Спорт – саломатлик гарови

22 Май, 11:03 • Тадбир, Тошкент вилояти, Янгиликлар • 39 марта кўрилди • Комментариев к записи Спорт – саломатлик гарови нет

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши ташаббуси билан “Фарзандлари соғлом юрт — қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида тумандаги 6-умумтаълим мактабида стол тенниси бўйича мусобақа ташкил этилди. Республика Ёшлар маркази билан ҳамкорликда ўтказилган учрашувда бир қатор 1, 2, 3, 6, 9, 13, 46-умумтаълим мактабларидан саралаб олинган иқтидорли ўқувчилар иштирок этишди.

Мусобақада ёшларни спортга жалб қилиш, уларни соғлом турмуш талаблари асосида тарбиялаш, ўқувчилар ўртасида стол теннисини ривожлантириш ҳамда мамлакатимизда спортнинг барча турлари бўйича яратилган имкониятлардан кенг фойдаланишга эътибор қаратилди.

Ёшлар спортини ривожлантириш мамлакатимизда ҳар томонлама баркамол авлодни вояга етказиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг устувор йўналишини ташкил этади. Республикамизнинг барча нуқталарида замонавий спорт объектларининг фаолият юритиши ҳам соғлом турмуш тарзини яратишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бу борада стол тенниси турли ёшдаги ўсмирларга мосдир. Одатда спортнинг бу тури билан мунтазам шуғулланиб келган инсонларда жасурлик, тезкор қарор бериш, ҳақиқатгўйлик, ўзига ишонч, топқирлик, тез фикрлаш, диққат, ирода ва яна бошқа бир қатор ижобий хислатлар мукаммал шаклланишида муҳим ўринга эгадир.

Вилоят Акромова, Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутати:

— Мазкур мусобақанинг ўтказилиши ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, соғломлаштириш тадбирлари орқали уларнинг саломатлигини янада мустаҳкамлашига кўмаклашиш ва турли касалликлардан муҳофаза қилишда аҳамиятлидир деб, ўйлайман. Партия томонидан ташкиллаштирилган спорт ўйинларида тумандаги кўплаб умумтаълим мактабларидан ўқувчиларнинг фаол иштирок этиши, уларнинг нечоғлик соғлом ҳаётга бўлган хайрихоҳликларидан далолатдир.

Стол тенниси мусобақасида ўғил болалар ва қизлар ўртасидаги ўртоқлик учрашувлари қизиқарли жараёнларга бой бўлди. Муросасиз кечган ўйинларда иштирокчилар ўзларининг бор маҳоратларини кўрсатишга ҳаракат қилишди.

Шохсанам Қаюмова, Қибрай тумани 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси:

— Бугунги иштирок менга тетикликн, ўзимни яхши ҳис қилишни ҳамда теран фикрлашни ҳадя этди. Шунингдек, ўйинлар жараёнида кўплаб дўстлар орттиришга эришдик. Албатта, партия ташаббуси билан спортнинг бошқа турларида ҳам манашундай мусобақалар ташкил этилишини истардик.

 Якуний натижаларга кўра, 1-умумтаълим мактабининг шижоаткор ўқувчилари 1-ўринга муносиб деб топилди. Шунингдек, 2-ўрин 14-умумтаълим мактаби ёшларига, 3-ўрин 17-мактабнинг ёш спортчиларига насиб этди.

Мусобақа сўнггида Тошкент вилояти болалар ва ўсмирлар мактаби, туман Халқ таълими бўлими вакиллари, Халқ депутатлари Қибрай тумани Кенгаши депутатлари  сўзга чиқишиб, фаол иштирок этган жамоаларни эришилган марра билан қутладилар. Ўз навбатида ғолибликни қўлга киритган ёшларга Ўзбекистон “Адолат” СДП Қибрай тумани Кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди.

Азамат АКРОМОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Қибрай тумани Кенгаши раиси

Спорт – саломатлик гарови was last modified: Май 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »