Матбуот котиблари Андижонда тажриба алмашдилар

19 Май, 15:27 • Андижон вилояти, Янгиликлар • 106 марта кўрилди • Комментариев к записи Матбуот котиблари Андижонда тажриба алмашдилар нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарат ташаббуси билан Андижон вилоятида ташкил этилган “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” умумий шиори остидаги икки кунлик республика кўргазмали сайёр амалий семинари доирасида 18 май куни ҳудудий партия кенгашлари матбуот котиблари учун семинар тренинг ўтказилди.

Тадбирдан кўзланган мақсад ҳудудий партия кенгашлари матбуот котибларининг касбий билим ва маҳоратларини ошириш орқали Ўзбекистон “Адолат” СДП ғояси, дастурий мақсад-вазифаларини тарғиб қилишда замонавий ва самарали усуллардан фойдаланиш, партиянинг оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлигини кучайтириш, тарғибот ишларида илғор тажрибалар, умумэътироф этилган сиёсий ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга қаратилди.

“Партия фаолиятини замон талаблари асосида ОАВ орқали ёритишнинг устувор масалалари” мавзусига бағишланган мазкур семинар дастурига мувофиқ дастлаб, журналистлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатишда партиянинг Андижон вилояти Кенгаши тажрибаси тариқасида маҳаллий ОАВлар учун  матбуот анжумани ўтказилди. Унда ҳудудий партия Кенгаши ҳамда депутатлик ҳуруҳлари томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар, эришилаётган натижалар ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида журналистларга ахборот берилди. Жу жараёнда семинар иштирокчилари Андижон вилоятида партия ҳамда ОАВлар ўртасидаги йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари билан танишиш ва ўзаро тажриба алмашиш имконига эга бўлдилар.

Шундан сўнги семинар тренинг иштирокчилари учун малакали мутахассислар, назариётчи ва амалиётчилар томонидан маъруза ва амалий машғулотлар ташкил этилди.

Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Рахмонов олиб борди ва маъруза қилди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП дастурий мақсад ва вазифаларини, ғояси ва мафкурасини кенг тарғиб-ташвиқ қилиш, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш юзасидан партия тизимида муайян тажриба шаклланди.

Партиянинг курашувчанлик қобилияти рўёбга чиқиши, нуфузи ва халқ орасида танилиши кўп жиҳатдан партия ҳаётини ОАВда ёритиш билан шуғулланадиган журналистлар, мухбирлар, хусусан маҳаллий Кенгашларнинг Матбуот хизматлари, уларнинг котибларига боғлиқ. Бугунги кунда Марказий аппарат Матбуот хизматида 5 та, вилоят кенгашларининг ҳар бирида 1 тадан штатда жами 19 нафар матбуот билан шуғулланаётган ходимларимиз бор. Бундан ташқари, “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетаси таҳририятида ҳам 10 нафардан ортиқ ижодий ходим партия ташкилотлари фаолиятини ёритиш, партия дастурида акс этган вазифалар ва ғояларни оммага етказиш билан банд. Демак, бугун мамлакатимизда кечаётган сиёсий, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида, келажакда бўлиб ўтадиган сайловларда партия матбуот хизмати ходимлари ўзини катта куч, катта ижодкорлар армияси сифатида намоён этиши шарт.

Эътироф этилганидек, партиянинг оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлиги йилдан-йилга кенгайиб, улардаги чиқишлар сони ҳам ортиб бормоқда. Жумладан, 2016 йилда ОАВдаги жами чиқишлар сони 8017 тани ташкил этган бўлса, ўтган 2017 йилда бу кўрсаткич 8734 тага етган. Бугунги кунда сиёсий партиялар расмий веб-сайтларининг оммабоплиги, ўқувчилар сонининг кўплиги бўйича рейтингда www.adolat.uz сайти 2-ўринда, эълон қилиб борилаётган мақолалар сони бўйича 1-ўринда бормоқда.

Шунингдек, партия расмий веб-сайти фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг дизайнини замон талаблари асосида янгилаш, сайтни партия фаолиятига доир мақолалар билан кунлик янгилаш бўйича ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, партия қуйи бўғини етакчиларидан тортиб, маҳаллий ва ҳудудий ташкилотлар фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари аъзолари ҳамда ҳудудий партия кенгашлари раҳбарларининг ҳам чиқишлари ташкил этилмоқда.

Семинар қизиқарли маърузалар, амалий машғулотлар ҳамда жонли мулоқот тарзида ташкил этилгани, замонавий ахборот технологиялари орқали тақдимот ва кўргазмали воситалардан фойдаланилгани тадбирнинг самарадорлигини таъминлади.

Жумладан, Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетининг Халқаро журналистика факультети доценти Н.Қосимованинг маъруза ва амалий машғулотларида матбуот котиблари сиёсий партия матбуот хизматининг самарали фаолияти ва партиявий тарғиботда интернет манбааларидан фойдаланиш усуллари ҳақида маълумотларга эга бўлган бўлса, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Андижон вилоятидаги фотомухбири З.Умрзоқовнинг маҳорат дарслари орқали матбуот хизмати фаолиятида сифатли фотосурат олиш сирларидан воқиф бўлдилар.

Шу билан бирга, партия ҳудудий Кенгашлари матбуот котибларининг барча йўналишдаги ижодий ишлари атрофлича таҳлил қилиниб, ютуқ ва камчиликлар санаб ўтилди. Улар фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб янада такомиллаштириш, телевидения, даврий нашрлар, айниқса, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш, ҳудудий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик олиб бориш юзасидан ўзаро фикр, тажриба алмашдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Матбуот котиблари Андижонда тажриба алмашдилар was last modified: Май 21st, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »