлаш, баркамол ёшларни тарбиялаш муҳим вазифа ҳисобланади. Шу боис ёшларни зарарли иллатлардан ҳимоя қилиш, улар ўртасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни жадаллаштиришга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан муҳим эътибор қаратилмоқда.

Давра суҳбатидан кўзланган мақсад ҳам дунёнинг турли минтақаларида зиддиятлар, беқарорлик кучайган, ихтилофлар давом этаётган бир шароитда ёшларимизни турли зарарли таъсирлардан ҳимоя қилишга доир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партия Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашга қаратилди. Партия томонидан таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида ва маҳалаларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, маҳаллий ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ёшлар ўртасида турли акциялар, давра суҳбатлари, викториналар ҳамда семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Тадбирда партия фаоллари ва мутахассислар томонидан айтиб ўтилганидек, экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшларда ғоявий, мафкуравий иммунитет ҳосил қилиш даркор. Бундай ёд оқимларнинг таъсирига тушиб қолмаслик учун, аввало, миллий тафаккур ва соғлом дунёқарашни шакллантириш лозим. Экстремизм ва терроризмнинг асл мазмун-моҳияти, унинг нимага қаратилганлиги ҳақида ёшлардан тортиб, ёши улуғларга қадар етарлича маълумот бериб борилмас экан, уни тўхтатишда кутилган даражага эришиш қийин. Бунинг учун оммавий ахборот воситалари орқали махсус кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий мақолалар бериб бориш зарур.

Қолаверса, сўнгги йилларда ақидапараст, диний экстремистик оқимлар ўз ғояларини ёшлар ичига кенгроқ кириб бориш, меҳнат мигрантларини таъсир доирасига олиш, вайронкор мазмундаги материалларни электрон кўринишда тарқатиш, интернет орқали тарғибот ўтказиш каби усулларда амалга оширмоқда.

Бугунги кунда интернет тизимида юзлаб террористик сайтларнинг аниқлангани ўта хавотирли ҳолатдир. Улар глобал тармоқ орқали ўзларининг экстремистик, миллатчилик, ирқчилик каби турли бузғунчи ғояларини тарғиб этади. Минг афсуски, мафкуравий иммунитети шаклланмаган ёшлар бу ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишмоқда.

Давра суҳбатида сўз олган фаол ёшлар ҳам маърузалардан хулоса чиқарган ҳолда атрофда бўлаётган воқеаларга бефарқ бўлмасдан, ўз мустақил дунёқараши ва позициясига эга бўлиш, ҳамиша огоҳ бўлиш, энг асосийси жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш бугунги навқирон авлод олдида турган асосий вазифа эканлигини қайд этдилар.

Жонли мулоқот тарзида ўтган тадбирда ёшлар депутатлар, партия фаоллари ва мутахассислардан ўзларини қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб олдилар.

“Адолат” СДП матбуот хизмати

ПРЕСС РЕЛИЗ was last modified: Апрель 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »