Халқ дарди билан яшаш – асосий вазифамиз

15 Май, 15:34 • Депутат минбари, Муносабат, Фракция, Янгиликлар • 97 марта кўрилди • Комментариев к записи Халқ дарди билан яшаш – асосий вазифамиз нет

Маълумки, 2017 йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Респуубликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сўзлаган маърузасидапарламент, хусусан Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари фаолияти ҳам таҳлил қилиниб, ютуқлар билан бир қаторда мавжуд камчиликлар ҳам очиқ ва ошкора айтилган, депутатлар олдида турган бир қатор устувор вазифаларга тўхталиб ўтилган эди.Кейинчалик Президентимизнинг мамлакатимиз парламентига Мурожаатномасида ҳам долзарб масалалар кўтарилди.

Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинди? Бу жараёнда “Адолат” СДП фракциясининг ўрни қандай?

Таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг Олий Мажлисда бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузаси ҳамда парламентга Мурожаатномаси сайловчилар ва халқимиз билан ишлашда янгича ёндашувларни фаолиятимизга татбиқ этишга туртки бўлди.

Айниқса, парламент аъзоларининг ҳар ойда ҳудудларга чиқиб, аҳоли билан бевосита учрашувлар ўтказиб, ижтимоий соҳа объектларига ҳам ташриф буюриб, жойлардаги ҳақиқий ғолатни, ечимини кутаётган муаммоларни ўрганмоқдалар. Бу ўрганишлар давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат”СДП фракцияси аъзолари ҳам аҳолини ташвишга солаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш йўлларига эътибор қаратмоқдалар. Бунинг натижасида бир қатор амалий натижаларга эришилмоқда. Бу борада фракциямиз томонидан, айниқса, ижтимоий соҳадаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, мамлакатимиз таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб,келажагимиз эгаларининг таълим-тарбиясида сифатни оширишга асосий эътибор қаратилмоқда.

Энг муҳими, кўплаб ота-оналар, кенг жамоатчиликнинг фикр- мулоҳозаларидан келиб чиқиб, эндиликда ўқувчиларнинг таълим олишида 10-11 синфларнинг ташкил этилиши, ёшларнинг маънавий тарбиясида ҳам ижобий самара бермоқда.

Шу билан бирга, бугунги кунда таълим муассасаларида ўқувчиларни соғлом овқатлантириш бўйича ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар борлиги кўзга ташланмоқда.

Шу сабабли “Адолат” СДП фракцияси аъзолари томонидан Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ижросини жойларга чиқиб ўрганиш давомида ҳар бир таълим муассасасида ошхона ва буфетларнинг мавжудлиги, уларнинг фаолияти ҳамда ўқувчиларни овқатлантиришнинг ҳолатиҳам ўрганилди.

Хусусан,“Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида соғлом овқатланишни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори ижроси бўйича таҳлиллар ўтказилди.

Жорий йилнинг 4 ойида 56 та тумандаги 3500 дан ортиқ таълим муассасалари фаолияти кўздан кечирилиб, ўрганишлар давомида жами 2600 дан ортиқ таълим муассасаларида овқатланишни ташкил этиш масалалари йўлга қўйилмагани аниқланди. Бу, аввало ёшларимизнинг соғлигига, шу билан бирга, олаётган билимлари сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мисол учун, Тошкент вилоятининг Тошкент туманида 8 та, Чиноз туманида 15 та, Янгийўл туманида 12 та, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида 7 та, Термиз туманида 6 та, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида 5 та, Учкўприк туманида 9 та, Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида 6 та мактабларда ошхона ёки буфет ташкил этилмаган. Бу мисолларни барча ҳудудлар бўйича келтириш мумкин.

Ўрганилган туманлардаги аксарият таълим муассасаларида ошхона ва буфет учун алоҳида хоналар ажратилган бўлсада, бу биноларни белгиланган тартибда тадбиркорларга ижарага бериш орқали ошхона сифатида фойдаланиш чоралари кўрилмаган.

Шуларни ҳисобга олиб, парламентдаги “Адолат”СДП фракцияси ташаббуси билан Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси номидан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирига “Умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг соғлом овқатланишини ташкил этишнинг ҳолати ҳамда уни амалга ошириш бўйича қабул қилинаётган чора-тадбирлар тўғрисида”ги парламент сўрови юборилди.

Бундан ташқари,жойларда олиб борилган ўрганишлар давомида аҳолининг эътирози аксарият ҳолларда ҳудудлардаги ички автомобиль йўллари ҳолати ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги мавжуд муаммолар бўйича эканлиги кузатилди.

Автомобиль йўллари, айниқса, ички йўллар бўйича аҳоли томонидан билдирилган эътирозлардан келиб чиқиб “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонуннинг Жиззах вилоятидаги ижроси ўрганилдива Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосарига “Ўзбекистонда автомобиль йўлларининг ҳолати ҳамда уларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш истиқболлари тўғрисида”ги масала юзасидан Парламент сўрови натижалари асосида бир гуруҳ депутатларнинг ташаббуси билан амалдаги “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Ушбу қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида иккинчи ўқишда депутатлар томонидан маққулланди.

Қолаверса, аҳоли билан мулоқотлар давомида деярли барча ҳудудларда аниқланган муаммолардан бири бу, ичимлик сув таъминоти масаласидир. Ушбу йўналишда олиб борилган таҳлиллар натижасида фракциямиз депутатлари Парламент назорати институтининг ишончли шакли бўлган “Ҳукумат соати”дан фойдаланишга аҳд қилиб, унинг доирасида ичимлик сув таъминотини яхшилаш борасида Республикада олиб борилаётган ишлар юзасидан жорий йилнинг 1 май куни Қонунчилик палатасида ўтказилган Ҳукумат соатида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳисоботи эшитилди. Ушбу эшитув давомида мутасаддилар олдига депутатлар томонидан аниқ саволлар қўйилиб, уларнинг ечими юзасидан таклифлар билдирилди. Умид қиламизки, соҳада йиллар давомида йиғилиб қолган муаммолар босқичма-босқич равишда яқин истиқболда ўз ечимини топади.

Албатта, биз бугун сайловчиларимиз ва аҳолининг кенг қатлами томонидан кўтарилаётган барча масалаларга тўла жавоб топаяпмиз, деган фикрдан йироқмиз. Ҳали олдимизда бартараф этишимиз лозим бўлган масалалар талайгина. Энг муҳими халқимизнинг ўз вакилларига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Бу ишонч эса биз депутатларни халқимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тараққиёти йўлида янада фаол ишлашга ундайверади.

Ёрмамат ХОЛИЁРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Халқ дарди билан яшаш – асосий вазифамиз was last modified: Май 15th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »