Парламент назорати: амалий натижаларга эришилади

30 Май, 15:36 • Депутатлик гуруҳи, Жиззах вилояти, Янгиликлар • 57 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламент назорати: амалий натижаларга эришилади нет

Жорий йил май ойининг сўнгги ўн кунлигида Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳлар бир қатор шаҳар ва туманларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказишди. Парламент аъзоларининг маҳаллалар, корхона ва муассасаларда фуқаролар билан учрашувлари мавжуд муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш орқали одамларни ҳаётдан рози бўлиб яшаши, фаровонликни таъминлашга хизмат қилмоқда. Ҳар бир ҳудудда ўрганишлар натижалари халқ депутатлари шаҳар, туман Кенгашлари сессияларида атрофлича муҳокама этилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланди.

Мазкур мулоқотда фаол иштирок этган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари белгиланган чора-тадбирлар бўйича, ўрганилган муаммолар ҳал этилиши юзасидан маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари билан биргаликда ижро назоратини олиб бормоқда.

Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Тўлқин Абдусатторов Зомин туманидаги “Нурликент” МФЙ, “Қудуқча”, “Узунқишлоқ” “Муғол”, “Бахматчойи” қишлоқларида фуқаролар билан суҳбатлашди.

“Ширин” ҚФЙда истиқомат қилувчи Муҳаммад Гадоев иссиқхона қуриш учун кредит олишда амалий ёрдам сўради, депутат аралашгач, “Микрокредитбанк” Зомин тумани филиали томонидан фуқарога 7 400 000 сўм кредит ажратилди.

“Узунқишлоқ” ҚФЙда яшовчи 1-гуруҳ ногирони Маҳмуд Худайназаровнинг ногиронлик аравачаси олиш масаласидаги мурожаати мутасадди муассаса билан ҳамкорликда ҳал этилди. “Бахматчойи” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаролар Абилқосим Берданов, Жамшид Акбутаев ва Нодир Сафаровлар ичимлик суви билан таъминлаш борасида кўмак сўрашди, туман “Сув-оқава” ДУК томонидан мазкур хонадонлардаги эски сув қувурлари янгисига алмаштирилди.

Шунингдек, фуқаролар мазкур қишлоқлар ички йўллари таъмирталаблиги боис, айниқса, куз-қиш мавсумида аҳоли ва транспорт воситалари учун ноқулайликлар юзага келаётганидан шикоят қилишди. Шу билан бирга, қишлоқ аҳолисининг туман марказига бориб-келишида ҳам муаммолар мавжуд. Негаки, туман маркази билан мазкур қишлоқлар орасида автобус қатнови йўлга қўйилмаган. Депутат ташаббуси билан йўловчи автобус қатновига доир вазифа 2018 йил IV чоракка мўлжалланган ҳудудий “йўл харитаси”га киритилди.

“Нурликент” маҳалласида яшовчи Санобар Тошбекова буйрак хасталигидан азият чекиб келаётганини баён этиб, республика марказий шифохоналарида даволаниш учун ордер олишда кўмак сўради. Кўрилган чоралар натижасида С.Тошбековага жорий йил II чораги охирига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан даволаниш учун йўлланма берилиши белгиланди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши Матбуот хизмати

Парламент назорати: амалий натижаларга эришилади was last modified: Июнь 2nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »