Таълимда янгича ёндашув

17 Апрель, 10:21 • Муносабат, Самарқанд вилояти, Янгиликлар • 253 марта кўрилди • Комментариев к записи Таълимда янгича ёндашув нет

Келажагимиз давомчилари, фарзандларимиз камоли, уларнинг бахту-камолини кўриш ҳар бир ота-онанинг энг улуғ орзусидир. Болажон ўзбек халқи ҳамиша шундай эзгу ният билан яшайди, шунга интилади ва бунинг учун бор имкони билан ҳаракат қилади. Мамлакатимизда ёшларнинг мукаммал билим эгаси бўлиши, уларга замонавий билимлар бериш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш, дунёда ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашига қаратилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида ҳам ана шундай эзгу мақсадлар мужассам.

Ҳозирги шиддатли глобаллашув ва интернет асри, жаҳон бозорида рақобат курашининг миқёси тобора ортиб бораётган бир давр эса барча соҳалар қаторида республикамизда таълим соҳасини замон талаблари асосида янада такомиллаштиришни тақозо қилмоқда.

Жорий йилнинг 27 март куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ҳам бу борада олиб борилаётган ислоҳотларга янада кенг йўл очишга хизмат қилиши билан бир қаторда республикамизнинг узлуксиз таълим тизимини, хусусий секторни янада кенг ривожлантиришга ўзининг муҳим ҳиссасини қўшадиган дастлабки катта қадамлардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда мамлакатимизда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолиятини янада ривожлантириш, таълимнинг юқори сифатини таъминлашда давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини, шунингдек, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Қабул қилинган мазкур қарорнинг асосий мақсадларидан бири ҳам айнан нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатаётган юридик шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, мазкур фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш ҳамда нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини соддалаштириш орқали лицензия даъвогарларига қулай имкониятлар яратишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, сўнги йиллардаги таълим тизимидаги ўзгаришлар ва янгиликларни инобатга олган ҳолда, нодавлат таълим хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар фаолиятини лицензиялаш жараёнини соддалаштириш, юридик шахслар томонидан мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар, нодавлат таълим хизматлари кўрсатишни лицензия асосида амалга ошириш тартибини жорий этиш, лицензиялаш жараёнини унификациялаш, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида давлат-хусусий шерикчилик самарали механизмларини жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни инобатга олган ҳолда нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклларини такомиллаштириш, нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш билан шуғулланадиган юридик шахслар фаолиятини назорат қилиш механизмларини ишлаб чиқиш зарурати юзага келган бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ушбу қарори соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, келажагимиз эгаларини илм-фанга бўлган қизиқишини ошириш, чуқур ўқитиш, юқори малакали кадр сифатида жаҳон ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузини оширишга, баркамол инсон бўлиб улғайишига хизмат қилади. Бу эса юртимиз тараққиёти йўлида қилинган яна бир самарали амал десак, албатта адашмаган бўламиз.

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши раиси

Таълимда янгича ёндашув was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »