Автомототранспорт воситалари ижараси кимларга берилади? Бу борада “Адолат” СДП фракциясининг ўз позиция мавжуд

15 Май, 10:42 • Муносабат, Янгиликлар • 161 марта кўрилди • Комментариев к записи Автомототранспорт воситалари ижараси кимларга берилади? Бу борада “Адолат” СДП фракциясининг ўз позиция мавжуд нет

Шу кунларда парламент қуйи палатаси қўмиталарида бир қатор қонун лойиҳалари кенг муҳокама қилинмоқда. Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилиб, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси анна шулардан биридир.

Фан, таълим, маданиятва спорт масалалари қўмитаси томонидан сиёсий партиялар  фракциялари вакиллари, тегишли идоралар мутасаддилари, соҳа мутахассислари иштирокидаги кенгайтирилган йиғилишида ушбу ҳужжат нормалари юзасидан мунозаралар  бўлиб ўтди. Айниқса, “Демократик кучлар блоки”га бирлашган фракциялар ҳамда мухолиф фракцияларнинг позицион тортишувлари  қизғин тус олди.

Таъкидлаш лозимки, таклиф этилаётган қонун лойиҳаси юртимизда туризмни ривожлантириш учун қўшимча хизмат турини жорий этишни назарда тутади.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда миллий туризм индустриясини, автомототранспорт воситаларининг ижара бозорини ривожлантириш долзарб аҳамият касб этиш билан бирга ушбу соҳага эҳтиёж тобора сезилмоқда. Мутахассисларнинг таъкидлашича, транспорт воситаларини ижарага бериш масалалари нотариал тасдиқлаш талаб этиладиган битимлар турига киритилган. Жаҳон тажрибасидан аёнки, туристларга биринчи навбатда қулайлик яратиш мақсадида уларга автотранспорт воситаларидан фойдаланишда ҳеч қандай ортиқча маъмурий чекловлар, тўсиқлар белгиланмаган. Бизнинг қонунчилигимизда эса ушбу жараён қўшимча вақт, харажат талаб қилади. Таклиф этилаётган қонун лойиҳасига кўра, автомототранспорт воситаларини 30 кунгача бўлган муддатга нотариал тасдиқловсиз ижарага бериш кўзда тутилмоқда.

Эътиборли жиҳати, қонун лойиҳасида автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизматлар ихтисослашган юридик шахсларга берилиши назарда тутилаётгани фракциялараро мунозарага, қизғин тортишувларга сабаб бўлмоқда. Тўғри, ушбу норма мамлакатимизга хориждан келаётган сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатишни таъминлаш, шунингдек, ички туризмни ривожлантириш мақсадида  таклиф этилмоқда. Аммо, бу борада ҳар бир партия фракциясининг ўз дастурий мақсадларидан келиб чиқадиган нуқтаи назари, позицияси бор.

Жумладан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур фаолиятнинг сифатли хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида айнан автомототранспорт воситаларини юридик шахсларга ижарага бериш ёқлаётган бўлса, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари ҳам ушбу таҳрирни қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу жараёнда асосий вазифа техникани ижарачига соз ҳолатда бериб, уни шу ҳолатда қайтариб олиш, бир сўз билан айтганда, фойда олишга эришишдан иборат эканлигини илгари сурмоқда.

Шу билан бирга, ЎзМТДП фракцияси аъзоларининг қайд этишича, мазкур фаолият билан шуғулланиш учун бир нечта ходимлар, яъни механик, инженер, транспорт созлигини текширувчи, чет эллик турист бўлса таржимон керак бўлади. Бу эса, ушбу хизматни айнан юридик шахс ташкил этиши лозимлигини кўрсатади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида “ихтисослашган”, деган сўзнинг қўшилиши, албатта, бу соҳада хизмат кўрсатувчиларни торайтиради. Шу билан бирга, туристнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида уларнинг масъулиятини кучайтиради.

Ушбу масалада Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг позицияси “Демократик кучлар блоки” аъзоларининг фикридан фарқ қилади, албатта.

Хусусан, фракция аъзоси Шуҳрат Полвонов қонун лойиҳаси муҳокамасида жуда кўп тортишувлар бўлаётгани унга тор доирада эътибор қаратилаётгани натижаси, деб таъкидлайди. Депутатнинг фикрича, Фуқаролик кодексига киритилаётган ўзгартиш фуқаролик ҳуқуқи назариясига зиддир. Нима сабабдан? Ижара шартномаси бу фуқаролик ҳуқуқий муносабат, бу шароитда томонлар тенг. Бунга зид равишда қўшимча киритилаётгани эса мана бу тарафгина шартнома туза олади, деган чекловни қўйяпти. Бу эса тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда.

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умид Сулаймонов ушбу қонун қабул қилингандан кейин айрим камчиликлар юзага чиқиши эҳтимоли бўлган жиҳатларга эътибор қаратди. Айни чоғда автомототранспорт воситаларини юридик шахслар билан бир қаторда якка тартибдаги тадбиркорларга ҳам ижарага бериш таклифини илгари сурди.

Фракциянинг яна бир аъзоси Жамшид Пирматовнинг фикрича,  қонун лойиҳасида назарда тутилаётган транспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, унинг муддатидан қатъи назар, ёзма шаклда тузилиши шарт эканлигига оид нормани бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш лозим. Яъни, ахборот коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган ҳозиргидаврда ижарага бериш шартномасини нафақат ёзма шаклда, балки электрон шаклда ҳам имзолашни ҳам жорий этиш керак. Чунки, бугунги кунда аксарият тадбиркорлик субъектлари ўзининг электрон рақамли имзосига эга. Қолаверса, ҳозирда жисмоний шахслар ҳам электрон имзога эга бўлишлари учун имкониятлар мавжуд. Умуман, ижарага бериш шартномасини электрон шаклда имзолаш транспорт воситасини ижарага берувчига ҳам ундан фойдаланувчига ҳам қулайлик яратиб, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олади.

Шу ўринда Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ҳам  қонун лойиҳаси билан таклиф этилаётган автомототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатишга ихтисослашув ҳамда бу борада қатъий чегаралар қўйилганлигига  эътироз билдирди.

Бир сўз билан айтганда, “Адолат” СДП фракциясиқизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган “Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 565-моддасига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қайта кўриб чиқиш ҳамда концептуал ўзгартишлар киритиш зарур, деган фикрда ва бу позициясида қатъий қолади. Қолаверса, ушбу қонун лойиҳасини мутахассислар ва кенг аҳоли иштирокида атрофлича муҳокама қилиш мақсадга мувофиқдир. Зеро, қонунларнинг ҳақиқий ижодкори халқимизнинг ўзи бўлмоғи бугунги давр талаби ҳисобланади.

Бахром БУРХАНИТДИНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг ижрочи котиби

Автомототранспорт воситалари ижараси кимларга берилади? Бу борада “Адолат” СДП фракциясининг ўз позиция мавжуд was last modified: Май 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »