Хоразмдаги мулоқотлар фаолиятни кучайтиришга чорлайди

2 Май, 09:32 • Муносабат, Наманган вилояти, Янгиликлар • 61 марта кўрилди • Комментариев к записи Хоразмдаги мулоқотлар фаолиятни кучайтиришга чорлайди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгашида бир гуруҳ партия фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда яқинда Хоразм вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остида ўтказилган уч кунлик кўргазмали сайёр амалий семинар якунлари кўриб чиқилди. Ана шу анжуман қатнашчиси, вилоят кенгашининг мафкуравий ишлар бўйича етакчи мутахассиси Дилшод Болтабоев ўз таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. Семинарда кўтарилган масалалар ва қўйилган вазифалар юзасидан ўзаро фикр алмашилди. Иштирокчилар орасида партия ходимлари билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Хоразм Маъмун академияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вакиллари борлиги унинг мавзу доираси кенг, мазмун-мундарижаси мукаммал бўлишига хизмат қилди.

Аввало шуни айтиш керакки,  Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси марказий аппарати томонидан ташкил этилган тадбир унинг ҳар бир иштирокчисида ёрқин таассуротлар қолдирди, — деди Д. Болтабоев. – Чунки Хоразмдаги мулоқотларда партиямиз ҳаётига доир қатор муҳим масалалар кўриб чиқилди. Масалан, дастурий вазифаларни ҳаётга тадбиқ этишда мафкурачиларнинг ўрни ҳақида фикр юритилгани жуда маъқул тушди. Чунки навбатдаги сайловлар тобора яқинлашаётган шу кунларда жойларда партия дастурий мақсад-вазифаларини кенг тарғиб этиш билан бирга уларни амалга ошириш юзасидан саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш талаб этилади. Бунинг учун эса барча бўғинларда фаолликни янада кучайтириш, иш усуллари ва услубларини такомиллаштириш, уларнинг энг самаралисигагина таяниш зарур. Ҳудудий партия кенгашларининг мазкур соҳадаги фаолияти таҳлил қилиб берилгани келгусидаги ишларимизда асқотади, деб ўйлайман.

“Адолат” СДП вилоят кенгаши раиси Исроил Жўраев Хоразмдаги анжуманда кўтарилган масалалар юзасидан ишимизга танқидий баҳо беришимиз лозимлигини қайд этди. Хусусан, “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси қандай амалга оширилаётганлигини олиб кўрайлик. Наманган шаҳри, Уйчи, Тўрақўрғон туманларида қатор ибратли тадбирлар ўтказилди. Улар ҳақида газеталарда, радио ва телевидениеда материаллар ҳам ёритилди. Бироқ бошқа туманларда мазкур йўналишда фаоллик сезилмайди. Ҳолбуки, бу лойиҳа “Адолат” СДП Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, 2017 йилда мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилганди. У ҳамма ерда аҳоли томонидан яхши кутиб олинди. Чунки бу шиор остидаги тадбирлар фуқароларнинг шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган масъулиятини кучайтиришга хизмат қилади. Одамлар кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга киришсалар, қандай яхши! Боз устига эзгу мақсад йўлидаги саъй-ҳаракатлар инсонларни ўзаро бирлаштирибгина қолмай, поклик ва тозаликни таъминлаш орқали тиббий маданият даражасини юксалтиришга кўмаклашади.

Ҳаётнингн ҳақиқий мазмунини англашни истасангиз, дунёга болаларнинг кўзи билан боқинг, деган гап бор. Чиндан ҳам беғубор ва мурғак қалб атрофдаги табиат манзараларигагина эмас, балки юз бераётган воқеа-ҳодисаларга ҳам беғараз ва одилона баҳо беради. Биз буни “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик!” мавзуидаги кўргазмали сайёр учрашувда яққол ҳис қилдик, деди анжуман таассуротлари билан ўртоқлашаркан Дилшод Болтабоев. Чунки мазкур тадбир Урганч шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази қатнашчиларининг ижод намуналари ва “Тинчлик – менинг нигоҳимда” расмлар кўргазмаси билан бошланди. “Ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш”, “Ислом дини тинчлик устунига қурилган диндир”, “Бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва маънавий жипслик” каби мавзулардаги маърузаларда давримиз учун ниҳоятда долзарб саналган масалалар ёритилди.

Йиғилиш қатнашчилари “Инновацион технологияларни жорий қилиш – тараққиёт гарови!” мавзуидаги сайёр амалий семинар таассуротларини ҳам катта қизиқиш билан тингладилар. Айниқса, Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонуни лойиҳасининг муҳокамаси қизғин ўтганлиги эътиборга моликдир. Чунки партиямизнинг сайловолди дастурида таъкидланганидай, “Адолат” СДП Ўзбекистоннинг келажаги – инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Бу қонуннинг қабул қилиниши ҳеч шубҳасиз, мамлакатни барча соҳаларда жадал ривожлантиришга катта ҳисса қўшади.

Пировардида Дилшод Болтабоев Хоразмнинг туризм соҳасидаги улкан салоҳияти, Хивадаги меъморий обидалар, тарихий ёдгорликлар ҳақида ҳам сўзлаб берди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Хоразмдаги мулоқотлар фаолиятни кучайтиришга чорлайди was last modified: Май 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »