ЎЙНАБ ЁЗСАК ҲАМ…

16 Апрель, 12:19 • Қашқадарё вилояти, Муносабат, Янгиликлар • 86 марта кўрилди • Комментариев к записи ЎЙНАБ ЁЗСАК ҲАМ… нет

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини ўқиб, кўнглимдан кечган фикрларни қоғозга туширдим.

Дарҳақиқат, ижод ҳам тоат-ибодат. Шундай экан, ёлғондакам ибодат қабул қилинмайди, лафзига, иймон-эътиқодига хиёнат қилганлар эса кечирилмайди.

Давлатимиз раҳбари халқимиз маънавиятини юксалтиришга жуда катта эътибор бераётган экан, энди биз ижодкорлар ҳам, ўйнаб ёзсакда, ўйлаб ёзишимиз керак. Ҳамкасбларимиз мамлакатимизда ижод аҳлига, хусусан, оммавий ахборот воситалари ходимларига кўрсатилаётган бундай эътибор ва рағбатдан самарали фойдаланиши даркор. Бугун шиддаткор давр биз журналистлардан фақат жамият ҳаётидаги оғриқли муаммоларни кўтариб чиқиш, унинг самарали ечимларини топиш, турли соҳаларда кечаётган ижтимоий сиёсий ислоҳотларни ҳозиржавоблик билан очиб бериш билан бирга оддий турмуш тарзимизда рўй бераётган ҳодисаларга ҳам масъулият билан ёндашиб, бирдек ёритиб боришни тақозо этмоқда.

Юртбошимиз қарорини диққат билан мутолаа қилар эканмиз, қуйидаги сўзларни сиз азиз ўқувчилар билан баҳам кўришни лозим топдик. Аниқроғи, қарордаги ушбу фикрлар бизларнинг ҳам айни дилимиздаги гаплардир.

“Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, интеллектуал мулк агентлиги, матбуот ва ахборот агентлиги ҳамда Уюшма билан биргаликда ижодкорларнинг муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мулк шаклидан қатъий назар, барча оммавий ахборот воситалари, жумладан, электрон ОАВ, нашриётлар томонидан муаллифлик ганорари тўлашни қонуний асосда таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқсин ва уларнинг ижросини қатъий назоратга олсин”

Ҳа, ҳақиқат ва адолат инсонлар учун маёқдек гап. Бу дунёда ҳамма унга талпиниб, топиниб яшайди. Киши йўқки, унга интилмасин, уни муқаддас санамасин. Ана шу нуқтаи назардан айтадиган бўлсак, аввалги йиллари барча оммавий ахборот воситалари, жумладан электрон ОАВ, журналлар ҳам ўз таҳририятларида штатда турмай, ёзиб юрадиган муаллифларга гонорар (қалам ҳақи) тўлашмас эди. Энди ҳурматли Президентимизнинг ижодкорларга чексиз ғамхўрликлари туфайли улар ҳам ўз меҳнатларидан моддий манфаат топадиган бўлишди.

Шунингдек, қарорга асосан, ҳудудларда яшаб, фаол ижод қилаётган Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоларига имтиёзли ипотека кредити асосида уй-жойлар берилиши, ижодкорларнинг сифатли ва имтиёзли тиббий хизматдан фойдаланиши, уюшмага қарашли ижод уйлари ошхоналари арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиши, ўзбек тилидаги Интернет адабиётини шакллантириш, ёш истеъдод соҳибларини излаб топиш, иқтидори ва салоҳиятини руёбга чиқариш учун чуқур ўйланган, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион усулларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда бошқа бир қанча масалаларни ҳал этишда ушбу қарорнинг аҳамияти беқиёсдир.

Юртимизда муҳтарам юртбошимиз раҳнамолиги остида сўз эркинлигини таъминлаш учун ҳуқуқий асос яратилди. Қолаверса, бизда сўз эркинлиги азалдан қадрланган. Шу сабабли ҳам Президентимиз бугунги ёш авлод  камолотига жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиб, улардан келгусида кўп ижобий ишлар кутмоқдалар. Аслида ҳам шундай.  Ёшларга ишониш керак.

Оммавий ахборот воситаларига қараб жамият, тузум, сиёсат, иқтисодиёт, маънавият ҳақида маълумот олиш, хулоса чиқариш мумкин. Шунинг учун ҳам оммавий ахборот воситалари ҳаётимизнинг кўзгуси ҳисобланади. Бу кўзгуни эгри-бугри акс эттиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Биз Президентимизнинг ушбу қарори айни вақтида эълон қилинганлигини чин кўнгилдан эътироф этамиз ва унинг ижросини таъминлашга ўз ҳиссамизни қўшамиз.

Замира БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Халқ депутатлари Қарши шаҳар

Кенгашидаги депутатлик гуруҳи раҳбари,

Қашқадарё телерадиокомпанияси муҳаррири

Зебо Қосимова,

 “Насаф” газетаси бош муҳаррири,

Ўзбекистон “Адолат” СДП фаоли

 

ЎЙНАБ ЁЗСАК ҲАМ… was last modified: Апрель 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »