Норинда муаммолар ўрганилмоқда

24 Май, 10:02 • Депутатлик гуруҳи, Наманган вилояти, Янгиликлар • 119 марта кўрилди • Комментариев к записи Норинда муаммолар ўрганилмоқда нет

Май ойининг охирги ўн кунлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан бир гуруҳи Наманган вилоятининг Норин туманига ташриф буюрди. Улар бу ерда аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотга киришиб, жойларда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самараси, турмуш даражасини янада оширишга халақит бераётган муаммолар, фуқароларни ўйлантираётган масалалар билан танишмоқдалар. Учрашувларда халқ депутатлари туман кенгашининг депутатлари ҳам иштирок этмоқдалар.

Халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси Отабек Назаров:

— Мен ва партиямизнинг қатор фаоллари Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз аъзоси Шуҳрат Якубов етакчилигида бир нечта маҳалла фуқаролар йиғинларида бўлдик. Фуқаролар билан ўтказилган суҳбатларда уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг самаралари, истиқболдаги вазифалар ҳақида атрофлича сўзладик. Одамлар ички ва ташқи сиёсатдаги янгиликлар билан астойдил қизиқаётганлиги ҳам эътиборга молик. Чунки бизга Президентимизнинг май ойи бошларида Наманган вилоятига ташрифи бўйича анчагина саволлар тушди. Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг ўтган ҳафтада Америка Қўшма Штатларига сафари ҳам кўпчиликнинг диққат марказида бўлганлиги аниқ бўлди. Биз бу борада атрофлича тушунтиришлар бердик.

Шу билан бирга ўзаро мулоқотлар давомида бир қатор муаммо ва камчиликлар ҳам кўтарилдики, уларни ҳал қилмай туриб, халқнинг давлатдан ва жамиятдан розилиги ҳақида гап юритиш қийин. Масалан, ”Шаҳидмозор” МФЙда яшовчи Нуриддин Худойбердиев йигирма йилдан бери ногиронлиги бўлган шахс ҳисобланади. Ҳозир 25 ёшда бўлишига қарамай, бирон марта чуқур тиббий текширувдан ўтказилмаган. Унинг мурожаати асосида Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари билан ўтказилган мулоқот туфайли масалага ойдинлик киритиладиган бўлди. Қисқа муддатда беморни чет элдаги клиникалардан бирига юбориш кун тартибига қўйилди.

Ёки шу маҳаллада истиқомат қилувчи Ҳасанбой Азимовнинг муаммосини олайлик. У хонадонида табиий газ таъминоти йўқлиги учун “Ўзтрансгаз”нинг туман бўлимига ижара асосида баллон ажратиш ва суюлтирилган газ етказиб беришг юзасидан мурожаат қилган. Шартнома тузилган, тегишли миқдорда пул ҳам тўланган. Аммо баллонли газдан ҳозиргача дарак йўқ. Фақат ишчи гуруҳи аралашгандан кейингина “муз ўрнидан кўчадиган бўлди”.

Ўрганиш жараёнида мазкур МФЙ фаолиятига доир яна бир муаммо кўзга ташланиб қолди. Маълум муддат илгари маҳалла идорасини шу атрофдаги 15-умумтаълим мактабига кўчириш тўғрисида кўрсатма бўлди. Бу ғоя амалга ошгандан сўнг МФЙнинг эски, ночорроқ биноси бузиб ташланди. Бугунга келиб эса маҳалла идорасининг мактабда жойлашиши ножоиз деб топилиб, уни кўчириш масаласи кўндаланг бўлди. Аммо ҳозир МФЙ фаоллари борадиган аниқ жой йўқ. Туман ҳокимлиги сукут сақлаб турибди. Шаҳидмозорликлар ер ажратилса, маҳалла учун ҳашар йўли билан бино қуриб олишга ҳам шай. Бироқ уларнинг мурожаатлари ҳали ҳеч қандай натижа бергани йўқ.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Якубов:

— Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш асосида жамиятдаги камчиликларни бартараф этиш учун ҳаракат бошланганига бир ярим йилдан ошди. Аммо ҳамма ерда ҳам маҳаллий раҳбарлар бу борада жонбозлик кўрсатмоқдалар, дейиш қийин. Парламент аъзоларига тушаётган мурожаатларнинг кўпчилигини мутасаддилар ўз вақтида ҳал этишлари керак эди. Хизмат кўрсатиш, йўлларнинг ҳолати, ҳудудларни ободонлаштириш, бандлик ва бошқа соҳалардаги  муаммолар айнан лоқайдлик ва эътиборсизликдан келиб чиққан. Назаримда, халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида шу масалани кўтаришнинг ҳам пайти келди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Норинда муаммолар ўрганилмоқда was last modified: Май 24th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »