Парламент назорати: Косон туманида 17 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди

28 Май, 10:36 • Депутатлик гуруҳи, Қашқадарё вилояти, Янгиликлар • 33 марта кўрилди • Комментариев к записи Парламент назорати: Косон туманида 17 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди нет

Депутат ҳамда сенаторлар, туман фаоллари, корхона, ташкилот раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирокида ўтган халқ депутатлари Косон туман Кенгаши сессиясида соғлиқни сақлаш, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, коммунал хизмат, банк, йўл қурилиши, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари томонидан аҳолининг ўз турмушидан рози бўлиб яшаши учун ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадлари йўлида амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Сессияда қайд этиб ўтилганидек, уйма-уй  юриб уюштирилган жонли мулоқотлар давомида аҳоли вакиллари томонидан 411 та масала кўтарилди, ишчи гуруҳ штабида 70 нафар фуқаро қабул қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми ижтимоий йўналишда, хусусан, уй-жой, бандлик, таълим, савдо ва маиший хизмат, транспорт, йўл қурилиши масалаларига тааллуқли.

— Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан туман аҳолиси жуда яхши фойдаланяпти,-деди сессия ишида ишчи гуруҳ ўрганишлари юзасидан маъруза қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров.- Бугун барча соҳада кечаётган туб ислоҳотларнинг, аҳоли турмуш фаровонлигини янада юксалтиришга доир эзгу ишларнинг самарасини косонликлар ҳаёти мисолида ҳам кўриш мумкин. Биз ишчи гуруҳимиз аъзолари билан маҳаллаларга чиқиб, халқ билан юзма-юз мулоқотлар ўтказиб, бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилдик. Бироқ, туман ҳокимлиги тасарруфидаги айрим давлат ташкилотлари мутасаддиларининг ўз вазифасини виждонан адо эта олмаётгани одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётир. Хусусан, айни пайтда туман аҳолисини тиббиёт, коммунал соҳа, йўл, бандлик, хизматлари кўрсатиш қониқтирмаяпти. Бундан ташқари, Косон туманида одамларнинг, энг аввало, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда юзаки ёндашув кузатилаётгани янада ачинарлидир. Жойлардаги мулоқотлар жараёнида аҳоли ва тадбиркорларни ўйлантираётган масалалар юзасидан фикрлари эшитилди ва жойида ҳал этилиши мумкин бўлган бир қатор масалалар ўз вақтида ечимини топди. Масалан, ишчи гуруҳимиз аъзолари аралашуви туфайли 40 та кам таъминланган оилага газ баллонлари етказиб берилди. 6 та оилага эса ҳомийлар ёрдамида ун, ёғ ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари улашилди. 13 нафар имконияти чекланган шахслар даволаниши учун шифохонага ётқизилди. 17 нафар ишсиз фуқаролар турли соҳаларга ишга жойлаштирилди.

Сессияда туман аҳолисига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан ҳам мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилди. Ҳозирги кунда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасаларида 21 нафар шифокор етишмайди. Туманда умргузаронлик қилаётган 68 нафар ногиронлар эса ногиронлик аравачасига муҳтожлик сезаётир. Туман тиббиёт бирлашмасига қарашли 5 қаватли бинога эга бўлган марказий шифохона, поликлиника, 11 та ҚВП ва ҚОПлар капитал таъмирга муҳтож. Санитария ҳолатлари ҳам талабга жавоб бермайди. Тез тиббий ёрдам пунктлари ва ҚОПларга аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда 8 та тез тиббий ёрдам транспортлари етишмайди.

Туман бўйича 2018 йил 4 ойда 21 та гўдаклар ўлими қайд этилган бўлиб, бу ҳолат “Тайзан” ҚОПда 2 нафарга, “Шербек” ҚВПда эса 2 нафарга ошган.

Йиғилишда туман аҳолисига сифатли тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини йўлга қўйиш, фуқароларнинг  тиббий маданиятини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслиги эътироф этилиб, туман тиббиёт бирлашмасига бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб ҳамда унинг ижроси юзасидан бирлашма раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда тиббиёт ходимлари учун хизмат уйларини барпо этиш, ижтимоий дорихоналарни ташкил этиш ишларини жадаллаштириш лозимлиги халқ вакиллари томонидан мутасаддиларга уқтириб ўтилди.

Шунингдек, сессия кун тартибида қишлоқ хўжалигида кечаётган ислоҳотлар натижалари ҳам муҳокама этилди. Бугун Косонда 344 та кўп тармоқли фермер хўжаликлари фаолият олиб бормоқда. Аммо уларнинг фаолият йўналишлари асосан пахта ва ғалла етиштириш билан чекланиб қолаётганлиги ачинарлидир. Туманда жорий йил комплекс ривожлантириш дастури доирасида амалга ошириладиган 18 та лойиҳадан бугунги кунда атиги 3 таси амалга оширилганлигини қандай изоҳлаш мумкин. Энг аянчли томони шундаки, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш фаолияти билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ҳалигача  мавжуд эмас.

Сессия якунида сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Абдуғани Умиров халқ депутатлари туман Кенгаши фаолияти ҳам талаб даражасида эмаслигини қайд этиб ўтди.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Парламент назорати: Косон туманида 17 нафар ишсиз фуқаролар иш билан таъминланди was last modified: Май 29th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »