Муқобил энергия манбалари: муаммо ва ечимлар

29 Май, 16:32 • Қашқадарё вилояти, Тадбир, Янгиликлар • 182 марта кўрилди • Комментариев к записи Муқобил энергия манбалари: муаммо ва ечимлар нет

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида сиёсий куч иқтисодиётга янги энергия ресурсларини тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш тарафдори эканлиги ва бу жараёнда энергия сарфини иқтисод қилишни рағбатлантирувчи механизмлар яратиш, аҳоли ўртасида энергия ресурсларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни шакллантирадиган тушунтириш ва тарғибот ишларини мунтазам олиб бориши  алоҳида қайд этиб  ўтилган.

Шу мақсадда Қарши мухандислик иқтисодиёт институтида Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси “Физика-Қуёш” ИИЧБ Физика техника институти ва партиянинг вилоят Кенгаши ҳамкорлигида “Қайта тикланувчи энергетиканинг замонавий муаммолари” мавзуида республика илмий амалий семинари ташкил этилди. Ушбу анжуманда олий ўқув юртлари профессор ўқитувчилари, ҳамкор ташкилотлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда кун тартибидаги мавзу юзасидан дастлаб Халқаро қуёш энергетикаси институти профессори Р.Авезов “Қуёш энергетикасининг ўзбекистон республикасида ривожлантириш тамойиллари” мавзуида маъруза қилди.

— Президентимизнинг 2017 йил 26 майдаги “2017-2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорида 2017-2021 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш каби муҳим вазифалар белгилаб берилган, -деди Р.Авезов.-Ушбу илмий анжуманимизда юқоридаги устувор вазифалар ижросини таъминлаш ва “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифаларни  ҳал этишга қаратилган илмий изланишлар, табиий ва органик ёқилғи энергетика ресурсларини тежаш, энергия тежамкор технологияларни яратиш ва уларни илмий асосланган ҳолда амалиётга жорий этиш хусусида фикр юритамиз. Бунда айниқса қайта тикланувчи энергия манбалари асосида ишлайдиган қурилмаларни республикамиз иқлим шароитида синовдан ўтган қуёш қурилмаларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишнинг илмий амалий асосларини яратиш, маҳаллий хом ашёда ишлайдиган биогаз қурилмаларидан самарали фойдаланиш муаммоларини ҳал қилишга қаратилган комплекс илмий масалалар  ҳам  диққат марказида бўлади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти профессори А.Ражабов анжуманда “Қишлоқ хўжалигида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш технологияларини ривожлантиришнинг илмий методологик асослари” мавзуида маъруза қилди. Шунингдек, Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти илмий ишлар бўйича проректори Ғ.Узоқовнинг “Пиролиз қурилмалари асосида қуёш иссиқхоналари иситиш тизимининг такомиллаштирилган иссиқлик схемалари” мавзуидаги маърузаси кўпчиликнинг диққат эътиборини тортди.

— Институтимиз профессор ўқитувчилари ва ёш олимлари томонидан ҳозиргача республикамизда ўтказилаётган “Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар” ярмаркасига 50 дан ортиқ турли йўналишдаги лойиҳалар тақдим этилди, -деди Ғ.Узоқов. — Эътиборли томони шундаки, ушбу ярмаркалар доирасида 1 миллиард 393 миллион 695 минг сўмлик шартномалар имзоланди. Яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, 15 та илмий ихтиро ва фойдали моделларга патент олинганлиги ҳамда институтимизда 2018 йилда давлат илмий техника дастурлари доирасида бажарилаётган 8 та мавзудаги 560 миллион сўмлик лойиҳаларда етук профессор ўқитувчилар билан бир қаторда ёш олимлар ва иқтидорли талабаларнинг иштирок этаётганлигининг ўзи ҳам институтимизда инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш соҳасида олиб борилаётган илмий тадқиқот ишларининг самараси ҳисобланади.

Анжуманда Қарши мухандислик иқтисодиёт институти ректори Н.Махмудовнинг кун тартибидаги мавзу юзасидан қилган маърузаси ҳам бир қатор мунозараларга йўл очди.

— Иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада ҳамда энергия самарадорлигини ошириш, энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш асосида ёқилғи балансини диверсификация қилиш орқали иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича олиб борилаётган илмий ишлар натижалари ҳам таҳлил қилиниб, истиқболли йўналишлар белгилаб олинаяпти, -деди Н.Махмудов.- Албатта бугунги анжуман республикамизда қайта тикланувчи энергетика соҳасида олиб борилаётган илмий ишларни умумлаштириш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини ривожлантиришга ҳамда соҳа олимлари ўртасидаги ўзаро илмий ижодий алоқаларни янада кучайтиришга ёрдам беради.

Анжуман ишида ёш олимларнинг инновацион ишланмалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Шунингдек, вилоятдаги Талимаржон иссиқлик электр маркази, Муборак иссиқлик электр маркази, “Ўзгеобурғунефтгаз” АК, Муборак газни қайта ишлаш заводи, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ва вилоят иссиқлик таъминоти корхоналаридан ҳам вакиллар иштирок этишди.

— Бугунги бўлиб ўтган анжуманда “Адолат” СДП илгари сураётган муқобил энергия манбалари билан боғлиқ бир қатор масалалар муҳокамалар марказида бўлди, -деди семинар иштирокчиси партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси Гулноза Раджабова. –Масалан, олимлар томонидан қуёш энегиясидан фойдаланишнинг назарий ва амалий масалалари, паст потенциалли қуёш қурилмаларини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, биоэнергетиканинг замонавий муаммолари ва ривожланиш истиқболлари, ноанъанавий, қайта тикланувчи энергия манбаларидан комплекс фойдаланиш муаммолари, қайта тикланувчи энергетика ва атроф-муҳит, бу соҳада малакали кадрлар тайёрлаш муаммолари ҳам атрофлича ўрганилди ва олимларнинг тавсиялари ўрганилди.

— Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан ташкил этилган ушбу анжуман мен каби докторантура йўналишида илмий изланишлар олиб бораётган ва ёш олимлар учун жуда катта илмий назарий аҳамиятга эга бўлди, -деди Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти катта ўқитувчиси, “Адолат” СДП фаоли Хайрулла Давланов.-Бундан кейин ҳам партиямиз фаолият йўналишининг асоси ҳисобланган муқобил энергия манбаларини излаб топиш, фойдаланиш ва тадқиқ этишда кенг кўламдаги тарғибот ишларини кучайтираверамиз.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Муқобил энергия манбалари: муаммо ва ечимлар was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »