Бугунги кун шукронаси

11 Май, 18:24 • Муносабат, Навоий вилояти, Янгиликлар • 106 марта кўрилди • Комментариев к записи Бугунги кун шукронаси нет

Тинч ва фаровон кунларга етганига шукрона айтиб, яқинлари даврасида пиру бадавлат бўлиб яшаётган Пирназар бобо Турдиевни бугун Кармана тумани “Дўрман” маҳалласи аҳли ардоқлайди, ҳурмат билан тилга олади.

Бу йил 104 ёшни қарши олган бобо Иккинчи жаҳон урушининг оғир ва машаққатли йилларини ёдга олар экан, айни кунларда тарихга айланган воқеалар, оловли жангоҳлар, ҳалок бўлган сафдошларининг қиёфаларини кўз олдига келтирди.

— 1941 йилнинг ёзи. Биринчилардан бўлиб, фронтга кетдик. Қисқа тайёргарликдан сўнг Сталинградга жўнатишди, — дея сўз бошлайди отахон. – Урушнинг даҳшатини ўз кўзи билан кўрган одамгина Ватаннинг қадрини, она тупроқнинг муқаддаслигини чуқур англайди, тинчликнинг нақадар буюк неъмат эканлигини ҳис этади. Биз — кўп миллат вакиллари бир-биримизга елкадош, тиргак бўлиб жангга отланганмиз. Не кунларни кўрмадик, дейсиз. Юрагимизда “Туғилиб ўсган юртимизга қайтиб борармикинмиз, ота-онамиз, яқинларимиз билан дийдорлашиш яна насиб этармикин?!” деган ҳадик бор эди.

Пирназар бобо жангларнинг бирида оёғидан қаттиқ яраланади. Бу жароҳатга аввало, унинг метин иродаси бардош берди, бу оғриқни   миллатимизга хос мардлик билан енга олди. Отахон ўша кунларни хотирлар экан, шундай дейди:

— Ҳаво совуқ. Оёғим кўкариб кетди. Госпиталгача анча йўл — ўрмоннинг ўртасида эди. Бир амаллаб етиб келгач, мени наркозсиз операция қилишди. Оёғимдан айрилиб қолдим, деб ўйлагандим. Ҳайриятки, ундай бўлмади. Тўрт ойлик даволанишдан сўнг яна жангга қайтганман. 1945 йилнинг сўнгги жанглари – Польша чегараларигача бордик. Урушнинг уқубатлари қанчалик оғир бўлса, озодлик эпкинини ҳис этиш шу қадар мароқли бўлар экан. Она юртимга 1946 йилда қайтганман. Кейин билсам, менга икки марта қорахат келган экан. Мен остонадан қадам қўйган куни яқинларимнинг азаси байрамга айланган эди.

Урушдан кейинги йиллар ҳам осон кечмади. Йўқчилик, очарчилик, юпин ҳаётни ҳам кўрдик. Минг шукрки, бу талатўплардан омон чиқиб, бугунги фаровон ва хотиржам кунларга етиб келдик. Яқинда Юртбошимизнинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисидаги Фармони эълон қилинганини эшитиб, қувондим. Биз нуронийларга кўрсатилаётган бу каби юксак ҳурмат, эътибор ва ғамхўрликдан мамнунман.

Баҳорнинг айни иш қизиган кунлари бобо томорқа оралайди, десак муболағага йўйманг. Пирназар бобо ерга меҳр бериб, ҳалол ризқ билан рўзғор тебратди, фарзандларига тарбия берди. Бугун бир ўғил, бир қизи, ўнлаб невараю чевараларига бош бўлиб турган отахоннинг оиласига ҳавасимиз ортади. “Илойим, ғайратингизга кўз тегмасин” деймиз.

Нигора РЎЗИЕВА,

партия фаоли

Бугунги кун шукронаси was last modified: Май 12th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »