Ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг изчиллиги

29 Май, 10:36 • Депутат минбари, Муносабат, Янгиликлар • 127 марта кўрилди • Комментариев к записи Ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг изчиллиги нет

Мамлакатимизда ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун деган тушунчалар амалда ҳам асл моҳиятини намоён эта бошлаган илк кунларда кўпчиликнинг кўнглидан бир ният ўтганди. У ҳам бўлса “ҳар галгидек бу ҳам бир кампаниягина бўлиб қолмаса бас” деган хавотир эди.  Лекин ана шу хавотирлик ҳали халқимиз кўнглига чуқур ўрнашмаёқ 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинди ва аввалги ҳаракатлар янада кўламдор тус олди. Диёримизнинг барча минтақаларида, нафақат туман марказларида, балки узоқ қишлоқ ва овулларда ҳам халқнинг дардини тинглашга, у билан бевосита суҳбатлашиб, етилган муаммоларни биргаликда жойида ҳал этишга ҳозирланган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутатлари, Сенат аъзолари, давлат идораларининг раҳбарлари фаол иш олиб бора бошладилар.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Президенти  томонидан қабул қилинган “Низоларнинг олдини олишга қаратилган институт сифатида нотариат тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлди. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур ҳужжат “Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун” деган тамойил ва “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган эзгу ғоянинг    ҳамда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг реал ҳимоя қилинишини таъминлаш орқали ҳаётга амалий татбиқ этилишига қаратилган.

Турли турмуш ташвишлари орқасидан ҳар биримиз лоақал бир марта бўлса ҳам нотариат идораларига ишимиз тушгани аниқ. У ердаги тирбандлик, одамлар мажбурлигидан доим навбат кутиб туриши, соатлаб кутиб энди нотариус олдига кирганда қайсидир ҳужжат етишмаслиги важи билан ишнинг қайтарилиши каби асаббузарликларни ҳаммамиз кузатганмиз. Энг муҳими, ва бироз уятли томони, партиямиз вакиллари сайлов олди арафасида сайловчилар билан учрашувлар ўтказганда аҳолидан шу масалада кўплат илтимослар тушганлиги ҳам бор ҳақиқат. Партиямиз томонидан муайян ҳаракатлар қилинган бўлсада, лекин муаммони ечиш учун ҳаракатлар охирига етказилмагани ҳам реал факт. Лекин ана шу ва бошқа қатор муаммоларга Қарордаги нормалар орқали аниқ ечим топилганини эътироф этмоқ жоиз.

Амалиётда, ҳаётимизда тез-тез учрайдиган аниқ ҳолатлар қарор нормалари воситасида ўз ечимини топмоқда. Эътибор беринг: замонавий инновацион ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг паст даражадалиги, идоралараро электрон ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмаганлиги аҳолига тезкор нотариал хизматларни кўрсатиш имконини бермаяптгани ҳамда зарур маълумотнома ва ҳужжатларни тўплаш учун ваколатли давлат ташкилотларига бевосита ташриф буюриш талаб этилаётгани қарорда кўрсатиб ўтилмоқда. Профилактик чоралар сифатида энг кўп низолашилаётган нотариал битимларни расмийлаштиришда аудио ва видео қайд этишдан фойдаланилмаслигининг сабабини эса сира тушиниб бўлмасди. Эндиликда қарорга асосан васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, бошқа ҳолларда битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёни мажбурий аудио ва видео қайд этилиши лозим бўлади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қарор давлатимиз раҳбари томонидан бошлаб берилган ижтимоий йўналтирилган ислоҳотлар нақадар изчиллик билан давом эттирилаётганлигининг яна бир амалий исботи бўлди. Фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга, давлатимизга, амалга оширилаётган ислоҳотларга бўлган ишончини янада мустаҳкамлади.

Улуғбек САМАТОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг изчиллиги was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »