Сиёсий ўқувлар самарали фаолиятга ундайди

16 Май, 17:54 • Қашқадарё вилояти, Сиёсий ўқув, Янгиликлар • 28 марта кўрилди • Комментариев к записи Сиёсий ўқувлар самарали фаолиятга ундайди нет

Партия аъзолари ва фуқароларнинг сиёсий-иқтисодий, ҳуқуқий билимларини янада бойитиш, маҳалла фаоллари ўртасида ташкилий-партиявий, сиёсий-ғоявий ишларни шу кун талаблари асосида олиб бориш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Деҳқонобод туман Кенгаши саъи-ҳаракати  билан Қўрғонтош МФЙда сиёсий ўқув ташкил этилди.

Ушбу сиёсий ўқувда дастлаб, Президентимизнинг “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, шунингдек, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Обод қишлоқ” дастури мазмун моҳияти, қишлоқларни ободонлаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда келгусида қилиниши зарур бўлган ишлар хусусида сўз юритилди.

— Мазкур фармонда белгиланган вазифаларнинг ҳаётда ўз ижобатини топиши мамлакатимизнинг бутун иқтисодий тизимига, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, Ўзбекистонни демократик жиҳатдан янги босқичга кўтариш жараёнларига ҳам бевосита ва чуқур таъсир кўрсатади, -деди халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари Норминг Тўлаганов. -Энг аввало, мамлакатимизда ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан ҳисобланган иқтисодий ислоҳотларни янада кучайтириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда жамият ҳаётида ишбилармонликнинг ролини ва аҳамиятини ошириш долзарб вазифалардан биридир.

Жумладан, партиянинг туман Кенгаши раиси Жовли Сатторов маърузачининг фикрларини қўллаб-қувватлар экан, ушбу фармонни аҳолига кенг тушунтириш юзасидан тарғибот-ташвиқот ишларини янада жонлантириш лозимлиги ҳақида сўзлади.

— Партиямизнинг кўп минг сонли аъзолари, хайрихоҳлари ва партия ғоя ҳамда мақсадларига ишонган, содиқ юртдошларимиз олдидаги масъулият нақадар катта эканлигини чуқур ҳис этиш нуқтаи назаридан қараганда мазкур Фармон тадбиркорларимиз фаолият йўналишларини тубдан янгилаш, давр ва замон талаблари асосида қайта ташкил қилишни тақозо қилади. Бу ишда биз партия фаоллари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишимиз керак. Тадбиркорликнинг мамлакатимиз тараққиёти ва истиқболидаги ўрни ва ролини кучайтириш ҳамда  мустаҳкамлаш учун уларга ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалий ёрдам кўрсатишимиз ва қўллаб-қувватлашимиз  ҳам муҳимдир.

Шунингдек, тадбирда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни  қўллаб-қувватлаш йили” давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини назорат қилишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг олдида турган масъулиятли ишлар хусусида ҳам сўз юритилди. Ўзаро савол-жавоб, қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлган сиёсий ўқув давомида МФЙ раиси Махмуд Чоршанбиев, маҳалла фаоллари ва партия аъзолари номидан Комил Аллаёров ҳамда бошқалар ҳам кун тартибидаги масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини бирдирдилар.

Худди шу мавзудаги сиёсий ўқув партиянинг Муборак туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон МФЙда, партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши ташаббуси билан эса “Дарвозатутак” маҳалласида ташкил этилди. Муборак туманидаги уюштирилган тадбирда халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Зайнаб Ҳасанова, фаоллар Бахтиёр Жумаев, Собир Сариев, Қарши шаҳридаги “Дарвозатутак” МФЙдаги сиёсий ўқувда эса Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти докторанти, партия фаоли Хайрулла Давланов, фаоллар Гулноза Раджабова, Гулираъно Арсланова, Ханифа Панаевалар сўзга чиқдилар.

Дарвоқе партиянинг Шахрисабз туман Кенгаши фаоллари томонидан “Зиёкор” МФЙда ўтказилган “Ҳар қарич ер чинакам хазина” мавзуидаги сиёсий ўқув ҳам йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди. Унда сўзга чиққан халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Нажмиддин Маҳмудов Президентимизнинг шу йил 23 март куни бўлиб ўтган йиғилишдаги маърузасида белгиланган вазифалар хусусида фикр юритди.

— Ер бебаҳо хазина, -деди Н.Махмудов. -Унинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиб, экин-тикин ишларини вақтида бажариш даркор. Мўл ҳосил олиш катта даромад манбаидир.

— Ҳар бир оила ўз томорқасидан самарали фойдаланса, энг аввало, яхшигина фойдага эга бўлади, -деди партиянинг туман Кенгаши раиси Самариддин Зайниддинов. — Шунинг учун ҳам ҳар бир қарич ер ҳисобда, заминнинг умри беҳуда кетмасин. Ҳозир сабзавот, полиз ва бошқа экинлар экмасак,  кейин кеч бўлади. Йил давомида ердан бир неча марта ҳосил олиш эвазига ҳам оиламизга, ҳам мамлакатимизга фойда келтирамиз. Етти хазинанинг бири паррандачилик, асаларичилик, балиқчилик, қуёнчиликни ҳар бир оилада ташкил этиш мумкин. Иссиқхоналар қуриб эса, йил давомида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштирса бўлади.

Партия ташкилотлари томонидан уюштирилаётган бу каби сиёсий ўқувларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 26 апрель куни “Обод қишлоқ” дастурига мувофиқ қишлоқларни ободонлаштириш ишларини сифатли ташкил этиш ва жадаллаштириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида илгари сурилган вазифалар хусусида ҳам фикр-мулоҳаза юритилди.

Баҳс — мунозараларга бой тарзда ўтган сиёсий ўқувлар аҳоли ва партия аъзолари учун муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айниқса, янгидан тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ҳамюртларимиз келгуси фаолиятлари учун амалий дастур ва назарий билимларга эга бўлишди. Партия фаоллари ва ҳамкор ташкилотлар эса бундай сиёсий ўқувларни барча маҳаллаларда ўтказишга келишиб олишди.

Комил САХАТОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қашқадарё вилоят Кенгаши

Матбуот котиби

Сиёсий ўқувлар самарали фаолиятга ундайди was last modified: Май 16th, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »