Жамоатчилик назорати қонун билан тартибга солинди

17 Апрель, 11:17 • Ҳуқуқий маслаҳатхона, Янгиликлар • 21 марта кўрилди • Комментариев к записи Жамоатчилик назорати қонун билан тартибга солинди нет

«Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унинг матни 13.04.2018 йилда «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинди

Нималар жамоатчилик назоратига олинади

Жамоатчилик назоратининг объекти – давлат органлари, муассасаларининг ва улар мансабдор шахсларининг 5 та йўналишга доир фаолияти. Уларга қуйидагилар киради:

1. Қабул қилинаётган НҲҲларда, қарорларда, шунингдек ривожланиш давлат, тармоқ ва ҳудудий дастурларида жамоатчилик манфаатларини, жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш

2. Фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларининг ижро этилишини таъминлаш

3. Ўз зиммасига юклатилган, ижтимоий ва жамоатчилик манфаатларига дахлдор бўлган вазифалар ва функцияларни бажариш

4. Давлат хизматларини кўрсатиш

5. Ижтимоий шериклик доирасида амалга ошириладиган битимлар, шартномалар, лойиҳалар ва дастурларни бажариш

Жамоатчилик назоратида кимлар иштирок этади

Қонунда 4 та асосий жамоатчилик назорати субъекти назарда тутилган:

  • Ўзбекистон фуқаролари
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари
  • ННТ
  • ОАВ

Жамоатчилик назорати қандай ўтказилади

Жамоатчилик назорати қуйидаги 8 шаклда амалга оширилиши мумкин:

  • Давлат органларига мурожаатлар ва сўровлар – «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ. Бунда ахборот олишга бўлган ҳуқуқ, агар мазкур ахборот шахсга доир маълумотлар ёхуд давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотлар жумласига киритилган бўлса, чекланиши мумкин;
  • Давлат органларининг очиқ ҳайъат мажлисларида иштирок этиш – иштирок этиш тартиби, эҳтимол, алоҳида белгиланса керак;
  • Жамоатчилик муҳокамаси – ижтимоий аҳамиятга молик масалаларни, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳаларини оммавий муҳокама қилиш. Фақат ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ ўтказиши мумкин;
  • Жамоатчилик эшитуви – давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг фаолиятига тааллуқли ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ёхуд фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига дахлдор масалаларни муҳокама қилиш учун ташкил этиладиган йиғилиш. Фақат ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ ўтказиши мумкин;
  • Жамоатчилик мониторинги – давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятини жамоатчилик манфаатига дахлдор ахборотни йиғиш, умумлаштириш ва таҳлил этиш орқали кузатиш. ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва жамоатчилик назоратининг бошқа субъектлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўтказиши мумкин;
  • Жамоатчилик экспертизаси – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат органларининг бошқа қарорлари лойиҳалари фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, жамият манфаатларига мувофиқлигини аниқлаш учун уларни ўрганиш ҳамда баҳолаш. ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ўтказиши мумкин;
  • Жамоатчилик фикрини ўрганиш – турли ижтимоий гуруҳларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисидаги, давлат органларининг, улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатлари талабларига риоя этишига, фуқароларнинг, юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини, жамият манфаатларини таъминлашга доир фаолияти тўғрисидаги фикрини баҳолаш мақсадида ахборотни йиғиш, умумлаштириш ҳамда таҳлил этиш. ННТ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ОАВ қонун ҳужжатларига мувофиқ ўтказиши мумкин;
  • Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан давлат органлари мансабдор шахсларининг ҳисоботлари ва ахборотини эшитиш:

– маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг фуқаролар йиғинлари фаолияти соҳасига кирувчи масалалар юзасидан ҳисоботлари;

– ИИО профилактика инспекторларининг, жойлардаги таълим муассасалари раҳбарларининг ҳисоботлари;

– тегишинча оилавий поликлиникалар ва қишлоқ врачлик пунктлари раҳбарларининг ахбороти;

– тегишли ҳудудда жойлашган ташкилотлар раҳбарларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудуднинг санитария ҳолати, уни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш масалаларига доир ҳисоботлари.

Бу – муҳим! Давлат органларининг ва улар мансабдор шахсларининг фаолиятига аралашмаслик ва бунинг учун тўсиқлар яратмаслик, шунингдек фуқароларнинг шаъни ва қадр-қиммати камситилишига, уларнинг шахсий ҳаётига аралашишга йўл қўймаслик жамоатчилик назорати субъектларининг мажбуриятлари сирасига киради.

Ҳужжат 13.04.2018 йилдан кучга кирди.

Мазкур ҳужжатнинг тўлиқ матни, шарҳлар ва у билан боғлиқ бошқа қонун ҳужжатларига ҳаволалар билан «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари» ахборот-қидирув тизимида танишиш мумкин.

Манба: Norma.uz

Жамоатчилик назорати қонун билан тартибга солинди was last modified: Апрель 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »