Тинчлик йўлида мақсадларимиз муштарак

21 Май, 11:10 • Муносабат, Тошкент шаҳри, Янгиликлар • 34 марта кўрилди • Комментариев к записи Тинчлик йўлида мақсадларимиз муштарак нет

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан илк расмий ташриф билан бу мамлакатда бўлганида томонлар кўплаб муҳим масалалар қатори Афғонистон муаммосига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Бу бежиз эмас, албатта. Яъни Марказий Осиёда барқарор ва изчил ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликка эришишга бевосита боғлиқ. “Афғон муаммоси”ни ҳал қилмасдан минтақанинг фаровонлигини таъминлаш мумкин эмас. Зеро, Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлиб келган ва шундай бўлиб қолаверади.

Шу сабабли Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш масалалари АҚШ ва Ўзбекистон Президентларининг диққат марказида бўлиб келмоқда.

Жорий йил март ойида АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Президентимиз Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳрида ўтказилган Афғонистон бўйича халқаро конференция арафасида мактуб йўллагани ҳам мана шу эътибордан шоҳидлик бериб турибди. Ва шуни ҳам мамнуният билан эътироф этиш жоизки, АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ҳамда фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Олий даражадаги учрашувлар чоғида ҳам Ўзбекистоннинг минтақавий иқтисодий жараёнларда муҳим роль ўйнаётгани эътироф этилиб, мамлакатнинг Афғонистон билан савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатлари олқишланди. АҚШ томони Ўзбекистон томонидан режалаштирилаётган Афғонистондаги темир йўл ва инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга сиёсий ва консультатив кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Халқимизда “Қўшнинг тинч – сен тинч”, деб бежиз айтишмайди. Дарҳақиқат, кейинги йилларда Ўзбекистон—Афғонистон муносабатларида кескин ижобий ўзгаришлар юз берди, ҳар томонлама ўзаро ҳамкорлик кучайди. Жумладан, икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Термиздаги божхона терминали билан халқаро логистика маркази ташкил этилди. “Термиз — Ҳайратон — Мозори Шариф” темир йўлининг ишга туширилиши натижасида юзлаб янги иш ўринлари яратилди. Афғонистонни темир йўл бўйлаб иш билан таъминлашнинг ўсиш суръати йилига 10-11 фоизни ташкил этди ва бу 2008 йилга нисбатан иш билан бандликнинг икки баравар кўпайишига имкон берди.

Ўз навбатида, янги “Мозори Шариф – Ҳирот” темир йўл лойиҳасининг амалга оширилиши Афғонистонни иқтисодий тиклашга катта ҳисса қўшади. Таълим соҳасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан Термиз шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази ташкил этилди.

 Ҳозирги кунда марказда «Ўзбек тили ва адабиёти» мутахассислиги бўйича юзга яқин талаба таҳсил олмоқда. Ўқиш муддати – 2 йил, битирувчиларга бакалавриат дипломи берилади.

Темир йўл транспорти ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги мутахассисларни тайёрлаш ҳам таълим маркази фаолиятининг истиқболли йўналиши сифатида белгиланган.

Бизни мамнун этган яна бир жиҳат шу бўлдики, ташриф давомида Афғонистон билан чегаралар хавфсизлигини таъминлаш ҳамда гиёҳвандлик воситалари ноқонуний айланишининг олдини олишда Ўзбекистон ва АҚШ яқиндан ҳамкорлик қилади. Бундай ҳамкорлик эса бутун минтақамиз хавфсизлигини таъминлашга, халқларнинг тинч-фаровон ҳаёт кечиришига катта ҳисса бўлиб қўшилади, албатта.

Тошпўлат МАТИБАЕВ,

халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати

 

 

Тинчлик йўлида мақсадларимиз муштарак was last modified: Май 22nd, 2018 by matbuot

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

« »