Адвокатура институти инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоячиси

28 Май, 12:11 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 172 марта кўрилди • Комментариев к записи Адвокатура институти инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоячиси нет

Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан саналади. Шунга кўра фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда адвокатура муҳим ўрин тутади.

Адвокатура – ҳуқуқий институт бўлиб, у адвокатлик фаолияти билан шуғулланувчи шахслар ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Олий юридик маълумотга эга ва адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олган Ўзбекистон Республикаси фуқароси мамлакатда адвокат сифатида фаолият юритиши мумкин. Адвокатлик фаолияти дейилганда қонунда белгиланган тартибда адвокатлик мақомини олган шахслар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ, эркинлик ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида уларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдам тушунилади.

Ўзбекистон Республикаси мустақиллигидан кейин адвокатлик фаолияти мақсади ва вазифаларига оид тушунчалар анча кенгайди. “Адвокатура тўғрисида”ги, “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги, “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунлар билан соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланди. Мазкур Харакатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юртдошларимиз томонидан одил судловга эришиш даражасини ошириш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, юридик ёрдам ва хизматлар сифатини тубдан яхшилаш учун қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга эътиборни янада кучайтириш белгиланган. Шунга кўра Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йилнинг 12 май куни “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармонлари билан адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратиш, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омилларни бартараф қилиш ҳамда адвокатура фаолиятни ривожлантиришга қаратилган бир қатор амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирларни белгилаб бердилар.

Адвокатлик фаолиятининг принциплари – қонун устуворлиги, адвокатнинг мустақиллиги, адвокатнинг касб этикаси қоидаларига, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдига риоя этиши, қонун ҳужжатларида ман қилинмаган усуллар ва воситаларини қўллашдан иборат. Адвокат бир томондан жисмоний ва юридик шахсларнинг муайян манфаатларини ҳимоя қилса, иккинчи тарафдан давлатимизда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам хизмат қилади.

Президентимизнинг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  Фармони асосида қабул қилинадиган норматив ҳужжатлар адвокатура соҳасининг ҳуқуқ идоралари тизимидаги ўрнини тобора мустаҳкамланишига, адвокатларнинг жамиятдаги обрў-эътибори янада ошишига хизмат қилади.

 Адвокат берган тўғри ҳуқуқий маслаҳат жисмоний ёки юридик шахсни йўлдан адаштирмайди, қонун бузилиши ҳолатларидан четда тутади. Демак, юртимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада яхшилашда адвокатларнинг ҳам муносиб ўрни бўлиши зарур. Ҳар қандай давлат ва жамиятда қонун устуворлиги ва фуқаролар тотувлигини таъминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий-демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этишга энг муҳим масала сифатида қаралади. Адвокатура институтининг тубдан ислоҳ қилиниши мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг самарали тизими ҳисобланади.

Фозил РАХМАНОВ,

Халқ депутатлари Юнусобод туман

Кенгаши депутати

Адвокатура институти инсон ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоячиси was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »