Фарғонада семинар: Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!

16 Май, 20:36 • Семинар, Фарғона вилояти, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи Фарғонада семинар: Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик! нет

Мамлакатимизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар қатори Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам бугун юртимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, тинчликсевар сиёсат олиб бориш, халқ фаровонлиги, юрт ободлиги, келажагимиз равнақи йўлида хизмат қилишни ўзининг устувор вазифаси этиб белгилаган. Партиянинг сайловолди Дастуридан ўрин олган “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, “Адолат – ҳар бир инсон учун” деган эзгу ғоялар инсон ва унинг манфаатлари энг олий қадрият эканлигини таъкидлайди.

Маълумки, давлатимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, ёш авлод қалбига она юртга муҳаббат, садоқат туйғуларини чуқур сингдириш ҳамда ғоявий ва ахборот хуружларининг мақсадларини фош этиш, ёшларни ҳушёрлик ва огоҳлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий ишларни янада кучайтириш бугунги куннинг энг муҳим масалаларидан ҳисобланади.

Ёшлар масаласи мамлакат тараққиёти ва равнақи билан бевосита боғлиқ экан, ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишда ёшларга таълим ва тарбия бериш, айнан сифатли таълим-тарбия бериш, уларни турли ҳил маънавий, мафкуравий таҳдидлардан асраш давримизнинг ўта долзарб вазифаларидан биридир.

Айнан шу дастурий вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий Кенгашларида Ватанга садоқат билан хизмат қиладиган ёшларни етиштириб бериш, экстремизм, терроризм иллатларига қарши ғоявий кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш мақсадида “Ватан келажаги ёшлар қўлида!”, “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Биргаликда юксак ҳуқуқий маданият сари” каби йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ қилиниб, улар доирасида ёшлар ўртасида турли акциялар, давра суҳбатлари, кўрик-танлов ва семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Бугун Фарғона вилоятининг “Темурбеклар мактаби” ҳарбий лицейида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида ўтказилган республика кўргазмали сайёр амалий семинари шулар жумласидандир.

Семинарда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, ҳудудий Кенгаш фаоллари, депутатлар, вилоят ИИБ Терроризм ва эктремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда жамоатчилик вакиллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар иштирок этди.

Тадбир аввалида партия вакиллари, фаоллар ҳамда иштирокчилар ҳарбий мактаб ўқувчилари томонидан тантанавор кутиб олинди ва таълим маскани узра давлатимиз мадҳияси янгради.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги қарори ёшларда соғлом дунёқараш, жумладан, китобхонлик кўникмасини шакллантириш, интернет, ахборот-коммуникация технологияларидан оқилона фойдаланиш маданиятини ошириш, уларда ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Абдукамол Рахмонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан 2018 йилнинг май-июнь ойлари мобайнида амалга оширилиши белгиланган чора-тадбирларга мувофиқ, Йўл харитаси асосида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!” умумий шиори остида Республика сайёр семинари ўтказиб борилмоқда. Бугун Фарғона вилоятида ташкил этилган мазкур тадбир ҳам атрофимизда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг оқибатини атрофлича чуқур мушоҳада этиш, терроризм, экстремизм, ақидапарастлик, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес ва бошқа таҳдидларга қарши самарали ғоявий кураш олиб бориш мақсадларига қаратилган.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар, ижтимоий тоифа вакиллари ўртасида миллий ғояни кенг тарғиб этиш, кучли тарғибот орқали фуқароларимзга бунёдкорлик руҳини сингдириб бориш, халқимизни эртанги кунига ишонч туйғуларини кучайтириш, оила, маҳалла ва таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур ўрганиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга Ҳаракатлар стратегияси ҳамда мазкур ҳужжат асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Фарғона вилояти имом хатиби У.Абдуллаев диний бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик руҳида амалга оширилаётган ишлар эътиборга моликлиги, бу борада янги босқичда давом этаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил эканига иштирокчилар эътиборини қаратди.

Муҳаммадризо Нурматов — “Темурбеклар мактаби” Фарғона ҳарбий лицейи директор ўринбосари:

— Ислом — тинчлик, эзгулик ва бағрикенглик дини эканлиги, бинобарин, унинг софлигини сақлаш муҳим вазифа ҳисобланади. Тадбирда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вакили томонидан иштирокчилар эътиборига тақдим этилган маърузаларда ислом ҳар қандай бузғунчилик ва фитналардан холи, аксинча, бундай кучларга қарши фақат маърифат билан курашиш, мусулмон оламида кечаётган мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг асл моҳиятини англаш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда муқаддас динимиз софлигини сақлаш, ислом маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг илмий меросини ўрганиш, қадамжоларини обод этиш, янги масжид-мадрасалар барпо этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Президентимиз ташаббуси билан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, пойтахтимизда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётгани, ушбу марказ қошида Ислом академияси очилиши белгилангани ана шу йўналишдаги эзгу ишларга ёрқин мисолдир.

Ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, диний ақидапарастлик ғояларига қарши курашиш, бу борадаги тарғибот-тушунтириш ишларини янада кучайтириш, ватанпарварлик туйғуларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш масалалари сайёр учрашув иштирокчилари муҳокамасида бўлди.

Қизғин мунозаралар ва ўзаро мушоҳадалар асосида ёшлар ислом дини, унинг мазмун-моҳияти, диний ақидапарастлик ғояларининг асл мақсади тўғрисида тўлиқ маълумотларга эга бўлдилар.

Шунингдек, Фарғона вилояти ИИБнинг терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси вакили томонидан ҳаёт синовларида адашган, алданган ва эндиликда тузалиш йўлига қайтган ёшлар тўғрисида намойиш этилган видео-ролиги иштирокчилар, айниқса, уюшмаган ёшлар учун юксак тарбиявий аҳамиятга эга бўлди.

Ўзаро мулоқотда ёшлар ўз фикрларини эркин билдирар эканлар, мафкуравий иммунитети мустаҳкам, шукроналик туйғуларини ҳис қила олувчи, ўзини ва ватандошларини ҳурмат қилган, лоқайдликни иллат деб билган, “оила” ва “она макон” деб аталган даргоҳларнинг қутлуғ эканлигини англаган фуқаролар – Ватанимизнинг ҳақиқий ҳимоячилари бўла олишларини, улар бор экан, ҳеч қандай ёвуз кучлар тинчлигимизга таҳдид қила олмаслигини таъкидладилар.

Шунингдек, тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотган ва айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан кенг жамоатчилик фикри, маҳалла фаоллари, ёшлар ва депутатлар таклифлари ҳам ўрганилди.

Тадбир доирасида “Темурбеклар мактаби” Фарғона ҳарбий лицейи ўқувчиларининг саф тортиш қўшиқлари ва “Мен – она юрт посбониман” номли жанговар тайёргарлик чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Аҳолининг барча қатламини қамраб бораётган бундай самарали учрашувлар партиямиз ташаббускорлигида вилоятлар бўйлаб давом этмоқда.

Комила ИСРАИЛОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Фарғона вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Фарғонада семинар: Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик! was last modified: Май 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »