Истеъмолчилар ҳуқуқи: 1-чоракда истеъмолчиларга 1 млрд.га яқин маблағ қайтариб берилди

16 Май, 14:36 • Тошкент вилояти, Янгиликлар • 181 марта кўрилди • Комментариев к записи Истеъмолчилар ҳуқуқи: 1-чоракда истеъмолчиларга 1 млрд.га яқин маблағ қайтариб берилди нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан ҳамкорликда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Партиянинг Сиёсий Кенгаши мажлислар залида ўтказилган тадбирда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши ходимлари, “Ёшлар қаноти” вилоят Кенгаши, Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабалари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти, унинг амалдаги ижроси ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш борасида олиб борилаётнинг ишларнинг аҳамиятига кенг эътибор қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгашининг раиси Умид Шоумаров кириш сўзи билан очиб берар экан, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси билан партия ўртасида меморандум тузилганлиги ва бундан кўзланган мақсад истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик назоратини кенгайтириш ҳамда аҳоли ўртасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Васлиддин Назаров, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Юнусобод тумани раиси:

— Ташкилотимиз томонидан республикамизнинг турли ҳудудларида истеъмолчиларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича кўплаб тадбирлар, давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Жойларда мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилмоқда. Партия томонидан ташкил этилган бугунги давра суҳбатида ҳам ёшларга истеъмолчининг ҳуқуқи нималардан иборат эканлиги, фуқаро товар сотиб олиш жараёнида маҳсулот сифатининг қайси жиҳатларига эътибор қаратиш лозимлиги кенг тушунтирилди.

Дарҳақиқат, юртимизда аҳолига ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли маҳсулотларни етказиб бериш, истеъмолчининг сифатсиз маҳсулотлардан зарарланишини олдини олиш борасида қатор қарор ва фармойишлар чиқарилди. Мазкур қарорларнинг жойларда ижросининг таъминланиши натижасида амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, сўнгги йилларда фуқароларнинг савдо, маиший хизматлар, транспорт соҳалари бўйича мурожаатлари камайиб бораётгани кузатилмоқда. Бу эса, ушбу соҳаларда рақобатнинг кучайиб бораётгани, хизмат сифатининг яхшиланаётгани ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ошаётганидан далолатдир.

Шерали Сатторов, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси бўлим бошлиғи:

— Партия билан ҳамкорликда ўтказилган тадбир ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини оширишда аҳамиятлидир деб, ўйлайман. Жорий йилнинг 1-чораги мобайнида фуқаролардан 2974 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, бугунги кунга қадар Федерациямиз томонидан тушган аризаларда кўрсатилган муаммоларга ижобий ечим топилди. Натижада уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинган ҳолда истеъмолчиларга 1 млрд.га яқин маблағ қайтариб берилишига эришилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясида “Сифат назорати”, “Истеъмол маданияти” кўрсатувларининг ташкил этилганлиги ҳам аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Тадбирда мазкур қонунга асосан, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилинишини таъминлаш учун жамоатчиликни кенг жалб этиш, ички истеъмол бозорида сифати паст, одамлар ҳаёти ва соғлигига ҳавф туғдирувчи товарлар сотилишига йўл қўймаслик устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини оширишга доир белгиланган вазифаларнинг аҳамияти ёшлар ўртасида кенг муҳокама қилинди. Шунингдек, мутахассислар томонидан бугунги кунда ички бозорда сотиб олинаётган истеъмол товарларини сифат назорати юзасидан олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтилди.

Давра суҳбати якунида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси мутахассислари томонидан атрофлича жавоб олишди.

Зулайҳо ЧЎЛПОНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Истеъмолчилар ҳуқуқи: 1-чоракда истеъмолчиларга 1 млрд.га яқин маблағ қайтариб берилди was last modified: Май 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »