Адвокатура — ҳуқуқий ҳимоянинг ишончли кафолати

17 Май, 10:13 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи Адвокатура — ҳуқуқий ҳимоянинг ишончли кафолати нет

Истиқлол йилларида юртимизда  инсонни ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий ҳимоя қилиш, унинг ҳар тарафлама камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор вазифаси этиб белгиланди. Бу борада мамлакатимизда қатор қарор, фармойишлар қабул қилинди. 2018 йилнинг 12 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг эълон қилиниши соҳада яна улкан янглигиклар бўлишига замин яратади.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонлар тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилиб, адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди. Бироқ шундай бўлсада, адвокатура ҳанузгача одамлар ишончини қозонган ҳуқуқни ҳимоя қилувчи институтга айлана олмагани ачинарлидир.

Хусусан, адвокатларнинг жисмоний ва юридик шахслар ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш учун турли ташкилотларга йўллаётган сўровлари кўп ҳолларда давлат органларининг мансабдор шахслари томонидан эътиборсиз қолдирилаётгани, адвокат сўровини кўриб чиқишнинг аниқ тартиби ва муддатларини билатуриб, ёлғон ёки нотўғри ахборотни тақдим этиш каби омиллар соҳа ривожига тўсқинлик қилган сабаблардан бири деб, ўйлайман. Шунингдек, айрим соҳа вакилларининг билими етмаслиги, ўзининг касбий мажбуриятларига масъулиятсизлик билан ёндашаётган адвокатлар томонидан касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёдини бузиш ҳоллари кўплаб учраётгани, бу эса мурожаат этувчининг норозилигига сабаб бўлиши билан бирга, ҳимоя қилинувчиларда адвокатурага бўлган ишончсизликни кучайтираётган эди.

Шунингдек, қатор муаммолар ечими янги жорий қилинган фармонда ўз аксини топди, десам янглишмаган бўламан. Унга кўра, адвокат томонидан адвокатура тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, адвокатнинг касб этикаси қоидалари талаблари, адвокатлик сири ва адвокат қасамёди мунтазам равишда ёки бир марта қўпол равишда бузилганда, адвокатнинг шаъни ва қадр-қимматига доғ туширадиган ҳамда адвокатуранинг обрўсини туширадиган қилмиш содир этилганда лицензиянинг амал қилишини тугатиш Олий малака комиссияси хулосасига асосан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг мурожаати бўйича фақат суд томонидан амалга оширилиши белгилаб берилди. Бу эса, адвокатнинг ўз касбига жиддий ёндашишни, фидокорона меҳнат қилишни талаб қилади. Шунингдек, адвокат мақомини олиш бўйича малака имтиҳонини такроран топшириш муддати бир йилдан олти ойгача қисқартирилиши тизим вакилларига яратилган яна бир қулайликдир. Айниқса, адвокатлар ўзларининг ҳимоя остидаги шахслар билан аудио ва видеокузатув қурилмалари бўлмаган махсус хоналарда ҳамда бегона шахсларнинг иштирокисиз ўз вақтида ва ҳеч қандай тўсиқларсиз учрашиши таъминланиши, бунда адвокат ва ҳимоя остидаги шахснинг суҳбатини учинчи шахслар эшитишини истисно этган ҳолда уларни визуал кўриб туриш имконияти сақланиб қолиниши шартлиги ҳам соҳа эгаларига яратилган кенг имконятлардан биридир.

Фармонда адвокат сўровига кўра маълумотларни ўз вақтида тақдим этмаслик, ёлғон ёки нотўғри маълумотларни тақдим этганликда айбдор мансабдор шахслар адвокатнинг судга тўғридан-тўғри мурожаатига асосан белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилиши кўрсатиб ўтилди. Бу эса, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юртимизда энг олий ўринда туришидан далолатдир. Чунки суд жараёнига тақдим этиладиган ҳар қандай маълумотнинг тагида бир инсон тақдири, унинг келажаги турганлиги барчамизга маълум.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармоннинг қабул қилиниши адвокатура тизимини ҳуқуқий ҳимоянинг ишончли кафолати бўлишига замин яратиб, уни тубдан такомиллаштириш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш, шунингдек суд ишини юритишда тенглик ва тортишув принципларини тўлиқ амалга оширишни таъминланиши билан жамият ҳаётида аҳамиятлидир.

Луиза ҲИКМАТОВА,

Халқ депутатлари Олмазор туман

Кенгаши депутати

Адвокатура — ҳуқуқий ҳимоянинг ишончли кафолати was last modified: Май 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »