Сифатли уруғ – сердаромат ҳосил манбаи

11 Май, 17:31 • Қорақалпоғистон Республикаси, Муносабат, Янгиликлар • 65 марта кўрилди • Комментариев к записи Сифатли уруғ – сердаромат ҳосил манбаи нет

Мамлакатимиз иқтисодиётининг ҳар томонлама тараққий топиши, аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самараси билан бевосита боғлиқ  эканлиги барчамизга яхши маълум.

Бугунги кунда деҳқон-фермерларимиз эришаётган ютуқлар, қишлоқ жойларда аҳоли турмуш фаровонлигининг юксалишига, қишлоқда инфратузилманинг янада ривожланишига ва мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга имкон яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори юртимизда қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ва соҳа тараққиётини таъминлашнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.

Қарор билан танишар эканмиз, унда белгиланган вазифалар ўзининг аҳамияти ва зарурати жиҳатидан бугунги кунда ўта муҳим эканлигига ишонч ҳосил қиламиз.

Сабаби қарорда 2018 йил 1 сентябрдан
битта вилоятда ўнтадан кўп, битта туманда бештадан кўп бошоқли дон экинларининг районлаштирилган навларини, шунингдек, битта вилоятда бештадан кўп, битта туманда иккитадан кўп ғўзанинг районлаштирилган навларини жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги (синов ўтказиш учун жойлаштириладиган янги навлар бундан мустасно) белгиланганлиги, сифатли навларни сақлаб қолишга ва ҳосилдорликни оширишга қаратилган бўлса, бошоқли дон экинлари ва ғўза навларини синовдан ўтказиш муддати икки йилдан, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш муддати бир йилдан ошмаслиги эса ўз навбатида сифатли навларни тез фурсатларда синовдан ўтказиш, агар лозим топилса ҳаётга татбиқ этиш, селекционер олимларнинг масъулиятини янада оширишга қаратилган.

Шулар қатори қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларининг навларини (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно) мажбурий рўйхатдан ўтказиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экиш учун тавсия этилган Қишлоқ хўжалиги экинларининг давлат реестрига киритиш тўғрисидаги талаб ҳам  бекор қилинмоқда.

Қарорда уруғчилик соҳаси янги истиқболларининг аниқ ва равшан белгилаб берилганлигини кўришимиз мумкин.

Масалан бошоқли дон экинлари ва ғўзанинг уруғларини экспорт қилиш Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг хулосасига асосан Инновацион ривожланиш вазирлигининг қарори бўйича амалга оширилиши, ёки, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғларини экспорт қилиш учун махсус рухсатнома талаб қилинаётганлиги соҳа истиқболига хизмат қиладиган омиллардан ҳисобланади.

Ушбу қарор билан қишлоқ хўжалиги экинлари уруғларини импорт қилганда (бошоқли дон экинлари, ғўза ва картошка уруғлари бундан мустасно), агар синовдан ўтказишда қўлланилган талаблар Ўзбекистон Республикасида амалда бўлган шунга ўхшаш талаблардан паст бўлмаса, аккредитация бўйича халқаро аккредитация ташкилотлари аккредитация қилган хорижий лабораториялар томонидан ўтказилган қишлоқ хўжалиги экинларини синовдан ўтказиш натижалари тан олиниши, юртимизда импорт ҳисобида қабул қилаётган уруғларнинг маҳаллий уруғ навлари қаторида тан олинишига ва бемалол фойдаланишга имкон яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида Уруғчиликни ривожлантириш маркази (кейинги ўринларда Марказ деб юритилади) ташкил этилганлиги, қишлоқ хўжалиги экинлари, шу жумладан ғўза ва бошоқли дон экинларининг уруғларини тайёрлаш, фойдаланиш ва экспорт қилишнинг замонавий тизимини шакллантириш, маҳаллий ва хорижий селекция навлари, шу жумладан биотехнологик навларнинг бирламчи уруғчилигини ташкил этиш ва ривожлантириш, тармоқ корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги экинларининг экиладиган уруғларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш бўйича норматив талабларни халқаро стандартлар ва техник регламентларга мувофиқ ишлаб чиқиш каби қатор вазифаларни амалга ошириш ушбу марказ зиммасига юклатилаётганлиги, яқин келажакда мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг юксак тараққий этишидан далолат беради.

Энг асосийси, ушбу қарорда белгиланган барча вазифалар, партиямиз сайловолди дастурининг тўртинчи йўналишида белгиланган мақсад ва вазифаларимизнинг самарали ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Зулфия ҚУТИБАЕВА,

Халқ депутатлари Нукус шаҳар

Кенгаши депутати

 

Сифатли уруғ – сердаромат ҳосил манбаи was last modified: Май 11th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »