Кексаларни эъзозлаш инсоний бурчимиз

17 Май, 12:17 • Самарқанд вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 121 марта кўрилди • Комментариев к записи Кексаларни эъзозлаш инсоний бурчимиз нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд “Саховат” кексалар ва ногиронлар учун интернат уйида “Кексаларнинг ижтимоий ҳимоясида жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида амалий учрашув бўлиб ўтди.

Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими, “Соғлом авлод учун” Самарқанд вилояти минтақавий филиали, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Самарқанд вилоят кенгаши, “ASL NAFIS” масъулияти чекланган жамияти, Самарқанд вилоят касаба уюшмалар ташкилотлари бирлашмаси кенгаши, вилоят “Баркамол авлод” болалар маркази, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федирацияси Самарқанд вилоят бўлинмаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Самарқанд вилоят бошқарув бўлими, халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ОАВлари вакиллари иштирок этган ушбу тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад-вазифаларни амалга ошириш, аҳолининг турли қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда кекса нуронийларга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш, уларнинг ҳаёт йўлларини қадрлаш ҳамда ёш авлодга ибрат қилиб кўрсатишга эътибор қаратилди.

Тадбирни Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқан вилояти Кенгаши раиси Муҳиба Бабабекова кириш сўзи билан очиб берар экан, у ўз нутқида кексаларни эъзозлаш халқимизнинг азалий қадриятларидандир, дея таъкидлади. – Қадр – инсонни юксакликка кўтариб, унинг ҳаётга, ватанга бўлган муҳаббатини яна бир карра оширади. Ана шу борада партиямиз томонидан олиб борилаётган ишларнинг барчаси фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларни қўллаб-қувватлашга қаратилгандир.

Дарҳақиқат, ўзбек халқида азалдан атрофдагиларга нисбатан маънавий ҳамдардлик, моддий жиҳатдан бир-бирини қўллаб-қувватлашга мойиллик, раҳмдиллик, уюшиб, ҳамжиҳат бўлиб яшашга интилиш каби инсоний фазилатлар доимо етакчилик қилиб келган. Энг аввало аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш, меҳр-мурувват кўрсатиш истаги билан яшаш халқимиз ҳаётининг ибратли жиҳатига айланиб улгурган. Зеро, нуроний отахону онахонлар қадрланган юртдан файзу барака, фаровонлик, аҳиллик аримаслиги асрлар синовидан ўтган ҳақиқатдир. Ёши улуғларга ғамхўрлик қилиш халқимизнинг азалий анъанаси, қолаверса юртимизда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг гўзал инсоний фазилатидир.

Партиянинг “Кексаларнинг ижтимоий ҳимоясида жамоат ташкилотларининг ўрни” мавзусида ташкил этилган амалий учрашувда кексалар билан дилдан суҳбат қурилди. Уларнинг ҳолидан хабар олиш, ғамхўрлик кўрсатиш эътибордан четда эмаслиги таъкидланди.

Вилоят кўз касалликлари шифохонаси шифокорлари томонидан тиббий кўрик ташкил этилиб кўз касалликларидан шикояти бўлган 48 нафар ёлғиз кексалар кенг қамровли кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 23 нафарига амбулатор тартибда даволаш муолажалари белгиланди, 13 нафарига кўзойнаклар топширилди ҳамда “Соғлом авлод учун” Самарқанд вилояти минтақавий филиали томонидан кексалар учун зарур бўлган 6 турдаги дори — дармон воситалари тарқатилди.

Толиб Саидов, Самарқанд “Саховат” кексалар ва ногиронлар учун интернат уйи директори:

 – Ушбу масканимиз 150 ўринга мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда бу ерда 130  нафар кексалар ва ногиронлар истиқомат қилишади. Уларни доимий равишда малакали шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан  ўтказиб бориш ишларини йўлга қўйганмиз. “Адолат” партияси вилоят Кенгаши билан доимий ҳамкорликда мана бугунги каби тадбирлар, соғломлаштириш акцияларни ўтказиб келмоқдамиз, партия томонидан бу каби хайирли ишларни олиб борилаётгани таҳсинга лойиқ дейиш мумкин. Чунки кексаларга меҳр-мурувват кўрсатиш, саховатли бўлиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, тадбир давомида кексаларга ҳамкор ташкилотлар томонидан турли кийим – кечаклар, рузғор буюмлари ва турли эсдалик совғалари тарқатилди. Вилоят “Баркамол авлод” марказининг иқтидорли ёшлари томонидан тайёрланган концерт дастуридаги куй-қўшиқларнинг янграши эса, кексаларга қувонч улашди.

Тадбир ниҳоясида ҳамкор ташкилотлар томонидан Саховат уйида яшаётган ёши улуғ отахон ва онахонларни муқаддас қадамжоларга олиб бориш, уларга кундалик ишларида ёрдам бериш мақсадида махсус гуруҳлар бириктириш юзасидан режалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Кексаларни эъзозлаш инсоний бурчимиз was last modified: Май 17th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »