“Адолат” СДП томонидан Термиздаги боғчада “Шахмат майдончаси” ташкил этилди

2 Май, 16:32 • Сурхондарё вилояти, Янгиликлар • 234 марта кўрилди • Комментариев к записи “Адолат” СДП томонидан Термиздаги боғчада “Шахмат майдончаси” ташкил этилди нет

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги “Мактабгача таълим муассасаларининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 2017 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги ва унинг тизимидаги муассасаларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги қарорига асосан мамлакатимизда мактабгача таълим сифатини ошириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳни ташкил этиш, давлат-хусусий шериклик асосида янги турдаги мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш белгиланган. Мазкур қарорларга асосан 2018 йилда шаҳарда давлат-хусусий шерикчилиги асосида Нодавлат МТМ тармоғини кенгайтириш бўйича Сурхондарё вилоятида 242 та 50 ўринга мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси қурилиши бошлаб юборилган. Бу эса энг қувонарли ҳолдир.

Ушбу вазифаларнинг амалга оширилишида партиянинг иштирокини таъминлаб, жамоатчилик ва депутатлик назоратини ташкил этиш дастурий мақсадларимизни амалга оширишда муҳимдир. Бу борада Сурхондарё вилоятида ҳам самарали ишлар бажарилмоқда. Хусусан, партиянинг шаҳар ва туман Кенгашларида ҳам белгиланган таркибда ишчи гуруҳлари тузилиб, мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар олиб борилмоқда. Депутатларимиз аниқланган муаммолар юзасидан фақатгина сўровлар билан чекланиб қолмасдан баъзи муаммоларни ўз ҳомийликлари остида ҳал қилишга ҳам эришмоқдалар. Боғчаларга ўйинчоқлар, кичик аттракцион мосламалар, китоб, рангли мўйқаламлар совға қилишмоқда.

Шу хусусда партиянинг Термиз туман  Кенгаши ҳам мазкур ўрганишларга жиддий ёндашмоқда. МТМлари фаолияти билан танишиш давомида маҳаллий Кенгаш депутатлари жонбозлик кўрсатишмоқда. Куни кеча партиямиз вакиллари ҳамда туман кенгаши депутатлари ҳомийлиги остида тумандаги 1-сонли мактабгача таълим муассасасида “Шахмат майдончаси” қурилиб болажонлар ихтиёрига топширилди. Айтиш жоизки,  бироз вақт аввал ишчи гуруҳ аъзолари 1 -сонли МТМда бўлишиб мавжуд шароитлар билан яқиндан танишиб, уларда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўришган эди. Моҳир педагог Моҳира Хўжамбердиева раҳбарлик қилаётган  мазкур мактабгача таълим муассасаси 140 ўринга мўлжалланган бўлиб 8 та гуруҳда  220 нафар бола тарбияланади. Шундан қисқа муддатли мактабга тайёрлов  гуруҳи 2 та бўлиб унда 80 нафар бола тарбияланмоқда. Мазкур МТМда 12 нафар педагог бўлиб 4 нафар олий маълумотли тарбиячиларнинг борлиги мақсадлидир. Депутатларимиз мазкур муассасада  бўлиб ишчи ходимлар, тарбияланувчи болалар билан дилдан суҳбат қуриб, таклиф ва мулоҳазаларни тингланган эдилар. Суҳбат давомида тарбиячилар ва болажонлар томонидан шахмат майдончаси зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Шу таклиф асосида тез орада туман Кенгаши депутатлари Шуҳрат Маманов, Отабек Мавлонов, партия фаоли Шуҳрат Ҳайитов ҳомийлигида мазкур боғчада “Шахмат майдончаси” қуриб битказилди. Айни пайтда мазкур шахмат майдончаси болажонларнинг севимли  ўйин ошёнига айланган.

Хосият Рахимова, тайёрлов гуруҳ тарбиячиси:

Шахматни ақл чархи ва кўнгил иштиёқи дейишади. У инсон тафаккурини ривожлантиради. Аниқ мақсад сари интилишга, қийинчиликларни сабр билан енгиб ўтишга ўргатади. Шу ўринда бола онгини ривожланишида ҳам ижобий таъсирга эгадир. Мазкур шахмат майдончасининг ҳадя этилиши  болажонларимизга чексиз қувонч бағишлади. Нафақат болажонларнинг балки катталарнинг ҳам севимли машғулотига  айланган шахмат майдончаси учун Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг вакиллари ва депутатларидан миннатдормиз.

Таълим-тарбиянинг бош бўғини бўлган мактабгача таълим муассасаларида шарт-шароитларни кенгайтиришга  жиддий ёндашиш ўта муҳимдир. Албатта, вилоятдаги барча МТМларида болаларнинг таълим-тарбияси, маънавий баркамоллигини юксалтириш билан нафақт педагоглар, балки биз партия фаоллари ҳам шуғуллансак кўзлаган мақсадимизга эришишимиз шубҳасиздир.

Убайдулло ТОҒАЙНАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Термиз туман Кенгаши раиси

“Адолат” СДП томонидан Термиздаги боғчада “Шахмат майдончаси” ташкил этилди was last modified: Май 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »