Сафдошимиз шижоати намуна бўлмоқда

16 Апрель, 18:51 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 89 марта кўрилди • Комментариев к записи Сафдошимиз шижоати намуна бўлмоқда нет

Мана, қарийб бир ярим ойдирки, ўлкамизда кўклам нафаси кезиб юрибди. Табиатнинг уйғониш фасли чор атрофга ўз тароватини ёйган. Дала ва боғларда иш қизғин. Ота-боболаримизнинг “Баҳорнинг бир куни ерни боқади”, каби доно нақлларига амал қилган фермер хўжаликларининг ишчилари, томорқа миришкорлари ҳам ўз юмушларини сидқидилдан адо этиш йўлида тинмай меҳнат қилмоқдалар.

Наманган вилоятида  баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган бободеҳқонлар дала ишларини юксак сифат билан амалга оширмоқдалар. Хизмат вазифаси тақозосига кўра тез-тез туманларда бўламан. Албатта, шундай пайтларда экинлар парвариши билан банд инсонларни кўриб, уларнинг ғайрат-шижоатига тасанно айтаман. Яқинда Уйчида ўзи ёш бўлса-да, кўп тармоқли фермер хўжалигининг раҳбари сифатида катта обрў қозонган Мирзоҳид Мирзааҳмедовни учратиб қолдим.

Аввало, шуни айтиш керакки, у Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолларидан. Айни пайтда халқ депутатлари туман кенгашининг депутати саналади. Мирзоҳид етакчилик қилаётган «Мирзааҳмад ота ўғли Нурмуҳаммад» фермер хўжалиги нафақат туманда, балки вилоятда ҳам пахта ва ғалла ҳосилдорлиги бўйича юқори натижаларга эришмоқда. Шу кунларда миришкорлар чигит экишни якунладилар. Ғалла парвариши эса қизғин давом этмоқда.

Халқ депутатлари Уйчи туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Мирзоҳид Мирзааҳмедов:

— Мен Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 23 март куни қишлоқ хўжалигини жадал ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар натижадорлигига бағишланган видеоселектор йиғилишида қатнашиб, катта таассурот олдим. Давлатимиз раҳбари озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш муҳим масала эканлигини таъкидлаб, қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли ўтказиш юзасидан муҳим вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, ғаллани март ва апрель ойларида камида бир мартадан қондириб, шарбат усулида суғориш ҳамда суспензия усулида баргидан озиқлантириш, ўсимликларни ҳимоялаш воситалари сепишни якунлаш бўйича топшириқлар берилди.  Шунингдек, ҳар бир фермер хўжалиги бўйича дон етиштиришда ҳосилдорликни гектарига камида 10 центнерга ошириш юзасидан долзарб ойлик эълон қилиб, 21 апрелгача кунма-кун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги қайд этилди. Биз мана шу йўналишда фаол иш олиб бормоқдамиз.

Партиядошмиз етакчилигидаги фермер хўжалиги жамоаси бугунги кунда ғалла парваришини жадал олиб бормоқда. Асосий эътибор ҳар бир агротехника тадбирини ўз вақтида ва сифатли бажаришга қаратилган. Чунки белгиланган марра ниҳоятда юксак – ҳар гектар буғдойзордан 70 центнердан дон олиш мўлжалланмоқда. Экин ривожа ваъда муваффақиятли бажарилишидан далолат бериб турибди. Қолаверса, ўтган йили депутат раҳбарлигидаги ғаллакорлар ҳосилдорликни 68 центнерга етказганликларини ҳисобга олсак, катта хирмон яратиш имконияти аниқлиги аён бўлади. Мана шу жиҳатлари учун айни пайтда уларни тумандаги бошқа фермерларга намуна қилиб кўрсатаётганликлари диққатга сазовордир.

Умуман олганда, Уйчида  2018 йил ҳосили учун 6345 гектар майдонда ғалла парваришланмоқда. Мутахассислар ҳар бир майдондаги экиннинг ҳолатини мунтазам назорат қилиб бормоқдалар. Масалан, март ойида туман бўйича 346 гектар майдонда экин ривожи бирмунча сустлиги аниқланганди. Улар 24 та фермер хўжалигиниг ихтиёридаги ғаллазорлар эди. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида бугунга келиб, вазият ўзгарди. Минерал ва маҳаллий ўғитларни оқилона қўллаш, суғоришни маромида ташкил этиш ўз самарасини берди. Зараркунандаларга қарши кураш ҳам эсдан чиқарилгани йўқ.

Уйчи туман қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Улуғбоевнинг айтишича, бултур туман ғаллакорлари 22800 тонна буғдой топширган эдилар. Бу йил эса ҳосилдорликни ошириш эвазига янада баланд хирмон бунёд этишни режалаштирмоқдалар. Бу борада уларга муваффақиятлар тилаймиз.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Сафдошимиз шижоати намуна бўлмоқда was last modified: Апрель 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »