Адвокатура институти: такомиллашув йўлидаги янги вазифалар

15 Май, 09:52 • Муносабат, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 184 марта кўрилди • Комментариев к записи Адвокатура институти: такомиллашув йўлидаги янги вазифалар нет

Мустақил демократик йўлдан дадил одимлаётган Ўзбекистоннинг энг улуғ мақсади, аввало, халқимиз манфаатлари кўзланган ислоҳотларни амалга оширишга қаратилгани билан эътиборлидир. Анашу борада, жорий йил 12 май куни давлатимиз раҳбари томонидан “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши нафақат соҳа эгаларининг балки, фуқароларнинг ҳам катта қувончига сабаб бўлди.

Истиқлол йилларида юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилиниши соҳасида бир қатор самарали ишлар амалга оширилиб келинаётганлигини бугун ҳеч ким инкор эта олмайди. Шу маънода инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга ҳамда адвокатларга кенг қулайликлар яратишга қаратилган ушбу Фармон жамият ҳаётида муҳим ўринга эгалиги билан аҳамиятлидир. Мамлакатимизда суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил олиб борилди. Тизимда адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилган бўлсада, адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмаганлигини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар борки, бу соҳа ривожини оқсашига сабаб бўлмоқда. Зеро, ҳар қандай ҳукм ортида ҳимояланувчи бир инсоннинг тақдири, унинг эртанги келажаги турибди.

Хусусан, суриштирув ва тергов органларининг айрим ходимлари томонидан адвокатлар ўзларининг ишонч билдирувчилари (ҳимояси остидагилари) олдига киришларига юзаки сабабларга кўра тўсқинлик қилинмоқда, бундай ҳолатларда адвокатларнинг шикоятларини кўриб чиқишнинг амалдаги механизмлари адвокатлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатларининг самарали олдини олишни таъминламаётганлиги, адвокатлик фаолиятини лицензиялаш тизими юридик амалиётнинг тегишли соҳаларга бўлинишини ҳисобга олмайди, бу эса адвокатлик касбининг ихтисослашувига салбий таъсир этаётганини бугун вақтнинг ўзи кўрсатиб берди.

Фармонга кўра, 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати олти ойдан уч ойга қисқартирилгани билан соҳа вакилларига яна бир қулайлик яратилди. Бунда давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида камида уч йил фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади. Эндиликда янги Фармонга асосан, суднинг адвокатни жиноят содир этишда айбдор деб топиш тўғрисидаги айблов ҳукми кучга кирган тақдирда, судья бир сутка ичида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигини ва Адвокатлар палатасини белгиланган тартибда ёзма хабардор қилиши лозимлиги кўрсатиб берилди.

Айтиш жоизки, мазкур Фармонда белгиланган вазифалар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тизимида Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармаларида эса тегишли бўлимларнинг ташкил этилиши инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш йўналишида давлатимизда олиб борилаётган сиёсий-ҳуқуқий ислоҳотларнинг узвий давоми бўлди десам, муболаға бўлмайди.

Зотан, Фармоннинг бош мақсади адвокатура тизимини ривожлантириш, инсон ҳуқуларини адолатли ҳимоя қилиш экан, бу борада партиямизнинг сайловолди дастурида ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Партия дастурига кўра, адолат ва ҳақиқатга интилиш, адолатли жамият қуриш халқимизнинг асрий орзулари сирасига киради. Зеро, адолат устун бўлган юртда ривожланиш, файзу барака кучаяди. Адолат бор жойда тараққиёт бўлади, юксак муваффақиятларга эришилади, дея таъкидлаб ўтилган. Ўз навбатида Фармоннинг мазмун-моҳияти ҳамда партия сайловолди дастури мақсадидаги уйғунлашув бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди, десам янглишмаган бўламан. Бу йўлда фуқароларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашга йўналтирилган демократик ижтимоий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш ғоялари сари янада самарали ишларни олиб боришимизда бизга куч-қувват бағишлайди.

Шунингдек, Фармонда фаолият юритаётган адвокатлар ва янгидан адвокат мақомини олган шахслар Адвокатлар палатаси томонидан Адлия вазирлиги билан биргаликда белгиланган ҳар бир танланган мутахассислик бўйича алоҳида лицензия асосида юридик ёрдам кўрсатиб ўтилди. Бу эса, фаолият юритаётган адвокатларнинг лицензияларини қайта расмийлаштириш уларни танлаган мутахассислиги бўйича қайта аттестациядан ва йиғимларни тўлашдан озод этган ҳолда амалга оширилиши билан аҳамиятлидир.

Бундан кўриниб турибдики, мазкур Фармонда Адвокатура институти самарадорлигини оширишда, адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш борасида белгиланган чора-тадбирлар  инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш соҳасидаги ишларни янада кучайтиришга, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари бузилишига сабабчи бўлган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўришга ҳамда жамиятда адолатнинг ўрнини янада мустаҳкамлашда ҳали узоқ йиллар бош омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Умид ШОУМАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Адвокатура институти: такомиллашув йўлидаги янги вазифалар was last modified: Май 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »