Муаммолар – сессия муҳокамасида

29 Май, 15:25 • Наманган вилояти, Сессия, Янгиликлар • 95 марта кўрилди • Комментариев к записи Муаммолар – сессия муҳокамасида нет

Аввал хабар берилганидек, май ойининг сўнгги ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Наманган вилоятининг Норин туманида бўлиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги кундаги аҳволини, турли соҳалардаги мавжуд камчилик ва нуқсонларни ўргандилар. Аҳоли вакиллари билан учрашувларда фуқароларни ўйлантираётган муаммолар алоҳида ҳисобга олинди. Турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан билдирилган таклифлар ҳам рўйхатга олинди. Ниҳоят, олиб борилган барча ишлар якуни умумлаштирилди ва халқ депутатлари туман кенгашининг сессияси кун тартибига киритилди. Сессияда депутатлар билан бир қаторда фаоллар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.

Сессияда қатнашганлар туманда бир қатор ижобий ишлар амалга оширилгани ҳолда ҳали умумий ҳолатни кўнгилдаги даражага етказишга халақит бераётган камчиликлар ҳаддан ташқари кўплигини қайта-қайта таъкидладилар. Ўрганишлар давомида парламент аъзолари жами 884 хонадонда, 37 та ташкилот, 74 та ижтимоий соҳа объектларида бўлганликларини қайд этдилар. Аҳоли вакиллари билан мулоқотларда 1326 фуқаро, 131 тадбиркор иштирок этди. Уларнинг мурожаатларида 791 та турли-туман муаммо кўтарилди. Мазкур масалаларнинг 402 таси ўз жойида ҳал этишга эришилганлиги диққатга сазовордир.

Кўтарилган муаммолар таҳлилдан ўтказилганда уларнинг 361 таси туман миқёсида, 15 таси вилоят даражасида, 6 таси эса республикада ҳал этилиши кераклиги аниқланди. Соҳалар бўйича ўрганилганда аҳоли уй-жой, коммунал хизматлар фаолиятидан қониқмаётганлиги кўзга ташланди. Чунки ҳар бешта мурожаатнинг иккитаси мазкур тармоқдаги нуқсон ва камчиликларга оид бўлиб чиқди. Транспорт ва йўл қурилиши (17 фоиз, банк-кредит хизматлари (14 фоиз) ва тиббий хизмат даражаси (12 фоиз) каби масалалар юзасидан билдирилган танқидий фикрлар ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Тадбиркорлик – бугунги кунда иқтисодиётни ривожлагтиришда муҳим омил ҳисобланади. Бироқ соҳани ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар етарли эмас. Айниқса, бу борада банк муассасалари сусткашлик кўрсатмоқдалар. Улар ишбилармонларга қулай шарт-шароит яратиш ўрнига соҳанинг тараққиётига тўсиқ қўймоқдалар. Буни сессияда билдирилган қуйидаги фикрлардан ҳам билиш мумкин. Юқори Чўжа МФЙдаги “Норин интеграл сервис” хусусий корхонасининг “Халқ банки” маҳаллий филиалига 100 миллион сўм кредит сўраб қилган мурожаати ҳеч қандай натижа бермади. “Шўрариқ” МФЙ даги “Норин балиқ баракаси” МЧЖ нинг 30 миллион (“Агробанк” филиали), “Қизилтов” МФЙ даги “Тошлоқ савдо сервис” МЧЖнинг 20 миллион (Ҳамкорбанк” филиали) сўраб қилган мурожаатлари ҳам “туя гўшти еб ётибди”.

Шунингдек, туманда “Наманган вилоятини 2016-2018 йилларда комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастури”га асосан 2017 йил давомида “Асака банк” вилоят филиали томонидан калава ип ишлаб чиқариш (янги линия)ни ташкил қилиш бўйича “Норин текс” АЖга 15,0 млн.сўм АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилмаганлиги сабабли ушбу лойиҳа ишга туширилмади. Оқибатда режадаги 200 нафар янги иш ўринлари ташкил этилмаган. Ўрганишлар имтиёзли кредит ажратиш орқали аҳолини кичик тадбиркорликка жалб этиш йўналишида аксарият фуқаролар йирик ва майда шохли қорамолларни ёки наслли қорамолларни сотиб олиш ёки иссиқхоналарни қуришни мамақсад қилганликларини кўрсатди. Бироқ кредитлар етарли даражада ажратилмаётгани мазкур ишга ҳам тўсқинлик қилмоқда.

— Сессияда қатнашар эканман, билдирилган танқидий фикрлардан депутат сифатида мен ҳам хижолат тортиб кетдим, — дейди халқ депутатлари Норин туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Дилфуза Ботирова. – Уларнинг юзага келишига ҳар биримиз сабабчимиз. Айниқса, ўзим фаолият кўрсатадиган тиббиёт соҳасидаги камчиликлар ҳам кўплиги аён бўлди. Биз ҳамкасбларимиз билан биргаликда аҳволни ўнглаш учун зарур чора-тадбирларни кўрамиз. Туман кенгашидаги партия гуруҳимиз фаолиятини жонлантириб, ишлаб чиқилган “йўл харитаси” қандай бажарилаётганлигини назорат қилиб борамиз.

Албатта, панламент аъзолари аниқлаган нуқсонларнинг ҳаммасини бу ерда келтириб ўтиш қийин. Лекин улар ҳар бир соҳада етарлича бор. Бу эса туманда ҳар бир раҳбар ходимнинг, юрт тараққиёти учун ўзини масъул деб ҳисобловчи ҳар бир инсонни фидокорлик кўрсатишга ундайди. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Бу ҳақдаги фикрлар сессия ишчи гуруҳи тайёрлаган маъруза юзасидан музокараларда, шунингдек, қабул қилинган қарорда ўз аксини топди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Аолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Муаммолар – сессия муҳокамасида was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »