Давра суҳбати: муаммолар ўрганилди

22 Май, 16:02 • Қашқадарё вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 51 марта кўрилди • Комментариев к записи Давра суҳбати: муаммолар ўрганилди нет

Бугун Косон туманидаги мусиқа ва санъат мактаби мажлислар залида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши, Қашқадарё вилоят бандликка кўмаклашиш маркази, Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Уюшмаган ёшлар: муаммо ва ечимлар” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, вилоят, туман корхона ташкилотлари раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари, таълим соҳаси ходимлари, ёшлар иштирок этдилар. Тадбирда кун тартибидаги  масала юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров маъруза қилди.

— “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ва Президентимизнинг  2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ҳамда Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ва “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан тасдиқланган йўл харитаси бандлари ижросини таъминлаш сира кечиктириб бўлмайдиган вазифалардан ҳисобланади, -деди Абдуғани Умиров. –Ўйлаб кўрадиган бўлсак, Ўзбекистонда яшаётган фуқароларнинг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Албатта, бу катта куч. Шундай экан, эртамиз эгаларининг келажакда жамият ва давлатни бошқариши учун ҳозирдан тайёрлаб боришимиз зарур. Айниқса, бу борада уюшмаган ёшлар билан  алоҳида ишлаш талаб этилмоқда. Энг ачинарли томони шундаки, ана шу уюшмаган ёшлар қатлами орасидан чиққан оила масъулиятини билмаган, фарзанд тарбиялашга тайёр бўлмаган ёшлар турмуш қурмоқда.  Бундан ташқари, шундай ёшлар муқим иш жойига ҳам эга эмас. Ишсиз юрган кўплаб ёшларни бугун тумандаги мутасадди идоралар масъуллари қолаверса, жамоат ташкилотлари вакиллари турли йўналишларда ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланишлари учун ёрдам беришлари, тўғри йўл кўрсатишлари керак.

Шунингдек, уюшмаган ёшларни турли касбларга йўналтириш учун касб-ҳунар коллежлари қошида ўқув курслари очиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Шу ўринда, уюшмаган ёшлар ўртасида турли спорт мусобақалари ташкил этиш ҳам зарур. Меҳнат ярмаркалари ташкил этиш ҳисобига уюшмаган ёшларни доимий иш билан таъминлаш мумкин. Бундан ташқари, туманда ёшларнинг дардини эшитадиган маслаҳат ва психология марказлари очилиши керак. Ушбу марказларга таълим муассасаларини битириб, иш топа олмай юрган ёшлар, қайнонасидан зулм кўрган келин, нотинч оилаларда қийналаётган фарзандлар, ёш бўла туриб, оиласи бузилган, оила қура олмай ёши ўтган йигит-қизлар, ишсиз, боқувчисини йўқотган, ногирон ёшлар мурожаат қилишлари тайин. Биз миллий ва умуминсоний қадриятларга асосланган жамият қурмоқдамиз. Минг йиллар давомида шаклланиб, ривожланиб келаётган ўз миллий ва диний қадриятларимиз бор. Шундай экан, ёшлар онгида ўзимизнинг диний ва тарихий миллий қадриятларимизни эъзозлашни  сингдириб  боришимиз зарур.

Давра суҳбатида Косон тумани ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Убайдулла Очилов, халқ депутатлари  туман Кенгаши депутати Дилдора Аминова, Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Рўйиддин Раупов, фаоллар Поён Рустамов, Боходир Эркинов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, уюшмаган ёшлар билан ишлашни янада такомиллаштириш, уларни ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга тайёрлаш, ташаббускорликка йўналтириш ҳусусида ўз фикр  мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

Тадбирда уюшмаган ёшлар билан мунтазам иш олиб бориш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Умарбек ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят

Кенгаши етакчи мутахассиси

 

Давра суҳбати: муаммолар ўрганилди was last modified: Май 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »