Ўзбекистон келажаги — инновацион ғоялар ва технологияларда

17 Апрель, 19:08 • Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 306 марта кўрилди • Комментариев к записи Ўзбекистон келажаги — инновацион ғоялар ва технологияларда нет

Инновацияларни жорий этиш корхоналар рақобатдошлигини ошириш, уларнинг иқтисодий мустақиллиги ва бозордаги мавқеини мустаҳкамлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Шуни инобатга олиб, сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-техник ва инновацион салоҳиятни сақлаш ҳамда ривожлантириш юзасидан бир қатор мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Маълумки, мамлакат рақобатдошлигини баҳолаш кўрсаткичларига кўра, табиий ва иқлим ресурсларидан оқилона фойдаланиш, жамғарилган бойликларни ўз ўрнида ишлатиш, иқтисодиётга инвестицияларни фаол жалб қилиш, инновацияларни қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган бошқарув сиёсатини амалга ошириш каби омиллар ривожланишнинг асосий стратегияси ҳисобланади.

Ҳозирги кунда илмий-техник тараққиёт ва бозор эҳтиёжлари маҳсулот номенклатураси ва сифатига янги талабларни шакллантирган ҳолда, талаб ва таклиф конъюнктурасида муҳим ўзгаришларнинг юз беришига олиб келмоқда. Шу муносабат билан ишлаб чиқариш фаолиятининг деярли барча соҳаларида инновацияларга истиқболли ривожланиш воситаси сифатида қизиқиш янада ошади. Корхоналарни бошқариш амалиётида бундай стратегиянинг шаклланиши инновацион жараёнларни самарали бошқариш тизимларини яратиш заруриятини янада кучайтиради.

Инновацияларни кенг ёйиш — ахборот жараёни бўлиб, унинг шакли ва тезлиги коммуникация каналларининг қуввати, хўжалик субъектлари томонидан ахборотни қабул қилиш хусусиятлари, ушбу ахборотдан амалий фойдаланишга бўлган қобилият ва ҳоказоларга боғлиқ. Чунки реал иқтисодий муҳитда фаолият юритувчи хўжалик субъектларининг инновацияларни излашга бўлган муносабати ва уларни ўзлаштириш қобилияти турлича бўлади.

Ҳозирги кунда халқаро илмий-техник ва савдо муносабатларининг ривожланиши кўпгина маҳсулотлар бозорининг глобаллашуви, халқаро меҳнат тақсимоти ҳамда турли хил альянслар ва қўшма корхоналар яратилиши билан боғлиқ. Шу билан бирга, “инсон ресурсларини” бошқариш инновацион сиёсатни амалга оширишнинг сўнгги бўғини бўлиб, самарадорликни ва иш сифатини ошириш масалаларини ҳал этишга ходимларнинг кенг доирасини жалб этишни тақозо этади.

Қайси бир давлат энг самарали инновациявий механизмга ва инновацияларни амалга оширишнинг ривожланган инфратузилмасига эга бўлса, айнан шу давлат жаҳон бозоридаги рақобат курашида муваффақиятга эришади. Ҳозирги кундаги илмий-техник тараққиётнинг бир қисми сифатида эътироф этиладиган илмий-техник инновациялар — иқтисодиётни жонлантирувчи ва унинг рақобатдошлигини сақлаб қолувчи куч ҳисобланади.

Инновациявий фаолиятни ривожлантириш учун тармоқ инфратузилмаларининг катта имкониятлари мавжуд эканлигини англаган ҳолда ривожланган давлатлар ҳукуматлари инновацияларни қўллаб-қувватлашни давлат сиёсати даражасида амалга оширмоқдалар. Хитой, Германия, Франция, Исроил, Ҳиндистон, Россия каби иқтисодиёти тараққий этган хорижий мамлакатлар инсон манфаатларига хизмат қиладиган инновацион ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиб, амалга татбиқ этиб келмоқдалар.

Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти қатор ҳамкор тадқиқот марказлари билан биргаликда мамлакатларнинг инновацион ривожланишига доир рейтингда Швейцария етти йилдан бери етакчилик қилиб келмоқда. Инновацион ривожланган давлатлар рейтингининг кучли ўнлигидан шунингдек, Сингапур (7), Финляндия (8), Германия (9) ва Ирландия (10) мамлакатлари ўрин олган. Осиё қитъасидан етакчилар — Сингапур (7), Жанубий Корея (11) ва Япония (14) ҳисобланади.

Мамлакатимизда ҳам инновацион лойиҳалар ва технологияларни амалга татбиқ этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада биринчи Президентимизнинг 2008 йил 15 июлда қабул қилинган “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори Ўзбекистонда инновацион тараққиёт жараёнларини янада жадаллаштиришга хизмат қилмоқда. Шуниси эътиборлики, бу борада ёшлар алоҳида жонбозлик кўрсатиб, илм-фан оламига ўз лойиҳа ва ишланмаларини тақдим этмоқдалар.

Бугунги кунда Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан ҳар бир соҳанинг тараққий этишига қаратилган шарт-шароитларнинг яратилиши натижасида қатор имкониятлар, ютуқлар қўлга киритиб келинмоқда. Хусусан, инновацион лойиҳаларнинг жорий этилиши, бу борада давлатимиз раҳбари томонидан қарор ва фармонларнинг қабул қилиниши соҳа ривожи учун хизмат қилмоқда. 2017 йилнинг 29 ноябрда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонда илмий ва инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари, қўллаб-қувватлаш шакллари, ғоя, ишланма, технологиялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни белгиловчи “Инновацион фаолият тўғрисида”ги ва “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш борасида ҳам таъкидланган. Айни мана шу қонун лойиҳаларининг ишлаб чиқарилишига бўлган эътибор ҳамда ушбу вазирликнинг ташкил этилиши албатта, соҳани янада ривожлантириш, инновацион ғояларни шакллантириш, ишланма ва технологияларни рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, жаҳон тажрибаси барча соҳаларда сифатли ўсишни таъминловчи янгиликларни узлуксиз тарзда амалиётга кенг жорий этиш жамият ва иқтисодий ривожланишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айланганлигини кўрсатмоқда. Бугунги кунда ривожланишнинг инновацион моделлари ва ақлли технологиялар амалга оширилаётган мамлакатлар энг муваффақиятли ва барқарор ҳисобланадилар. Бундай мамлакатларнинг барқарор тараққиёти, уларнинг жаҳон бозорларида рақобатбардошлиги табиий ресурсларни экспорт қилиш ва жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки инновацион ғоялар ва ишланмаларга асосланади.

Шундан келиб чиқиб жорий йилнинг 12 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги йиғилишида “Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси”нинг номи “Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалариқўмитаси”га ўзгартирилгани бежиз эмас, албатта. Барчамизга маълумки, жорий йил мамлакатимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш” йили деб эълон қилинди. Иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа барча тармоқларнинг инновацион ривожланишини таъминлаш, жаҳон илм-фаннинг ютуқларини, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш соҳасида парламент фаолиятининг самарадорлигини ошириш, унинг мазкур соҳадаги қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятини олиб боришда қўмитамизга парламентимиз томонидан улкан маъсулият ва ишонч билдирилди.

Эндиликда қўмитамизнинг вазифалари кенгайиб, мамлакатнинг инновацион ривожланишини таъминлаш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш масалалари қўшимча равишда киритилмоқда.

Албатта, яқин кунларда қўмита инновацияларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда амалиётга кенг жорий этиш бўйича истиқболдаги иш режасини кўриб чиқади. Энг аввало, мамлакатда социал-иқтисодий масалаларни ечишда инновацион фаолликни кучайтиришни таъминлаш ва миллий иқтисодиётда рақобатдошликни оширишда муҳим ўрин тутадиган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишга тайёрлаш масаласига эътибор қаратилади.

Шу ўринда алоҳида қайд этиш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мамлакатимизнинг келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Модернизацияга асосланган янги иқтисодиёт ва янги технологиялар инсонга ва ижтимоий соҳага инвестиция киритиш вазифасини қўяди. Буларнинг барчаси фуқароларга янги иш ўринларини топиш, янги касб-ҳунарларни ўрганиш, янги корхоналарни очиш ва кенгайтириш имкониятини беради.

Парламентдаги “Адолат” СДП фракцияси ва янги номланган қўмита аъзоси сифатида биздан инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, узоқ йиллик изланишларимизнинг натижаси ўлароқ Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилинишида фаол иштирок этиш талаб этилади.

Ишончимиз комил, қўмитамиз Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда инновация ва инновацион фаолият соҳасида ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий муносабатларни самарали тартибга солиш, ушбу соҳада илмий изланишларни олиб бориш ва рўёбга чиқаришга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда муҳим рол ўйнайди.

Улуғбек САМАТОВ,

Жамшид ПИРМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва

Ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари,

“Адолат” СДП фракцияси депутатлари

Ўзбекистон келажаги — инновацион ғоялар ва технологияларда was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »