Долзарб мавзуга бағишланди

19 Май, 15:09 • Муносабат, Наманган вилояти, Фракция, Янгиликлар • 144 марта кўрилди • Комментариев к записи Долзарб мавзуга бағишланди нет

Наманган шаҳрида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида кўргазмали сайёр амалий семинар ўтказилди. Тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси Марказий аппарати ташаббуси билан ташкил этилди. Унда партиямиз  фаоллари, депутатлар, оммавий ахборот воситаларининг ходимлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамда жамоатчилик вакиллари, ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирни кириш сўзи билан очган “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси Исроил Жўраев айни замонда  инсониятни қаттиқ хавотирга солаётган халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик сингари глобал муаммолар кучайиб бораётганлиги сабабли ёш авлод онгида мафкуравий иммунитетни шакллантириш долзарб вазифага айланганлигини қайд этди. Шунинг учун партиямиз  мамлакатимиз келажаги соғлом ва ҳар томонлама баркамол навқирон авлод қўлида, деб ҳисоблаб, бундай тадбирларни

мамлакатимизнинг барча минтақаларида ўтказмоқда.

Семинар иштирокчилари Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмоновнинг “Биз экстремистик ва террористик ҳаракатларга қаршимиз”, Наманган вилоят ички ишлар бошқармаси терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси ўта муҳим ишлар тезкор вакили Абдуваҳоб Аҳмедовнинг “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш масалалари”, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили ўринбосари Обидхон Икромовнинг “Ислом дини – тинчлик устунига қурилган диндир” мавзуидаги маърузаларини тингладилар. Улар бу каби тадбирлар мамлакатимизда Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, миллатчилик, экстремизм, терроризм кўринишларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.

“Адолат” СДП Косонсой туман кенгаши раиси Муроджон Жалилов:

— Партиямиз фаоллари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларни бажаришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар. Бугунги семинар эса бизга ўз фаолиятимизни яна бир бор жиддий таҳлил этишга ундади. Мазкур йўналишдаги ишларни кучайтириш ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилади, деб ўйлайман.

Семинарда сўзга чиққан халқ депутатлари Чортоқ туман кенгаши депутати Саидолим Абдураҳмонов, Наманган шаҳрида яшовчи меҳнат фахрийси Мавлудахон Йўлчибоева, “Тараққиёт мезони” газетаси муҳаррири Исроил Юсупов, Ўзбекистон пенсионерлар уюшмаси Наманган шаҳар бўлими раҳбари Турғунпўлат Рўзибоев ва бошқалар ҳам жойларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашдилар. Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига ҳам бир қатор таклифлар билдирилди.

Тадбир ниҳоясида семинар муносабати билан касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида ташкил этилган “Тинчлик – менинг нигоҳимда” мавзуидаги расмлар кўргазмасининг энг яхши иштирокчилари аниқланди. Ёш мўйқалам усталаридан Маҳфуза Обидхонова, Шоҳида Давлаталиева ва Камолиддин Фазлиддинов “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашининг дипломлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, партияга қабул қилинган бир қатор янги сафдошларга аъзолик билетлари топширилди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Долзарб мавзуга бағишланди was last modified: Май 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »