Адвокатура институти янада такомиллашмоқда

14 Май, 20:12 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 263 марта кўрилди • Комментариев к записи Адвокатура институти янада такомиллашмоқда нет

2018 йил 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши адвокатура соҳаси янада ривожланиши, юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини адолатли ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Ушбу Фармон адвокатура тизимини тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ амалга оширишга қаратилган бўлиб, адвокат ҳуқуқ ва эркинликлари кенгайтирилиши, айниқса, айбланувчини тўлақонли ҳимоя қилишга, адолатли ҳукм чиқарилишини таъминлашга хизмат қилади.

Қарорга мувофиқ, адвокатларнинг ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган ва улар томонидан сифатли юридик ёрдам кўрсатилишига халал бераётган қатор омиллар — адвокатларнинг ўз ҳимояси остидаги айбланувчининг олдига киришда, шикоятларини кўриб чиқишда тўсқинлик қилиниши, жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқларини  ҳимоя қилиш учун турли ташкилотларга йўллаётган сўровлари кўп ҳолларда давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан эътиборсиз қолдирилишини бартараф қилиш кўзланган.

Фармон адвокатура соҳасида рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уни ривожлантириш мақсадида адвокатлик фаолиятидан юридик маслаҳат хизматларини ажратиш, адвокатлик фаолиятини лицензиялашда юридик амалиётнинг тегишли соҳаларга бўлинишини татбиқ этиш орқали адвокатлик касбининг ихтисослашувини йўлга қўйиш,  энг муҳими, Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг адвокатура институти ҳимоячиси сифатидаги ролини ошириш, адвокатлар томонидан Адвокатларнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдини бузиш ҳоллари кўплаб учраши ва бу орқали ҳимоя остидагиларнинг норозилигига сабаб бўлувчи омиллар ечимига қаратилган.

Фармонга кўра, 2018 йил 1 июлдан бошлаб адвокатга низоларни судгача ҳал қилиш бўйича чоралар кўриш, томонларни яраштириш, шунингдек ҳакамлик судьяси сифатида қатнашиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундан ташқари, адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун адвокатлик тузилмасида мажбурий стажировка ўташ муддати икки баробарга камайтирилади, камида уч йил давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати ходимлари ва судья, терговчи ёки прокурор лавозимида фаолият юритган шахслар мажбурий стажировкадан озод этилади.

Яна бир янгиликка мувофиқ, эндиликда юридик ёрдам танланган ҳар бир мутахассислик (жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва бошқалар) бўйича алоҳида лицензия асосида кўрсатилади, лицензиянинг амал қилишини тугатиш эса фақатгина суд томонидан амалга оширилади.

Адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видео кузатув ускуналар бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг қатнашувисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланади, шунингдек адвокатлар суд биносига монеликсиз компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини олиб киришлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасига биноан тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Адвокатура фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун фаолият кўрсатишини инобатга олсак, ушбу Фармон нечоғлик долзарб эканлигини тасаввур қилиш мумкин.

Адвокатларнинг сўровлари сўров қабул қилинган пайтдан бошлаб кўпи билан ўн беш кун муддатда бажарилиши шарт. Бундай сўровларни ижро этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун адвокат айбдор мансабдор шахсларни маъмурий жавобгарлик масаласини кўриб чиқиш масаласида тўғридан-тўғри судларга мурожаат қилиши мумкин.

Яна бир узоқ кутилган янгиликлардан бири, бу адвокатура тизимида иш стажига кўра, Адвокатлар палатаси раиси томонидан бериладиган адвокатларнинг малака даражаларини таъсис этилишидир.

Адвокатлик мақомига эга бўлиш учун малака имтиҳони жараёнларининг шаффофлиги таъминлашнинг янги услублар жорий этилиши белгиланди, жумладан эндиликда малака имтиҳони жараёнини Интернет тармоғида реал вақт тарзида трансляция қилиб борилади.

Шунингдек, Адвокатлар палатасининг роли сезиларли даражада оширилди. Энди адвокатлик фаолияти ва суд иши билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан мажбурий келишилиши лозим, Адвокатлар палатаси раисига эса Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг мажлисларида қонун лойиҳаларини муҳокамасида иштирок этиш ва ўз фикрларини билдириш ҳуқуқи берилди.

Хулоса қилиб айтганда, адвокатура соҳасидаги бу ислоҳотлар адвокатура институтини янада эркинлаштириш, адвокатуранинг ўрни ва мақомини кучайтиришга суд-ҳуқуқ тизимини янада либераллаштириш, фуқароларнинг тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқини мустаҳкамлайдиган конституциявий нормани амалга ошириш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини оширишга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга.

Равшан ТАЛИПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши раиси

Адвокатура институти янада такомиллашмоқда was last modified: Май 14th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »