“Адолат” СДП томонидан Сирдарёда инновацион ярмарка ташкил этилди

30 Май, 09:42 • Партия лойиҳаси, Сирдарё вилояти, Янгиликлар • 113 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” СДП томонидан Сирдарёда инновацион ярмарка ташкил этилди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси доирасида партия вилоят ташкилоти томонидан Гулистон давлат университети билан ҳамкорликда ҳудуддаги ёш олимлар ва инноваторларни кенг жалб қилган холда инновацион ярмарка ташкил этилди.

Олий ўқув юртларининг инновацион инфратузилмасини кучайтириш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, ўқитувчилар ва ходимларнинг инновацион фаоллигини ошириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган ушбу ярмаркада университет ўқитувчи ва талабалари билан бир қаторда вилоятнинг барча туманларидан иқтидорли ўқувчи-ёшлар ўзлари яратган инновацион ишланмалари билан фаол иштирок этишди.

Нозимжон Мўйдинов, Оқолтин туманидаги 5–умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси, ярмарка қатнашчиси:

— Бугунги ярмаркада ўзи гапирадиган, юрадиган робот чангютгич, ақлли тест доскаси ҳамда оддий қоғоздан ясаган машина каби ижодий ишларим билан қатнашдим. Ишланмаларим ярмаркага ташриф буюрганларга маъқул келди. Бундан жудаям хурсанд бўлдим ва келажакда халқимиз оғирини енгил қиладиган кашфиётлар қилиб, юртимиз номини жаҳонда янада танитиш ниятим бор.

Орифжон Хўрозбоев, Мирзаобод туманидаги 26–умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси:

— Мен ўқувчи ёшлар ўртасида ўтказиладиган “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” вилоят кўрик–танловининг “Роботтехника ва электрон ўйинчоқлар” йўналишида ҳамда Мирзаобод тумани умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида физика фанидан кўргазмали қуроллар кўрик–танловида фахрли биринчи ўринни эгаллаганман. “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” Республика кўрик–танловининг махсус сертификати билан тақдирланганман. Бугунги тадбир ҳам менга жудаям манзур бўлди. Ярмаркада 3 та ижодий ишим ва 8 та лойиҳамни тақдим этдим. Деҳқонларимизга қулайлик яратиш, қўл меҳнатини енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган “Механик томорқа” лойиҳам Ўзбекистон “Адолат” СДП фаолларида катта қизиқиш уйғотди. Хаттоки ушбу лойиҳамни янада мукаммаллаштириб, уларга тақдим қилсам ҳомийлик масаласида ўз кўмакларини беришларини ҳам таъкидладилар.

Шундан сўнг лойиҳа доирасида Гулистон давлат университетининг мажлислар залида ташкил этилган тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилояти Кенгаши раиси Дилшунос Абдуллаева кириш сўзи билан очиб, мазкур лойиҳа мазмуни, мақсади, вазифалари тўғрисида тўлиқ ахборот берди. Тадбир доирасида партия Сиёсий Кенгаши аъзоси, “Адолат” ижтимоий сиёсий газетаси бош муҳаррири Ислом Ҳамроев, Гулистон давлат университети ректори Муҳсин Ходжиев, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродовларнинг мавзуга оид маърузалари тингланди.

Маърузачилар таъкидлаганидек, ҳозирда ҳар қандай давлатнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлиги биринчи ўринда мунтазам янгиланиб турган замонавий технологияларни ўзлаштиришга қодир юксак билим ва интизомли ишчи кучини доимий равишда тайёрлашга боғлиқ. Мамлакатимиз томонидан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни истаган ёшларни ушбу соҳага жалб қилиш, зарур кўникмаларни шакллантириш, ўз тадбиркорликларини ташкил этишларига кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дилшунос Абдуллаева, вилоят партия ташкилоти раиси:

— Талаба ва ўқувчи-ёшларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган бугунги тадбирда кўплаб иқтидорли ёшларимиз иштирок этишди. Улар томонидан тақдим этилган ижодий ишларнинг ҳар бири тахсинга лойиқ.

Тадбир сўнггида лойиҳа доирасида ташкил этилган ярмаркада ўз ижодий ишларини тақдим этган 50 нафардан ортиқ ўқувчи ёшларга вилоят партия ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши

матбуот хизмати

“Адолат” СДП томонидан Сирдарёда инновацион ярмарка ташкил этилди was last modified: Май 30th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »