Спортда юксак марралар сари

17 Апрель, 11:35 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 164 марта кўрилди • Комментариев к записи Спортда юксак марралар сари нет

Боймирза Обиддинов халқ депутатлари Наманган туман кенгашига “Адолат” СДПдан депутат этиб сайланган. Ўзи педагог, Хонобод қишлоғидаги 27-умумтаълим мактабида жисмоний тарбиядан дарс беради. Туманда спортни оммавийлаштириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида жонбозлик кўрсатиб келади. Чунки мамлакатимиз келажаги бўлган баркамол авлодни ҳар жиҳатдан комил инсон мақомини олишида жисмоний тарбиянинг ҳам аҳамияти катталигини яхши тушунади. Қуйида унинг шу маввзудаги фикр-мулоҳазалари билан танишасиз.

— Юртимиз азалдан ўзининг оғир тошларни чапдастлик билан ўйнатадиган полвонлари, моҳир чавандозлари, кураги ерга тегмайдиган курашчилари билан машҳур бўлган. Улар халқ орасида ҳам катта обрў-эътиборга сазовор бўлган. Ҳозирги даврда ҳам мамлакатимизда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, бунинг учун эса жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартда қабул қилинган “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳам фикримиз далилидир. Мазкур ҳужжатда  жисмоний тарбия ва спортни ташкил этишда қатор тизимли муаммолар ва камчиликларнинг мавжудлиги ушбу соҳада давлат сиёсатини самарали олиб боришга ва мамлакатнинг мавжуд спорт салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилаётганлиги кўрсатиб берилган. Қайд этилганидек, жойларда жисмоний тарбия ва спорт бошқарувининг самарали яхлит тизими мавжуд эмас. Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини лозим даражада мувофиқлаштириш, соғлом турмуш тарзини янада кенгроқ  оммалаштириш ва тарғиб қилиш талаб этилади.

Албатта, бунинг учун биринчи навбатда тегишли шарт-шароитларни яратиш зарур. Ҳозиргача шаҳар ва туманларда бу масала билан бир нафар мутахассис шуғулланарди, холос. Юқоридаги фармонга биноан эса бу муаммо ечилади. Яъни эндиликда жойларда шаҳар ва туманларда 3-4 нафар ходим ишлайдиган ҳамда  жисмония тарбия ва спорт бошқармасига бўйсунадиган бўлимлар ташкил этилади. Айни вақтда вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси штат бирликлари сони ҳам аввалгисига нисбатан кўпаяди.

Шу билан бирга спорт соҳасидаги кадрлар, айниқса бошқарув мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг амалдаги тизимини такомиллаштириш чоралари кўрилади. Жумладан, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти негизида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ташкил этилади. Мазкур олий ўқув юртидаги жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни илмий-методик таъминлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази вазирлик тасарруфига ўтказилади. Нукус, Самарқанд ва Фарғона шаҳарларида  эса унинг филиаллари очилади.

Маълумки, соҳани халқаро андозаларга жавоб берадиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентарлари билан таъминлаш юқори малакали спортчилар тайёрлашда муҳим аҳамият касб этади. Шуни ҳисобга олиб, бир қатор чора-тадбирлар белгиланган. Тез орада жаҳоннинг етакчи ишлаб чиқарувчиларини жалб қилган ҳолда спорт кийими, анжомлари ва жиҳозларини ишлаб чиқарувчи замонавий корхоналар фаолияти йўлга қўйилади. Пойтахт минтақасида ташкил этиладиган “Спорт” эркин иктисодий зонаси шу мақсадга хизмат қилади.

Ўйлаймизки, яқин орада белгиланган мана шу тадбирлар натижасида Ўзбекистон спортининг довруғи бутун дунё бўйлаб янада кенг тарқалади.

Боймирза ОБИДДИНОВ,

халқ депутатлари Наманган туман

кенгашининг депутати

Спортда юксак марралар сари was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »